Жорий ҳафтада Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бьерденинг Тошкентга навбатдаги ишчи ташрифи бўлиб ўтади. Бу ерда у Ўзбекистон ҳукумати томонидан ташкил этилаётган юқори даражали анжуман — Ўзбекистон иқтисодий форумида иштирок этади. Тадбир иштирокчилари Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш билан боғлиқ масалаларда эришган ютуқлари, шунингдек, келгусида ислоҳотларнинг жадал суръатларини сақлаб қолиш учун зарур чораларни муҳокама қиладилар. Ташрифи арафасида Бьерде сўнгги беш йил мобайнида ўтказилган ислоҳотлар натижаси ва Ўзбекистоннинг 2030 йилгача камбағалликни икки бараварга қисқартириш, шунингдек, аҳоли даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторига кириш вазифасини амалга ошириш борасида ҳал қилиш талаб этиладиган муҳим вазифалар тўғрисидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Бугун, сўнгги беш йил мобайнида мисли кўрилмаган иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни бошдан кечирган Ўзбекистон учун ҳал қилувчи пайт яқинлашмоқда.

Бундан беш йил аввал Ўзбекистонда муваффақиятли бизнес юритиш осон иш эмасди.

Хорижий валюта муомаласига қўйилган чекловлар тадбиркорларнинг қўлидаги тушов эди. Ўзбекистонда валюта айирбошлаш умумий ҳажмининг деярли ярми норасмий бозорларда амалга оширилар эди.

Мамлакатнинг солиқ тизими эса иқтисодиёт гарданидаги оғир юк эди. Солиқларнинг баландлиги туфайли тадбиркорлар ўз бизнесларини ривожлантириш ёки янги иш ўринлари яратишдан манфаатдор бўлмас, ишчи кучига қўйилган юқори солиқлар сабаб ишчи ёллаш иш берувчиларга ўта қимматга тушарди. Солиқ тўлашдан қочиш кенг тарқалган ҳолат бўлиб, бюджетга келиб тушадиган солиқ ва йиғимлар тушуми камсонли йирик компанияларга боғлиқ бўлиб қолганди.

Кучли давлат назорати бизнес имкониятларини чеклаб келган. Тадбиркорлик фаолиятини лицензиялаштиришдаги мураккаб талаблар бозордаги рақобатнинг ривожланиши ва ишлаб чиқариш-таъминот занжирининг тўлақонли фаолият кўрсатишига тўсқинлик қилган. Чегарадаги узоқ муддатли ушланиб қолишлар тадбиркорлар учун харажатларнинг ошишига ва қимматбаҳо мева-сабзавот маҳсулотларининг истеъмолга яроқсиз ҳолга келишига олиб келган.

Ушбу чекловлар нафақат маҳаллий тадбиркорларнинг харажатлари ошишига олиб келган, улар, шу билан бирга, самарадорликни пасайтириб, коррупцияга кенг йўл очган. Бу ҳол мамлакатда расмий тадбиркорликдаги рақобатбардошликка путур етказар ва яширин иқтисодиётнинг ривожланишига туртки берарди.

Беш йил аввал мамлакатдаги вазият шундай эди. Бугунги кунда тадбиркорлик шароитлари анча яхшиланди. Хорижий валюта билан муомала қилиш бугунги кунда муаммо эмас. Гарчи норасмий бозорлар бутунлай йўқолиб кетган бўлмаса-да, банк ва «бозор» курси камдан-кам ҳолларда фарқ қилади. Эндиликда деярли ҳеч ким норасмий бозор хизматларидан фойдаланмай қўйди.

Мамлакатнинг солиқ тизими ҳам анча адолатли ва самарали йўналишда ўзгартирилди. Тадбиркорлар ва ишчиларга солинадиган солиқлар миқдори камайтирилди, солиқ қонунчилиги талабларини бажариш осонлашди.

