Давлат раҳбари ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёев сайловчилар билан учрашиш учун Наманган вилоятига амалга оширган ташрифи доирасида Наманганда янги шаҳарча ва боғ қурилиши лойиҳалари билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар қилди.Мазкур лойиҳа учун Давлатобод туманининг Юксалиш ҳамда Тўрақўрғон туманининг Еттикон маҳаллалари ҳудудидан 1 минг 371 гектар ер ажратилган. У ерда 410 та кўп қаватли уй, 7 та мактаб, 4 та болалар боғчаси, шунингдек, кўплаб инфратузилма иншоотлари барпо этилиши режалаштирилган.

Бу борадаги ишлар аллақачон бошланган бўлиб, Юксалиш маҳалласидаги бунёдкорлик унинг биринчи босқичи ҳисобланади. 2018−2021 йилларда амалга оширилган бу босқич доирасида 71 та кўп қаватли уй қурилди. «Юксалиш», «Ёшлар» ва «Кушон» кичик саноат зоналари ташкил этилди. Жорий йил охиригача яна 11 та уй бунёд этилади.

Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2022−2024 йилларга мўлжалланган. Бу бўйича Bukhara City лойиҳасини ишлаб чиққан Туркиянинг Studio Vertebra компанияси томонидан бош режа ишлаб чиқилган.

Давлат раҳбарига мазкур бош режа ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, иккинчи босқичда 30 минг хонадондан иборат 16 ва 24 қаватли уйлар, мактаб ва боғчалар, шифохона, спорт мажмуалари, масжид, кутубхона, IT-парк, меҳмонхона, бизнес маркази, савдо ва сервис объектлари қад ростлайди.

Шунингдек, 95 гектар ерда «Янги Ўзбекистон боғи» барпо қилинади. 2022 йилда қуриб битказиладиган мажмуада Наманган рамзи бўлган гуллар боғи, сунъий кўл, фавворалар, 1 минг 500 ўринли амфитеатр, автотураргоҳ, савдо шохобчалари ташкил этилади.

«Лойиҳанинг 2024−2026 йилларга мўлжалланган учинчи босқичи ҳам бор. Мазкур „ақлли“ шаҳарча тўлиқ қуриб битказилганда аҳолига шу ернинг ўзида яшаши, ишлаши ва дам олиши учун барча қулайликлар яратилади. Натижада 2026 йилга бориб Наманган бир миллион аҳоли истиқомат қиладиган йирик шаҳарга айланади», — дейилади хабарда.

Наманган вилоятидаги «Янги Ўзбекистон» боғи концепцияси.

Худди шундай «Янги Ўзбекистон» боғи жорий йилда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида очилган эди. Президент таклифига биноан у Ўзбекистонни ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешта устувор йўналишини ифодаловчи улкан дарахтнинг бешта шохи кўринишида барпо этиллган. У ерда Ҳумо қуши кўринишидаги Мустақиллик мажмуаси ҳам қад ростлаган.

Таққослаш учун: Тошкент вилоятидаги «Янги Ўзбекистон» боғи концепцияси.

Шавкат Мирзиёев сайловолди дастурида айтилишича, «Янги Ўзбекистон» боғидан намуна олиб, барча ҳудудларда майдони камида 50 гектар бўлган боғларни қуриш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, шаҳар ва вилоят марказларида ҳар 50−100 минг аҳолига битта ҳисобида жамоат боғларини ташкил этиш режалаштирилган.