27 сентябрь куни Термизда Сурхондарё ва Балх вилоятлари ҳокимлари бошчилигида Ўзбекистон ва Афғонистон чегараолди ҳудудлари бошқарув идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳларининг йиғилиши бўлиб ўтди, дея хабар қилди Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Тадбир афғон томонининг илтимосига биноан Афғонистонга импорт молларини транзит ташуви билан боғлиқ масалаларни ҳал этиш мақсадида ташкил этилди.

Мулоқот даставвал энг зарур халқ истеъмол товарлари — озиқ-овқатлар, дори-дармон, тиббий анжомлар, кийим-кечак ва ёқилғи хусусида борди, дейилади хабарда.

«Учрашувда муҳокама этилган масалалар, жумладан Афғонистонда юзага келган оғир гуманитар вазият даврида мамлакатга юкларни етказиб бериш ва транзит ўтказишда мавжуд муаммоларни ҳал этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича келишувга эришилди», — дея аниқлик киритилди хабарда.

Йиғилиш сўнггида томонлар энг долзарб чегараолди масалалари юзасидан ишчи алоқаларини давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь ўртасида Ўзбекистон Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва кийим-кечаклардан иборат 1300 тонналик инсонпарварлик юкини юборган эди. Юкни қабул қилиш маросимида Забиҳулла Мужоҳид ва Ислом амирлигининг бошқа расмий вакиллари иштирок этди. Суратларда Ўзбекистон томонидан Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев қатнашди.