Германия социал-демократик партияси (СПД) ўтган якшанба куни Германияда бўлиб ўтган парламент сайловларида 25,7% овоз тўплаб, кичик фарқ билан ғалаба қозонди, деб хабар бермоқда Deutsche Welle.

СПДнинг энг яқин рақиби, ҳозирги Германия канцлери Ангела Меркель вакили бўлган Христиан-демократик иттифоқи ва Христиан социал иттифоқи (ХДИ / ХСИ) блоки 24,1% сайловчилар овозини қўлга киритди.

«Иттифоқ-90 / Яшиллар» 14,8% овозлар, Эркин демократик партияси — 11,5%, «Германия учун муқобил» ўнг қанотли популисти — 10,3% овозларни қўлга киритди.

Сўл партияни сайловчиларнинг 4,9 фоизи қўллаб-қувватлади, шу тариқа у 5 фоизлик тўсиқни енгиб ўтмади. Бироқ, мазкур сиёсий куч парламентда фракция тузиши мумкин бўлади, чунки унинг уч вакили Берлин ва Лейпигда тўғридан-тўғри мандат олган, деб қайд этди нашр.

Германиядаги сайловларда сайловчиларнинг якуний иштироки 76 фоизни ташкил этди. 2017 йилги аввалги парламент сайловларида уларнинг 76,2 фоизи қатнашган.

Германия аҳолиси 20-бундестаг депутатларини сайлашди. Бир неча ҳафта ўтгач, қонун чиқарувчилар кейинчалик ҳукуматни тузадиган янги Германия канцлерини сайлаши керак. Жами олий қонун чиқарувчи органида ўрин учун рекорд миқдордаги 6211 нафар номзодлар, шу жумладан 2024 аёллар курашдилар.

Deutsche Welle қайд этишига кўра, бундестагга сайловлар Германия Федератив Республикаси канцлери лавозимида Ангела Меркелнинг ўрнини ким эгаллайди деган саволга аниқ жавоб бермади. Тўрт муддат Германия ҳукумати бошлиғи бўлган Меркель бу сафар ўз номзодини қўйгани йўқ.

Овоз бериш охирида Германия канцлери лавозимига асосий даъвогарлар — Олаф Шольц (СДП) ва Армин Лашет (ХДИ / ХСИ) Германиянинг янги ҳукуматини тузишга тайёр эканликларини эълон қилишди. Уларнинг иккаласи ҳам Германия канцлери лавозимига ариза беришди. Олаф Шольцнинг фикрича, бундестагга сайловлардан сўнг унинг партияси сайловчилардан ҳукумат тузиш учун мандат олган. Ўз навбатида, Лашет ХДИ / ХСИ бошчилигида «федерал ҳукумат тузиш учун ҳамма нарсани қилишини» айтди.

«Иттифоқ-90 / Яшиллар» канцлери номзоди Анналена Бербок ўтган сайловларда партиянинг Германияда етакчи сиёсий кучга айланишига тўсқинлик қилган хатоларни тан олди. Шу билан бирга, Бербокнинг фикрича, «Яшиллар» мамлакатни янгилаш учун сайловчилардан мандат олган.

Эркин демократик партия (ЭДП) раиси Кристиан Линднерга кўра, немис сайловчилари марказлашган ҳукуматни хоҳлайдилар.

Ҳозирги вақтда консерваторлар ва социал-демократлар ҳукуматдаги шериклар ҳисобланади. Улар янги вазирлар кабинети тузилгунга қадар ўз вазифаларини бажаришда давом этади ва Ангела Меркель ўз лавозимини янги парламент кейинги ҳукумат раҳбарини сайлагандан кейингина тарк этади.

РИА Новости ёзишича, бутун Германия ХДИ ва Бавария ХСИ альянси учун 24,1% натижа унинг тарихидаги энг ёмон натижадир, у ҳеч қачон 30 фоиздан кам кўрсаткичга эга бўлмаган.