Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ туманида 15 ёшли қиз ўз отасидан ҳомиладор бўлиб қолди. Бу ҳақда қизнинг онаси ва жабрланувчининг ўзи Sirojiddin Media YouTube-каналига берган интервьюсида маълум қилди.

Аёлнинг айтишича, эри қизини икки йил давомида зўрлаб келган.

«Қизимнинг ўзи менга айтди. 7 сентябрь куни соат 13:00 — 14:00 атрофида, мен ишда эдим, тушликка чиққандим, телефон қилди. Телефонда: „Дадам мени шунақа-шунақа қиляпти, зўрлаган“, — деб айтди. Кейин мен: „Йўқ, бўлиши мумкин эмас, нима деяпсан?“ — деб ҳозир қаердасан, деб сўрадим. Мактабдан чиққандан кейин бегона рақамдан телефон қилган, ўша ердаман, деди. „Синглинг билан уйга бор“, — дедим. „Уйга борсам дадам мени ўлдиради“, — деб айтди у», — дейди жабрланувчининг онаси.

Унинг сўзларига кўра, қизи бир ҳафта аввал ҳам унга ҳодиса ҳақида айтишга ҳаракат қилган, бироқ у бунга эътибор қаратмаган. Бу ҳақда ярим йил муқаддам қўшнилари ҳам огоҳлантирган.

Қайнонаси аёлга маҳаллада шарманда бўлмаслик учун бу воқеани ҳеч кимга айтмасликни айтди.

9 сентябрь куни она қизи билан ишга бормоқчи бўлган, лекин эри иккаласини ҳам калтаклайди. 10 сентябрь куни аёл ҳам қизисиз яна ишга кетади, чунки эри уни уйда қолдиришга кўндиради. Кейинчалик маълум бўлишича, ўша куни отаси яна қизини зўрлаган.

Қизнинг онаси эри ўлдириб қўйишидан қўрққани учун ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига боришни хоҳламаган.

11 сентябрь, шанба куни аёл ва унинг қизи аввал Тошкент тиббиёт академияси клиникасига боришади, у ерда қизнинг ҳомиладорлигини тасдиқланади, кейин эса ҳокимликка мурожаат қилишади. У ҳокимнинг аёллар масалалари бўйича ўринбосари билан учраша олмайди, лекин у бутун воқеани ҳокимнинг бошқа ўринбосарига айтиб беради. Туман маъмурияти бошлиғи ўринбосари аёлдан ҳокимликда қолишни сўрайди ва профилактика инспекторини чақиради. Уа, ўз навбатида, уларни Ички ишлар бўлимига олиб боради ва у ерда ариза ёзишади.

Суд -тиббий экспертизаси 13 сентябрь куни ўтказилган, аммо ҳозирча жавоб берилмаган.

Қизнинг айтишича, отаси уни биринчи марта 13 ёшида зўрлаган. Ҳозир 8 ҳафталик ҳомиладор.

У қаергадир мурожаат қилишдан қўрққан. Чунки отаси уни доимо қўрқитган ва сим билан урган, шу жумладан кенжа эгизак қизларини ҳам. «Қўрқитарди. Ўлдираман, ўлигингни ҳеч ким тополмайди, дерди», — дейди қиз.

Интервью муаллифи бир неча марта қиздан нима учун ҳеч кимга айтмаганини сўради.

«Сиз 13 ёшимдан бери, деяпсиз. Хўп, майли, ўша пайтда кичкина бўлгансиз, айта олмагансиз. Мана, 15 ёш бўлдингиз. Кейин айтдингиз. Биринчи марта бўлганида бақир-чақир қилишингиз мумкин, қўшнилар эшитиши мумкин. Билмадим, бир нарса деёлмай қоляпман», — дейди бошловчи.

Қиз бир йигит билан учрашгани, бироқ у билан жинсий алоқа бўлмаганини айтди.

Бош прокуратура матбуот хизматининг «Газета.uz»га хабар қилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 128-модда 2-қисми (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) бўйича жиноий иш қўзғатилган. Ҳозирги вақтда гумондор қўлга олинган, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қизнинг онаси, шунингдек, эри лупасига тегингани учун омбур билан ўғлининг жимжилоқ бармоғининг тирноғини суғуриб олганини маълум қилди. Ушбу иш ҳокимликда ички ишлар органлари иштирокида муҳокама қилинган. Аёл чора кўришни сўраганида, эрига нисбатан 171 минг сўм жарима тайинланган.

Бироқ жаримани аёлнинг ўзи тўлаган. Чунки эри ишсиз (охирги марта у 2014 йилда пахтани қайта ишлаш заводида ишлаган) ва оилани боқиш аёлнинг зиммасида бўлган.

«Мен ишга эрталабки 6:30 да кетаман ва кечки 8−9−10 да, баъзида ярим тунда ёки 2 да қайтаман. Мен уй ишида ишлайман», — дейди у.