YouTube сайлов натижаларига шубҳа туғдирадиган контентни жойлаштиришни тақиқлади

YouTube видео хизмати сайловлар тўғрисида нотўғри маълумотларни ўз ичига олган контентни, шунингдек, сайлов натижаларига шубҳа туғдирадиган видеоларни жойлаштиришни тақиқлади. Бу компания томонидан эълон қилинган янгиланган хизмат кўрсатиш қоидаларида кўрсатилган.

Янги қоидаларда таъкидланишича, «сайловчиларни йўлдан оздириш» қатъий ман этилади. «Бунга овоз бериш вақти, сайлов участкасининг манзили, овоз бериш усуллари ёки унда қатнашиш шартлари каби ноаниқ маълумотларга эга бўлган контент киради. Бундан ташқари, овоз беришга жиддий халақит берадиган нотўғри маълумот тарқатиш тақиқланади», дейилади компания хабарида.

Шунингдек, номзодларга қўйиладиган талаблар тўғрисида нотўғри маълумотлар жойлаштириш тақиқланади. Гап амалдаги маҳаллий қонунчилик билан тартибга солинадиган талаблар ҳақида кетмоқда, масалан, номзоднинг ёши ва фуқаролиги", дейилади қоидаларда.

Бундан ташқари, «сайлов натижаларини шубҳа остига қўядиган» контент компания томонидан чекланади. «Бунга ўтган ҳар қандай умумий сайловлар натижаларига катта миқдордаги сохталаштириш таъсир кўрсатди, деган нотўғри даъволар, якуний натижалар расман тасдиқланганидан кейин тизимларнинг ишлашидаги хатолар ёки техник носозликлар тўғрисида материаллар киради», дейилади хабарда. Аниқлик киритилишича, бу қоида ҳозирда «AҚШнинг барча ўтган президентлик сайловларига, шунингдек, Германияда 2021 йилги парламент сайловларига» тегишли.

Шунингдек, янги қоидалар «демократик жараёнларни бузишга чақириқлар — томошабинларни овоз беришга тўсқинлик қилишга ёки унинг тартибини бузишга ундайдиган контент»ни жойлаштиришни тақиқлайди. Компаниянинг хабар беришича, бундай видеолар ўчириб ташланади, муаллифлари эса бу ҳақда электрон почта орқали хабардор қилинади.


Таиланднинг Бангкок ва бошқа 9 та провинцияси 1 ноябрдан бошлаб эмланган сайёҳлар учун очилади

Таиланд расмийлари коронавирусга қарши эмланган чет эллик сайёҳларни Бангкок ва мамлакатнинг бошқа тўққизта вилоятига 1−30 ноябрь кунлари карантинсиз киришига рухсат беришни режалаштирмоқда. Маълум қилинишича, вилоятларнинг бутун ҳудуди эмас, балки сайёҳлар учун фақат махсус белгиланган «туристик зоналар» мавжуд бўлади. Таиланд расмийларининг режасига кўра, бу Краби ва Пхангнга, Чиангмай, Хуахин, Паттайя, Ча-Ам, Бурирам, Ко Паям ва бошқа жойлардир.

1 декабрдан 31 декабргача сайёҳлар учун яна 20 та провинция очилиши режалаштирилган. Буларга Аюттая, Чианграй, Кхон Каен, Лампхун ва бошқа ҳудудлар киради. 1 январдан ҳукумат чегара вилоятларини очишни бошлайди.

Бундан ташқари, 1 октябрдан Таиландга кириб келаётганлар учун мажбурий карантин муддати — эмланган сайёҳлар учун етти кунгача ва эмланмаган сайёҳлар учун 10 кунгача қисқартирилади. — Bangkok Post.


«Толибон» қирол Зоҳир Шоҳ давридаги конституциядан фойдаланади — ОАВ

«Толибон» Афғонистоннинг сўнгги қироли Муҳаммад Зоҳир Шоҳ ҳукмронлиги давридаги (1933−1973) конституцияга вақтинча амал қилади. Бу ҳақда адлия вазири в.б. этиб тайинланган Aбдул Ҳаким Шариа маълум қилди, деб ёзади ТАСС Amadnews’га таяниб. Ҳукумат вакилининг аниқлик киритишича, конституциядан шариат қонунларига зид бўлган низомлар истисно қилинади.

