«Газета.uz» Ўзбекистоннинг турли ҳудудларидан Тошкентга келиб, ўз ҳаётини қураётган, ўқиётган ва ишлаётган қизлар билан пойтахтдаги ҳаёт, иш фаолияти ва жамиятда аёлларнинг ўрни ҳақидаги суҳбатнинг 2 қисмини эълон қилади.

«Энг ачинарлиси, баъзи қизлар нега университетда таҳсил олишаётганларини чуқур англаб етмайдилар» — Дилафруз Абдинабиева

Дилафруз Абдинабиева 1997 йили Самарқанд вилоятида туғилган. Умумий ўрта таълимни дастлаб Тошкент шаҳридаги 201-мактабда, сўнгра Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети қошидаги 2-сонли академик лицейда олган. У ЎзДЖТУда бакалавр дипломини олгач, Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг магистратура босқичида таҳсилни давом эттирди. Бугунги кунда Дилафруз Абдинабиева фрилансер сифатида маркетинг, брэндинг ва PR соҳаларида фаолият юритмоқда.

— Мактаб ёшларимда пианино чалишга ва либослар дизайни дарсларига қатнардим. Моҳир созанда ёки малакали дизайнер бўлишни ният қилардим. Онам эса мени фан ўқитувчиси бўлишимни жуда ҳам хоҳлаганлар, шу сабаб эрта ёшимдан махсус устоздан инглиз тили дарслари ола бошлаганман. Оиламиздаги муҳит фақат таълим олишга йўналтирилганди, бувим мени профессор бўлишимни хоҳлаганлар. Кичик ютуғимиз ҳам катта рағбатлантирилган. Шу муҳит ичида улғайдим.

Лекин вақт ўтгани сайин қизиқиш, эҳтиёж ва талаблар ўзгариб борар экан. Юқори синфда ўқиб юрганимда информацион технологияларга қизиқишим ортди. Дарслар давомида ўз сайтимизни яратганмиз. Бу мактаб ёшидаги ўспирин учун ҳақиқий муваффақият бўлса керак. Ана шу қизиқиш ва шижоат мени гуманитар фанларда бакалавр даражасини қўлга киритишимга қарамай, рақамли касбларда фаолият бошлашимга туртки бўлди.

Қизларнинг ўқиш даврида турмушга чиқишларига бир нечта омиллар таъсир қилади. Турмуш қуриш баъзи қизларнинг асосий суҳбат мавзусига айланиб қолади. Мен бунга уйдаги муҳит сабабчи деб ўйлайман: жойи чиққанида тезроқ беришни исташлари, қизларининг ёшидан хавотир олишлари ва қизларига илм олишлари учун манфаатли бўладиган нарсалардан кўра кўпроқ сарпо йиғиб боришлари, буларнинг барчаси қизларнинг онгига ҳам таъсир қилади. Энг ачинарлиси, баъзи қизлар нега университетда таҳсил олишаётганларини чуқур англаб етмайдилар.

Иккинчи босқичда ўқиб юрганимда менда ҳам шундай ҳолат бўлган. Аммо ота-онам ўқиш билан турмушни бир пайтда эплай олишга тайёр эмаслигимни, ҳаётда ҳали ўз йўлимни топишим кераклигини тушунган ҳолда, менинг қароримни қўллаб-қувватлашган.

Иш жойимда қиз-йигит аралаш ишлаймиз. Ёш жамоа. Барчасининг дунёқараши кенг, зиёли инсонлар. Шу сабаб аёл кишига нисбатан адолатсизлик каби ҳолатлар кузатилмайди. Ҳамма бир-бирини ҳурмат қилган ҳолда, тенгликда фаолият юритамиз. Бунга балки менинг соҳамда аёллар улушининг кўпроқ эканлиги ҳам сабабдир.

