Ўзбекистон фуқаролигига эга бўлган шахсларга, иккинчи фуқароликни олган тақдирда, давлат органларига бу ҳақда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик белгиланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзоси Фарҳод Ашматов хабар берди.

Таъкидланишича, амалдаги қонунчиликда Ўзбекистон ваколатли органларига Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролигини қабул қилиш ҳолатларини аниқлаш вазифаси юклатилган, аммо фуқароларнинг ушбу факт юзасидан давлат органларига хабар бериш мажбурияти мавжуд бўлмаган.

«Ана шундай муаммоларнинг олдини олиш ва келгусида бу каби ҳолатларга йўл қўймаслик ва фуқароларнинг бу борадаги масъулиятини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 24 августдаги ялпи мажлисида депутатлар томонидан «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонуни лойиҳаси иккинчи ва учинчи ўқишда бир овоздан маъқулланди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, қонун амалиётда Ўзбекистон фуқароларининг фуқароликдан чиқмасдан туриб чет давлат фуқаролигини олишлари билан боғлиқ бўлган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилган:

  • Ўзбекистон фуқаролигида бўлган ва чет давлат фуқаролигини олган шахсларни, чет давлат фуқаролигини қабул қилган кундан бошлаб ўттиз календарь куни ичида хабар бериш тартиби жорий қилинади;
  • Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги хақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик киритилади;
  • Ўзбекистон фуқаролиги тугатилган шахс томонидан, Ўзбекистон фуқаролиги паспорти ёки идентификация ID-карталаридан фойдаланганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди;
  • Давлат хизматчилари ёки ҳокимият вакили вазифаларини бажарадиган ёки давлат органларида ташкилий-бошқарув ёхуд маъмурий-хўжалик функцияларни бажарадиган Ўзбекистон фуқаролари томонидан чет давлат фуқаролиги олганлиги ҳақида белгиланган муддатда хабар бермаганлиги учун жавобгарлик белгиланди.

Хабарга кўра, қонун имзоланиб кучга кириши билан Ўзбекистон фуқаролиги билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқишдаги ҳуқуқий бўшлиқ бартараф этилади. Чет давлат фуқаролигини қабул қилганлиги ҳақида ўз вақтида хабар бермаганлиги учун жавобгарликни белгилаш орқали, Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, давлат хизматчиларининг масъулияти оширилиши кўзда тутилган.

Ўзбекистонда икки фуқаролик билан боғлиқ юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларнинг олди олинади, соҳага доир ҳуқуқни қўллаш амалиётининг аниқ ва бир хилда бўлиши таъминланади, дейилади хабарда.