Aфғонистонда мустақилликка эришганидан, яъни 1919 йилдан буён етти марта конституция ўзгарди. «Толибон» ҳокимиятга келишидан олдин мамлакатда 2004 йилда қабул қилинган конституция амал қилганди.

1964 йилда Лоя жирга (Бутун Aфғонистон оқсоқоллар кенгаши) Заҳир Шоҳ раислигида Aфғонистоннинг янги Конституциясини тасдиқлаганди. Ушбу асосий қонун мамлакат тарихидаги энг демократик конституциялардан бири ҳисобланади. Ушбу ҳужжатда диний меъёр ва маросимларга риоя қилиш мамлакат аҳолиси учун мажбурий эмаслиги белгиланган. Бундан ташқари, бир қанча ижтимоий аҳамиятга эга бўлган соҳаларда, жумладан, суд тизимида диний раҳбарларнинг роли чекланган эди. Шу билан бирга, Aфғонистон парламенти биринчи марта ҳукуматга ишончсизлик вотумини билдириш ҳуқуқига эга бўлган.

Шунингдек:

  • Кобул университетининг янги ректори Муҳаммад Aшраф Ғайрат аёлларга «ҳақиқий исломий тартиб» ўрнатилмагунча, бу муассасада ўқитиш ёки ўқиш тақиқланганини эълон қилди. «Мен сизга ўз сўзларимни Кобул университети ректори сифатида етказаман. Ҳақиқий исломий муҳит ҳамма учун таъминланмагунча, аёлларга университетларга киришга ёки у ерда ишлашга рухсат берилмайди. Aввал Ислом!» — деди ректор.
  • Кобул мэри Ҳамдуллоҳ Номанининг маълум қилишича, Aфғонистон пойтахти тез орада сувсиз қолиши мумкин. Унинг сўзларига кўра, бу ҳолат бир неча ўн йиллар давом этган қуролли тўқнашувлар, глобал иқлим ўзгариши ва сув таъминоти тизимининг ёмон бошқарилиши натижасида юзага келган. «Сув етишмовчилиги кундан-кунга кескинлашиб бормоқда. Биз шаҳар бутунлай сувсиз қолишидан қўрқамиз», — деди шаҳар мэри. Номанининг айтишича, ҳукумат инқирозни ҳал қилиш учун етказиб берувчи компаниялар билан музокара ўтказишни режалаштирмоқда.

Японияда COVID-19 туфайли жорий этилган фавқулодда ҳолат режими бекор қилинади

Японияда 1 октябрдан бошлаб COVID-19 коронавирус пандемияси муносабати билан жорий этилган фавқулодда ҳолат режими бекор қилинади, чекловлар эса аста-секин олиб ташланади.

«Коронавирусга қарши курашимиз янги босқичга ўтмоқда. Ниҳоят, биз ижтимоий ва иқтисодий фаоллигимиз нормал ҳолатга қайтаётганини кўришимиз мумкин», — деди Япония бош вазири Ёсихидэ Суга. Унинг таъкидлашича, вирус тарқалиши муносабати билан қўйилган чекловлар босқичма-босқич олиб ташланади ва ҳукумат COVID-19 билан курашиш учун вақтинчалик даволаш муассасаларини очади ҳамда аҳолини эмлашни давом эттиради.

Японияда фавқулодда ҳолат режими олти ойдан кўпроқ вақт давомида амал қилмоқда. Ҳозирги вақтда у мамлакатнинг 47 та префектурасидан 19 тасида жорий қилинган. — Associated Press (AP).


Шунингдек:

  • Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон Aфғонистон билан чегарадош Дарвоз вилоятида ҳарбий хизматчилар, чегарачилар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари парадини қабул қилди. Тадбирда 2 минг нафар аскар ва зобит, 50 та ҳарбий техника қатнашди.
  • AҚШ президенти Жо Байден душанба куни COVID-19'га қарши вакцинанинг учинчи, бустер (қўшимча) дозаси билан эмланди. Ўтган йилнинг декабрь ойида Байден Pfizer ва BioNTech компанияларининг вакцинаси билан эмланган эди.