Ҳар бир қиз танлов ҳуқуқига эга бўлишини: у илм йўналишини танлайдими, бирор касб ёки турмушни асосий ўринга қўядими, бу унинг ўз ҳаёт йўли бўлиши ва бу танловлар ичида унинг фикри инобатга олинган ҳолда, қўллаб-қувватлашланишини хоҳлардим. Бунинг учун эса ўз тенгдошларимга, опа-сингилларимга ҳаётда яшашдан ўз мақсадларини аниқлаштириб олишларини маслаҳат берардим. Эртага орадан 5 йил ўтгач ўзларини қаерда ва қандай аҳволда кўришларини чуқур ўйлаб кўрган ҳолда, ҳаёт йўлларини давом эттиришларини сўраб қолардим.

«Жамиятимизда қиз ва аёлларнинг, уларнинг қобилият ва маҳоратининг қадрсизланиши менга ёқмайди» — Азиза Аҳмедова

Азиза Аҳмедова 1993 йили Тошкент шаҳрида туғилган. У Учқудуқ шаҳридаги 3-сонли мактабда таҳсил олган. Ўрта маълумотни Навоий давлат педагогика институти қошидаги 3-сонли академик лицейда олган. Бакалавр босқичини Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида тамомлаган. Азиза Аҳмедова 3 йил давомида Ташқи ишлар вазирлигида фаолият олиб борган. Ҳозирда Азиза Москва давлат халқаро муносабатлар институтининг Тошкентдаги филиалида «Менежмент» дастури бўйича магистратура босқичида ўқимоқда.

— Тошкентда туғилган бўлсам-да, Навоий вилоятининг кичик шаҳарчаси — Учқудуқда катта бўлганман. Болалигимдан хореография билан шуғулланардим, шаҳардаги тадбирларда бошловчи бўлганман, ҳатто томошабинлар билан тўлган стадионда ҳам ишонч билан чиқишлар қилардим. 3-сонли мактаб-гимназияда ўқиш пайтида мактаб фаолларидан эдим: бирорта мактаб концерти ёки тантанали маросими менсиз ўтмасди. Мен синфнинг барча очиқ дарсларини тайёрлаш ва ташкил қилишда иштирок этардим, шу билан бирга зийрак ўқитувчилардан таҳсил олишни ҳам унутмадим. Айнан мана шу давр менда етакчилик фазилатлари ва мулоқот қобилиятларини тарбиялади.

Битирув остонасида мен учун келажакдаги касбни, қўшимча таълим йўналишини танлаш муҳим эди. Чет тилига муҳаббат ва дунёда бўлаётган воқеаларга қизиқиш мени халқаро муносабатлар асосларини ўрганишга ундади. Навоий шаҳридаги академик лицейда 3 йил ўқиб, ўша пайтлари имконсиздек кўринган — Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига киришга қарор қилдим. 15 август — мамлакатнинг кўплаб абитуриентлари учун махсус сана эди, ўша куни имтиҳон натижалари чиқди ва мен ЖИДУ «Халқаро иқтисодий муносабатлар» факультети талабаси бўлдим.

Фото: Азиза Аҳмедованинг шахсий архивидан.

Менимча, кўпчилик қизлар ўқишга киргач 1−2 йилдан кейин турмушга чиқиб кетишида ўзбек менталитетининг ёки оилавий анъаналарнинг ўрни бор. Ёки бу қизларнинг ўзларининг танловидир балки. Университетдаги ўқишим даврида менда оила қуриш мақсади бўлмаган, менинг мақсадим зўр мутахассис бўлиш эди.

Уйда бизга нисбатан қаттиққўл бўлишган, лекин ота-онам шифокор бўлишгани учун кўп вақт уларнинг уйда бўлмаганликлари сабабли мен жуда мустақил бола эдим. Барча маиший масалаларни — озиқ-овқат сотиб олишдан тортиб уйдаги чироқларни алмаштиришгача ўзим ҳал қиламан.

Фото: Азиза Аҳмедованинг шахсий архивидан.

Менинг иш тажрибам жуда хилма-хил, университетни тугатганимдан кейин бир нечта иш жойини ўзгартирдим. Ишонч билан айтишим мумкинки, ҳамкасбларим билан омадим чопди. Мен ҳамма собиқ ва ҳозирги ҳамкасбларим билан алоқадаман. Янги жамоага кирганда, албатта, кўпчилик қизларни мутахассис сифатида муносиб баҳолашмайди, улар билдирган фикр ва таклифларга жиддий қарашмайди. Жамоанинг эркаклари билан тенг бўлиш учун сиз ўз ишингизни икки баравар эҳтиёткорлик ва қатъият билан бажаришингиз керак.

