«Газета.uz» Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан Ўзбекистон президентлигига номзод Баҳром Абдуҳалимовнинг сайловолди дастурини тақдим этади (биография).

1. Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш

«Олий қадрият бу — инсон. Унинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, ҳар бир шахснинг қадрқимматини эъзозлаш эркин ва адолатли жамиятнинг ажралмас хусусиятидир».

Президентликка номзод депутатларнинг сайловчилар ва партия олдидаги масъулияти ва ҳисобдорлигини ошириш, уларнинг фаолиятини халқ ҳаёти билан узвий боғлаш чораларини кўришни режалаштирган. Шу билан бирга, маҳаллий ҳокимларни сайлаш тизимини амалиётга татбиқ этиш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари раислари лавозимини ҳоким лавозимига боғлиқ бўлмаган ҳолда алоҳида жорий этиш партия фаолиятининг асосий мақсади дея қайд этди.

«Ижро ҳокимиятини инсон манфаатлари учун хизмат қиладиган шаффоф ва самарали институт даражасига олиб чиқиш тарафдоримиз. Биз халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг вазирлик ва идоралар ҳудудий бўлинмалари раҳбарларини ишга қабул қилиш ва озод этишдаги, уларни жавобгарликка тортиш масаласидаги, ҳудуднинг кадрлар сиёсатига таъсир этишдаги ваколатларини кенгайтириш чораларини кўрамиз», — дейди Баҳром Абдуҳалимов.

Бунинг учун:

  • маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик базасини чуқур хатловдан ўтказиш;
  • давлат ҳокимияти органлари зиммасига юклатилган ваколатларни бажариши учун уларни амалга ошириш, назорат қилиш ва ҳисоботини эшитиш билан боғлиқ механизмларнинг аниқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини ишлаб чиқиш кўзда тутилган.

«Мақсадимиз — давлат бошқарувининг барча соҳаларида, айниқса, суд тизими ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари фаолиятида, таълим соҳасида коррупцияни йўқ қилишдир. Аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳити ва маданиятини шакллантириш, давлат органлари ва мансабдор шахслар фаолиятига „Тоза қўллар“ сиёсатини сингдириш, қонун устуворлигини таъминлаш чораларини кўрамиз», — дейди номзод.

Баҳром Абдуҳалимовнинг таъкидлашича, коррупция билан курашиш нафақат давлат органлари ва ҳуқуқни муҳофаза этиш тузилмаларининг вазифаси, балки бутун жамиятнинг бурчи.

«Мансабдорларнинг ўз мавқеидан фойдаланган ҳолда ер майдонлари ва барча табиий ресурсларни тақсимлашига мутлақо чек қўямиз. Мамлакат бойлиги: ери, ўрмонлари, минерал ресурслари ва бошқа табиий ресурслари мансабдорларга эмас, сўзсиз халққа тегишли бўлиши керак. Мамлакат пойтахтини кенгайтириш ва ривожлантириш тарафдоримиз», — дея таъкидлади президентликка номзод.

«Мавжуд хонадонларни бузиш эвазига эмас, пойтахтнинг маъмурий марказини, яъни Президент администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва давлат идораларини шаҳардан ташқарига чиқариб, пойтахтни халқимизнинг дам олиш, саёҳат қилиш ва ҳордиқ чиқариш масканига айлантирамиз. Пойтахтни том маънода халққа берамиз!», — қўшимча қилди у.

2. Адолат ва қонун устуворлиги

Партия адолатсиз жазо ва жарималарни қайта кўриб чиқишни қайд этиб, жарималар халқнинг реал даромадига мутаносиб бўлишини, шунингдек, уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиқиб белгиланишини таъминлашини таъкидлади. Айрим жиноят турларига маънавий жазо чоралари қўллашни илгари суради.

Дастур доирасида прокуратура, адлия органлари ва суд ходимлари ўртасидаги ижтимоий тенгсизликни тугатиш кўзда тутилган.

«Давлат бошқаруви органлари, назорат қилувчи ва ҳуқуқни муҳофаза этувчи тузилмалар фаолиятида қонунчилик меъёрларининг бузилишига, уларнинг нотўғри ва эркин талқин этилишига, шунинг­дек, расмиятчилик ва коррупцияга қарши кескин кураш олиб борамиз. Негаки, ҳақиқат ва адолат билан сиё­сат юргизмаган ҳар қандай масъул ходим фуқароларнинг давлат сиёсатига муносабатини салбий томонга ўзгартириб юбориши мумкин», — деди номзод.

Халқнинг суд тизимига бўлган ишончини қатъий мус­таҳкамлаш, судни том маънода адолат қўрғонига айлантириш ишларини изчил давом эттириш кўзда тутилган. Ноҳақликнинг олдини олиш ва суд фаолияти сифатини ошириш мақсадида амалдаги «Судлар тўғрисида"ги қонунни такомиллаштириш орқали ягона юрисдикция судларини ташкил этиш жараёнини қуйи поғоналарга — туман (шаҳар) даражасига тушириш, уларга «халқ судлари» мақомини бериш, вилоят ва унга тенглаштирилган судларга назорат инстанцияси ваколатини юклаш борасида мақсадли чора-тадбирларни амалга ошириш мақсад қилинган.

