«Миллий тикланиш» демократик партиясидан номзод Алишер Қодиров 27 сентябрь куни Сурхондарё вилоятидаги сайловчилар билан учрашув чоғида маҳаллаларга жуда кўп вазифалар юклатиб юборилаётганини таъкидлади. Бу ҳақда партия матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Кейинги пайтларда маҳаллага жуда кўп вазифаларни юклаб юборяпмиз. Маҳалла аслида одамларни бирлаштирадиган, маслаҳат, мулоқот қиладиган маскан бўлиши керак», — деди у.

Президентликка номзоднинг таъкидлашича, маҳаллалар ҳокимиятга ҳақиқий тавсияларини, таклифларини берадиган идорага айланиши керак. «Шу маънода, бизнинг маҳаллага алоҳида эътибор қаратиб, асл ҳолига қайтариш режаларимиз бор», — дея қўшимча қилди у.

Февраль ойида Шавкат Мирзиёев Халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши сессиясида «маҳалла ташаббускор, маҳалла раиси ислоҳотчи» дея таъкидлаган эди.

«Маҳалла раиси олдингидек тўй-у томошаларда одамлар кутиб, кузатадиган одам эмас. 775 та маҳаллада раислар ўзини муносиб кўра оладими?», — деган эди давлат раҳбари.

Апрель ойида эса Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятида маҳаллабай ишлаш бўйича янги тажриба амалга оширилиши ҳақида маълум қилган.

«Янги тизимда, туман (шаҳар) ҳокимининг биринчи ўринбосари структурасида, Маҳаллабай ишлаш маркази ташкил этилади ва марказда ҳар учта маҳаллага биттадан инспектор бириктирилади. Инспекторлар маҳалла раисининг тадбиркорлик ва томорқа бўйича ўринбосари билан ёнма-ён туриб, кечаю-кундуз ишлайди. Улар энди бюджетдан ойлик олиб, маҳаллада иш жойи ташкил этиш билан доимий равишда шуғулланади. Бу „Самарқанд тажрибаси“ бўлади», — деган эди у.