Мен турмуш қурганимдан сўнг ҳаётимни тубдан ўзгартиришга ҳаракат қилмайман. Ва мени нафақат оилада, балки профессионал ҳаётимда ҳам қўллаб-қувватлайдиган, дунёқараши меники билан ҳамоҳанг бўлган инсонни учратишимга умид қиламан.

Фото: Азиза Аҳмедованинг шахсий архивидан.

Жамиятимизда қиз ва аёлларнинг, уларнинг қобилият ва маҳоратининг қадрсизланиши менга ёқмайди. Мен вилоят ёки қишлоқлардаги ўзим тенги қизга бугунги кунда кўп такрорланадиган, лекин муҳим бўлган тавсия — ўқиш ва таълим олиш керак. Бу нафақат ўз соҳасида муваффақиятли мутахассис бўлишга, балки билимдон болаларни тарбиялашга оқилона ёндашишга имкон беради.

«Вилоятдан шаҳарга келиб ўқийдиган қизга шубҳа билан қарашлари ёқмайди» — Дилруҳ Исомиддинова

Дилруҳ Исомиддинова 1999 йили Қарши шаҳрида туғилган. ҚарМИИ қошидаги 2-сонли академик лицейнинг хорижий тиллар йўналишида таҳсил олган. Ҳозирда ЎзЖОКУда халқаро журналистика йўналиши 4-босқич талабаси. Шунингдек, PressPhoto.uz агентлигининг амалиётчиси, «Alimoff team» ҳамда Khan Academy Uzbek кўнгиллилар жамоаси аъзоси. Дилруҳ ҳозирги кунда Daryo интернет нашрида фотожурналист сифатида фаолият юритади.

— Тошкентга ўқишга келганимга 3 йилдан ошди. Унгача умримнинг асосий қисми Қашқадарёда ўтган. 9-синфлигимгача ота-онам шифокор бўлишимни хоҳлашган, чунки сулоламизда тиббиёт соҳаси вакили деярли йўқ эди. Оиламизнинг аксарият аъзолари ички ишлар, ёнғин хавфсизлиги ёки таълим тизимида ишлашига қарамай, санъатга иштиёқи баланд, ижодкор, носир, шоир, журналист бўлган. Отам — журналист, онам — ўқитувчи. Болалигимизданоқ телевизорда чиққан журналистларни овозидан, чеҳрасидан танирдик. Мактабни битиргач табиий фанлар барибир мен учун эмаслигини тушундим, бу ҳақида оиламдагиларга айтдим. Жуда ҳам қаттиқ қаршиликлар бўлмади.

Фото: Дилруҳ Исомиддинованинг шахсий архивидан.

Лицейда ўқиб юрган вақтим халқаро журналистика факультети ҳақида эшитгандим. Шундан сўнг бу соҳага қизиқиш янада ортди. Чунки саёҳат қилишни, дунёни кўришни жуда ҳам хоҳлар эдим. Аввалига дадам пойтахтда ўқишим учун рухсат бермадилар. Сабаби оилада битта қизман. Отанинг амри — вожиб. Биринчи йили Қарши давлат университетининг она тили ва адабиёти факультетига топширдим, юқори балл тўплаганимга қарамай, кира олмадим. Кейинги йил эса Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети очилди ва шу университетнинг халқаро журналистика факультетига ўқишга кирдим.

Дастлабки йили мени пойтахтга юбормай, кейинги йили отамнинг бунга рухсат берганидан кейин ўзимча ўйладим, отам мени синамоқчи. «Ўзи мустақил бўлсин, ўргансин», деганлар, менимча. Хавотир ҳар бир ота-онада бўлади, лекин менга буни умуман билдиришмаган. Мустақилликни хоҳладими, ўргансин, бизга боғланиб қолмасин, дейишгандир хойнаҳой, чунки эрка уй қизи эдим. Ортиқча тадбирлар, зиёфатларга ҳам чиқмаганман, синфдошлар билан айланишларга бормасдим, кийим-кечакка, ўйин-кулгига учмаганман, фақат ўқирдим. Бир сўз билан айтганда, мустақил ҳаётни кўрмагандим.

