Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашув чоғида президентликка бошқа номзодлар ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП ахборот хизмати хабар берди.

«Ҳар куни рақиблардан ҳам кўп нарса ўрганишимиз керак. Нимага десангиз, фақат Мирзиёевнинг фикри ёки фақат бизнинг партиянинг фикри тўғри эмас. Улардан ҳам ўрганишимиз керак. Бир хиллар чиқиб айтяпти, „бу „Темир дафтар“ нотўғри бўлди, „Аёллар дафтари“ нотўғри бўлди“… Ҳали улар ҳаётни билмайди-ку. Мен уларни ёмонламоқчи эмасман», — деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарининг қўшимча қилишича, бу унинг «пешона тери билан халқнинг дардига етказиб борадиган» тизим.

«Агар у дафтар бўлмаганда коронавирусда кимга берардик ёрдамни? Агар „Темир дафтар“ бўлмаганда у бечора оилага ким бориб қарарди?», — дея қўшимча қилади у.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда бундай тизим бўлмаганини таъкидлади.

«Юраверардик „ҳамма зўр, фалон фоиз“, деб қарсак чалиб. Секин-секин мана… Сектор деган нарса йўқ эди-ку. Прокурор пастга тушармиди, „мана мен туман…“. Ўўў, ғўддайган, қанақа ғўддайган эди прокурор? У билан гаплашиб бўлармиди? Мана ҳозир одам бўлиб қолдику, мулойимгина одам экан ҳаммаси», — дейди у.

«Микрофон кўтарган аёл» Telegram-каналининг хабар беришича, UzReport телеканалида ХДПдан президентликка кўрсатилган номзод Мақсуда Ворисова «аёллар дафтари яхши ташаббус бўлгани, бироқ уни жойларда тўғри тушуниб, ишни тўғри ташкил қилишганми, деган саволлар очиқ қолганини» айтган.