Солиқ тизимида 2018 йилда амалга оширилган ислоҳотларидан сўнг қўшимча 1,4 миллион нафар фуқаро ва фирмалар солиқ тўловчи сифатида рўйхатдан ўтдилар, бинобарин, солиқ тўлашдан бўйин товлагандан кўра солиқни тўлаш афзалроқ бўлиб ҳисоблана бошланди. Солиқ ставкалари кескин камайтирилганига қарамасдан, давлат бюджетига тушумлар бир неча баравар ошди.

Тадбиркорлик ва савдони тартибга солувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тадбиркорларга мослаб қулайлаштирилди. Янги тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш, мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилиш, туристлар оқими кўрсаткичлари ҳамда хорижий капитал иштирокидаги маҳаллий фирма ва компаниялар сони тарихда кузатилмаган даражада ошди.

2020 йилда дунёдаги аксар мамлакатларда аҳоли жон бошига ЯИМ қисқарган бир шароитда, Ўзбекистон, кўп жиҳатдан, мазкур ислоҳотлар шарофати билан иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатларини сақлаб қола олди.

COVID-19 келтириб чиқарган салбий оқибатларга жавобан ислоҳотлар дастурига тузатишлар киритилди. Фуқаролар ҳаёти ва фаровонлигини сақлаб қолиш мақсадида ижтимоий ҳимояни кучайтириш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш жадаллаштирилди. Бугунги кунда соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини такомиллаштиришга кўпроқ эътибор қаратилмоқда.

Сўнгги беш йил ичида Ўзбекистонда амалга оширилган ислоҳотлар кишида ижобий тасаввур уйғотади. Шу билан бирга, мамлакат ўзининг мавжуд салоҳиятини тўлақонли очиши учун ҳали кўп ишлар қилиниши керак.

2030 йилга бориб камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш ва даромад даражаси ўртачадан юқори давлатлар қаторига кириш учун Ўзбекистонга янада кўпроқ сифатли иш ўринлари керак. Зеро 2017 йилга қадар ҳар йили 600 000га яқин янги иш қидирувчи меҳнат бозорига кириб келар ва таклиф қилинган атиги 200 000 янги иш ўринларидан бирига эга бўлиш учун рақобатлашишга мажбур эдилар.

Сўнгги йилларда янги иш ўринлари сони ошганлигига қарамасдан, ишсизлик масаласи ҳал қилиниши долзарб бўлган муаммолар сирасида қолмоқда.

Фото: Жаҳон банки

2030 йилгача Ўзбекистон ижтимоий-иқтисодий ривожланиш борасидаги қатор мақсадларига эришиши учун иш ўринлари яратиш жараёнини қай тарзда тезлаштириш мумкин?

Мазкур вазифани ҳал қилиш учун тўрт муҳим инструментни ажратиб кўрсатиш мақсадга мувофиқ.

Хусусий секторнинг ўсишини рағбатлантириш. Ишбилармонлик муҳити яхшиланганига қарамай, фирмалар ҳалигача ер ресурслари, капиталга эга бўлиш ва, масалан, энергия сингари ишлаб чиқариш омилларининг узлуксиз таъминоти билан боғлиқ қийинчиликларга дуч келмоқда. Маҳаллий бозорлардаги рақобатнинг етарли даражада ривожланмаганлиги, инфратузилма имкониятлари ва глобал бозор билан интеграциянинг чекланганлиги ҳам янада кўпроқ сифатли иш ўринлари яратиш имкониятига эга бўлган хусусий секторнинг ривожланишига халақит қилади.

Бугунги кунда 2000 дан ошиқ давлат иштирокидаги корхоналар ҳанузгача иқтисодиётда етакчилик қилиб, хусусий секторнинг ўсишига тўсқинлик қилмоқда. Хусусийлаштиришни, айниқса, кичик давлат корхоналари ва банкларни хусусийлаштиришни тезлаштириш Ўзбекистонда хусусий сектор кўламининг кенгайишига ва миллий иқтисодиёт учун кўпроқ иш ўринлари яратилишига ёрдам берган бўлар эди.