Отам билан 1-курснинг илк кунида бирга университетга борганмиз. Кейинчалик эса мени еру кўкка ишонмайдиган отам менга қўнғироқ қилмайдиган, хабар ёзмайдиган бўлдилар. Жуда кўнглим оғриган. Бир куни онам «даданг қизимнинг ўқишлари қандай кетяпти, пули бормикан, соғлиғи яхшимикан, ортиқча безовтагарчиликлар бўлмаяптимикан, сўра ўзинг», деганларини айтдилар. Улар менга жуда ишонишади.

Тошкентга келганимда менда айнан соҳам доирасида қандайдир режа, аниқ мақсад бўлмаган. Шу сабаб бошида қийналдим. Атрофимдаги дўстларим, курсдошларим қилаётган ишларни кўриб бироз тушкунликка ҳам тушганман. Кейинчалик англаб етганим, инсон ўзи хоҳлаган, шуғулланиб мароқ оладиган ишни қилгани маъқул экан. Меҳр қўймасдан, ўзини мажбурлаб амалга оширилган ҳаракат барибир ҳеч қандай фойда бермас экан.

3-курсгача ўзимнинг турли соҳалардан кетишим ҳақида ўйладим. Ҳуқуқ, юридик соҳалар, халқаро муносабатлар, масалан. Лекин кейинчалик устозим Ҳусниддин Атонинг турткиси билан фотожурналистика йўналишини танладим. Бу инсон мендаги ўзим кўролмаган қобилиятни кўра олди, истеъдодга амалиётни қўшиб, ҳаракат қилишга ундади, баъзан дакки берди, мажбурлади, ҳар ҳолда ҳозирги Дилруҳни шакллантирди, десам ҳам бўлади.

Фото: Дилруҳ Исомиддинованинг шахсий архивидан.

Кўпчилик қизлар ўқишга киргач 1−2 йилдан кейин турмушга чиқиб кетишига сабаб уларда мақсад йўқлиги, менимча. Ёки қизларнинг ота-онаси уларни тўғри тушунмаслиги, уларни қўллаб-қувватламаслиги, фарзандининг мақсадлари, салоҳияти, қизиқиши ҳақида қайғурмаслиги ва қизларнинг ота-онаси ёнида андиша қилиб, уларнинг раъйига қарши боролмаслиги сабаб бўлиши мумкин. Ҳеч бир қиз ота-онаси «ўқийсан», деса, «Йўқ, мен эрга тегаман», демайди. Бу борада икки хил ҳолат бўлиши мумкин: қизга совчи келгач, қиз «йўқ, мен турмушга чиқмайман, ўқишим, ишлашим керак», деб туриб олиши ёки ота-онасининг гапига кўниб оила қуриши мумкин. Яна бир тоифа қизлар ҳам бор: улар ўзларини оила бекаси сифатида кўришади фақат.

Шахсан ўзимда бундай ҳолат деярли бўлмаган. Мен оилада битта қиз бўлганим сабаб аввало ўз мақсадларимга эришишимни хоҳлашган оиламдагилар. Ўқишга кирганимдан сўнг улар менга «сен фақат ўқишни, ишни ўйла. Сени бошқа нарса билан чалғитмаймиз», деб бот-бот такрорлашган. Ҳаттоки уйга келган совчилар ёки мени ортимдан суриштирганлар ҳақида ҳам билмайман.

Фото: Дилруҳ Исомиддинованинг шахсий архивидан.

