«Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш» ДУК томонидан 2019 — 2020 йиллар давомида давлат харидлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини икки марта бузган. Бу ҳақда Монополияга қарши курашиш қўмита матбуот хизмати компаниянинг Бухоро ҳудудий бошқармасининг ушбу даврдаги ҳужжатларини ўрганиш натижалари бўйича хабар берди.

Мазкур корхона томонидан 2019−2020 йиллар мобайнида ўз эҳтиёжи учун товарларни (қурилиш материаллари, эҳтиёт қисмлар, хўжалик моллари, дизель ёнилғиси, канцелярия моллари, мебел анжомлари, йўл белгилари ва бошқа маҳсулотлар) харид қилишда ва объектларда бошқа корхоналарга тегишли бўлган машина-механизм ва автотранспорт хизматларидан фойдаланишда вилоят ва республика ҳудудида фаолият олиб бораётган бошқа корхоналар билан икки томонлама тузилган шартномалар асосида олиб борилган.

«Давлат харидлари тўғрисида"ги қонунда давлат буюртмачиси давлат харидларини амалга оширишда махсус ахборот порталига эълон жойлаштириши шартлиги, давлат харидлари электрон дўкон, аукцион, танлов ва тендер асосида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилган.

Бироқ Бухородаги бюджет ташкилоти 2019 йилда 31,4 млрд сўмдан зиёдроқ, 2020 йилда эса 33,4 млрд сўмдан ошиқроқ қийматдаги товарларни аукцион савдоларисиз, хизматларни танлов (тендер) савдоларисиз тўғридан-тўғри харид қилиш бўйича шартномалар имзолаб, харидларни амалга оширгани қайд этилди.

«Рақобат тўғрисида» ги қонуннинг 14-моддаси (Танлов (тендер) савдоларига доир монополияга қарши талаблар) талабларини бузганлиги учун Монополияга қарши қўмита Бухоро ҳудудий бошқармасининг махсус комиссияси ««Бухоро йўллардан мунтазам фойдаланиш»га қарши иш қўзғатди.