Хусусий секторни кенгайтиришда давлатнинг ёрдамчилик вазифаси. Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланишида давлатнинг иқтисодиётдаги ўрни ўзгариши керак бўлган муҳим паллага қадам қўйилди — у товар ишлаб чиқарувчи ва хизмат кўрсатувчидан хусусий секторнинг кенгайишига кўмаклашувчи инструментга айланиши керак. Бинобарин, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар иқтисодиётнинг барча субъектлари учун янада аниқ, адолатли ва шаффоф бўлиши лозим.

Катта ҳажмдаги давлат инвестициялари ҳамон давлат корхоналарига йўналтирилмоқда. Хусусий сектор фаол ишлаётган, юқори ўсиш салоҳиятига эга мева-сабзавотчилик, туризм ва хизмат кўрсатиш каби иқтисодиёт тармоқларини қўллаб-қувватлаш учун янада ривожланган инфраструктура ва самарали давлат хизматлари зарур.

Жойлардаги ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ва уларни молиялаштириш борасида устувор йўналишларни аниқлаш масалаларида ҳудудларнинг ваколатларини кенгайтиришга эҳтиёж мавжуд. Бу мазкур ҳудудларнинг иқтисодий рақобатдаги устун жиҳатларидан янада самаралироқ фойдаланиш ва бутун мамлакат бўйлаб аҳоли ўртасида фаровонликнинг кенг тақсимланишига имкон яратади.

Инсон ресурсига сармояларни кўпайтириш. Ихтисослик малакалари ва билимларининг етишмаслиги тадбиркорликни ривожлантиришга инвестиция киритишни сезиларли даражада чеклайди. Олий таълим олиш имконияти кескин ўсди, шу билан бирга, малака ошириш ва касбий-техник таълимга давлат инвестициялари сезиларли оширилди. Бу ишларни келгусида ҳам кенгайтириб бориш, бунда ҳаракатлантирувчи кучи хусусий сектор бўлган янги иқтисодиёт эҳтиёжларига таълим тизимини мослаштириш зарур.

Соғлиқни сақлаш ва таълим хизматларига инвестицияларнинг оширилиши, шунингдек, гендер тенгсизлик ва ёшлар ўртасида ишсизлик даражасининг ошишига олиб келувчи чекловчи сиёсатдан воз кечиш Ўзбекистон инсон капиталига янада ижобий таъсир кўрсатади.

Экологик барқарорликни такомиллаштириш. Ўзбекистон иқтисодиёти дунёдаги энг кўп ресурс сарфлайдиган иқтисодиётлардан биридир. Мамлакат нефть ва газ заҳираларининг камайиб бориши нуқтаи назаридан, мавжуд иқтисодиёт модели барқарор бўлиб ҳисобланмайди. Иқлим ўзгаришлари аллақачон сувни камёб манбага айлантирди.

Атмосферага карбонат ангидрид ташламаларини қисқартириш ва атроф-муҳитни сақлаш бўйича тезкор чораларни кўриш Ўзбекистондаги иқтисодий ўсишни барқарорлаштиради. Экологик барқарорликнинг ошиши атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ хатарларни яхшироқ бошқариш, келгуси авлодларга уларни енгиб ўтишга кўмаклашиш, шунингдек, бугуннинг ўзидаёқ янги бозорлар ва иш ўринлари яратиш имконини беради.

Мазкур ислоҳотларни амалга ошириш, албатта, осон иш эмас. Бу пухта ўйланган саъй-ҳаракатлар ва уларни амалга ошириш юзасидан мунтазам назоратни талаб этади. Бинобарин, бу ишлар натижасида янги иш ўринлари, хусусий секторнинг кенгайиши ва атроф-муҳитга нисбатан янада эҳтиёткорона муносабат кўринишидаги аниқ натижаларга эришилади.

Пухта ўйланган ислоҳотлар иш ўринларининг ошишига замин яратади, шунингдек, иқтисодий янгиланишлар жараёнини жадаллаштириш билан бирга, айни пайтда, мамлакат фуқаролари фаровонлигини оширади.

Мен Тошкентга ташрифим бошланадиган кунни сабрсизлик билан кутяпман ва Ўзбекистоннинг иқтисодий форуми давомида юқоридаги масалаларни батафсил муҳокама қиламиз, деб умид қиламан.