Ижарада яшайдиган қизлар қариндошиникида яшайдиган қизлардан мустақилроқ бўлади, менимча. Ижарада яшайдиганлар ўзи учун бозорлик қилади, ўзи учун овқат тайёрлайди, ўзи учун даромад топишга уринади ва ҳоказо. У бошқача тарбияланади. Менинг ҳам характеримдаги кўп жиҳатлар ўзгаришига шу сабаб бўлган, наздимда. Оз бўлсада дийдам қотди, ижтимоий муносабатларни, қай вазиятда қандай ҳаракат қилиш самара беришини, ҳолатларни, инсонларни баҳолашни ўргандим, деҳқончасига айтганда, оқ-қорани танидим.

Баъзи ҳолатлар бўлади, ота-онам менга бирор муаммосини айтмайди. Улар касал бўлса ҳам бошқалардан эшитаман. Аммо шундай танишларим бор, улар ота-онаси билан ҳар соатда гаплашиб туради, уларга ҳаётидаги ҳамма нарса ҳақида тортинмай айтишади. Менимча, бу нотўғри. Қиз бола ёшликдан қайсидир маънода гап ташувчи бўляптими, турмуш қургандан кейин ҳам бу ҳолат давом этиши мумкин. Танишларимдан айримларининг айнан шу ҳолатлар сабаб оиласи бузилиб кетган.

Турмуш қурсам касбимни, шубҳасиз, давом эттираман. Турмуш қурадиган инсоним менга шу имкониятни берса, шунга ишончим комил бўлсагина турмуш қураман, яъни «ишлатмайман, уйда олиб ўтираман», деган инсон билан оила қуриш ҳақида ўйламаганман. Бекорга шунча вақтим, меҳнатимни сарфлаб таҳсил олмадим, бекорга ота-онам йилига ўн миллионлаб контракт тўламади, мен ўз билимларим эртага фарзандларимгагина эмас, бутун сайёрага, ҳеч йўқ бир жамиятга фойда беришини чин дилдан хоҳлайман.

Жамиятда аёлларга бўлган муносабатдан менга беписандлик ёқмайди. Аёлларга қўлидан ҳеч нарса келмайдиган, фақат уйда ўтирадиган, фарзанд тарбиялаб, овқат пишириб ўтирадиган одам, деб қарашлари ёқмайди. Узоқ вилоятдан шаҳарга келиб ўқийдиган қизга нисбатан шубҳа нигоҳи билан қараб баҳо беришлари ёқмайди. Дейлик, у қишлоқ қизи бўлса «ахлоқи бузилиб, тарбияси ёмонлашиб кетиши, бироз пардоз қилса ўзгариб кетибди, шаҳарга бориб бузилибди», деган гап-сўзларни урчитишлари ёқмайди. Энди ҳаётга улғайган нигоҳ, юксак орзу-умид билан қарай бошлаган қизни мажбурлаб турмушга бериб тўрт девор ичига қамаб қўйишлари ёқмайди. Бирор ўртоғи билан келишиб, ваъдалашиб қўйган ота ёки онанинг лафзим бор деб қизининг фикрини эшитмай, кўнглини билмай узатиб юбориши ёқмайди.

Фото: Дилруҳ Исомиддинованинг шахсий архивидан.

Вилоятлардаги ўзим тенги қизга, аввало, турмуш қуришга шошилмаслигини маслаҳат бераман. Турмуш қуришдан аввал кўп мақсад ва режаларини амалга оширишга улгуриш керак. Кейинчалик рўзғор билан бўлиб ўйлаганларини қила олмаслиги мумкин. Қизлик вақтида ўқишга, ўз йўлини, ўрнини топиб олишга улгуриши керак.

Ўқишга қизиқсин, бир мақсади бўлсин. Шунчаки диплом учун эмас, нимадир ўрганиш учун ўқисин. Агар таълим тизимидан қониқмаса, ўз устида ишласин. Кўпчиликда иқтидор, истеъдод бўлса ҳам буни юзага чиқаришга туртки берадиган мотив бўлмайди. Ўзига яхши устоз топсин. Ота-онаси уни тушунмаса, улар билан бафуржа гаплашсин. Кўнглини очсин. Ота-она ҳеч қачон ўз вужудидан пайдо бўлган фарзандига ёмонлик раво кўрмайди.

«Газета.uz» аввалроқ интервьюларнинг 1-қисмини эълон қилган эди.