Ўзбекистоннинг амалдаги президенти, ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев фарғоналик сайловчилар билан учрашув чоғида Фарғона шаҳрида 300 гектар майдонда 40 минг аҳолига мўлжалланган замонавий «Эко шаҳар» барпо этишни таклиф қилди. Бу ҳақда ЎзЛиДеП ахборот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, бунда 25 қаватгача бўлган уйлар, ижтимоий инфратузилма объектлари, 70 гектар майдонда «Янги Ўзбекистон» боғи бунёд қилинади.

Шу билан бирга, шаҳарда ҳар йили 1 млн дан дарахт экиб, Фарғонанинг «яшил шаҳар» мақомини қайта тикланиши айтилди.

Аввалроқ, Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашувда ҳам вилоятда «Янги Ўзбекистон» боғини қуришни таклиф қилган эди. У Тошкент вилоятида барпо қилингани каби Ўзбекистонни янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясини ифодаловчи дарахтнинг бешта шохи кўринишида бунёд этилади. Шунингдек, «Янги Наманган» шаҳарчасини қуриш ҳам режалаштирилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида айтилишича, «Янги Ўзбекистон» боғидан намуна олиб, барча ҳудудларда майдони камида 50 гектар бўлган боғларни қуриш мўлжалланмоқда. Бундан ташқари, шаҳар ва вилоят марказларида ҳар 50−100 минг аҳолига битта ҳисобида жамоат боғларини ташкил этиш режалаштирилган.