Дастурда ҳар бир ҳукмнинг қонуний ва адолатли бўлишини таъминлаш мақсадида жамоатчилик фик­рини инобатга олиш амалиёти зарурлиги таъкидланган. Барча жазолар одил судлов органлари томонидан амалга оширилади. Ҳар қандай кўринишдаги «самосуд» учун қатъий жазо белгиланиши кўзда тутилган.

Адвокатларнинг нуфузи ва мақомини янада кўтариш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш механизмларини кучайтириш, ҳар бир адвокат малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиши учун зарур чораларни кўриш, бу борада амалдаги қонунлар ижроси юзасидан кучли ва самарали назорат ўрнатиш, суд жараёнида адвокатура ва прокуратура ҳуқуқлари тенглик принципини таъминланиши таъкидланди.

Судда ҳам, давлат ва маҳаллий давлат идораларида ҳам кам таъминланган аҳоли манфаатларини ҳимоя қиладиган бепул давлат юридик ёрдами кўламини кенгайтириш режалаштирилган.

«Бизнинг партия ижро билан боғлиқ барча ваколатларни ва жазони ижро этиш муассасаларини суриштирув ҳамда тергов ваколатига эга бўлмаган, холис орган — адлия идоралари бошқарувига бериш тарафдори. Дастлабки тергов органларининг тарқоқлиги натижасида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатларини бартараф қилиш, дастлабки тергов устидан назоратни кучайтириш мақсадида, мамлакатда ягона тергов органи — Тергов қўмитасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурамиз», — дейди Баҳром Абдуҳалимов.

3. Ижтимоий адолатни қарор топтириш

«Адолат» СДП ижтимоий сиёсатининг асосий мақсади ижтимоий адолатни қарор топтириш ва халқ фаровонлигини ошириш, ҳар бир фуқаро учун давлат томонидан кафолатланган ижтимоий таъминот тизимини яратишдир.

«Меҳнат қонунчилиги устуворлигига эришамиз, ходимни эксплуатация қилишга қарши кес­кин курашамиз. Мамлакат ялпи аҳолисининг моддий шароитларини тубдан яхшилаш, ҳар бир инсонни бой қилиш чораларини кўрамиз», — дейди Баҳром Абдуҳалимов.

Дастур доирасида «Иш ҳақи минимуми», «Яшаш минимуми» каби тушунчаларнинг қонуний асосларини яратиш кўзда тутилган.

«Ҳар бир инсон бошпанага эга бўлишга ҳақли. Биз уй-жойларнинг нархини кескин камайтирамиз. Ҳаммабоп ва ҳамёнбоп уйлар ижтимоий ҳимоянинг муҳим шартидир. Биз аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини муниципал уйлар билан таъминлаймиз. Мамлакатимизда ва чет элда ишлаётган ёлланма ва мавсумий ишчиларга кенг шароитлар яратиб берамиз, уларнинг меҳнати қадрланишини ва муҳофаза қилинишини, ишлаган меҳнатига яраша ҳақ олишини, меҳнат стажига қўшилишини ва келажакда муносиб пенсия олишини кафолатлаб берамиз», — таъкидлади номзод.

Шунингдек, сайловолди дастурда ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари ҳам иш билан таъминланиши, таълим олиш, пенсия ва тиббий таъминот соҳаларида қонун билан кафолатланган имтиёзларга эга бўлишлари кераклиги қайд этилди.

«Биз пенсиядаги юқори чекловларни бекор қиламиз ва ҳар кимнинг меҳнатига, олган маошига ва ижтимоий тўловларига яраша пенсия таъминотини йўлга қўямиз. Пенсионерлар учун муносиб ҳаёт шароитини яратамиз», — дейди номзод.

«COVID-19 таълим жараёни ва иш билан таъминлашда жиддий тўсиқлар яратди ва кўп одамларнинг руҳий саломатлиги сезиларли даражада таъсир қилди. Бундай шароитда аҳолининг заиф тоифаларини қўллаб-қувватлаш муҳим аҳамиятга эга», — деди Баҳром Абдуҳалимов.

Фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича «Инқирозга қарши кураш — 2030» дастурини ишлаб чиқиш лозимлиги таъкидланди.

4. Таълим соҳасида адолат устуворлигини таъминлаш

Болаларни мактаб­гача таълим ташкилотларига ҳозиргидек уч ёшдан эмас, икки ёшдан бошлаб, ҳеч қандай навбатларсиз, юз фоиз қамраб олинишига эришиш кўзда тутилган. Социал-демократия ғояларига мос равишда давлат мактабгача таълим тизимини тўлиқ бепул қилиш кўзда тутилган.

«Адолат» партияси ўқитувчилар обрў-эътибори ва ҳуқуқий мақомини янада кўтариш, уларнинг иш ҳақи ва ижтимоий мавқеини ошириш учун «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида» қонун қабул қилиниши ташаб­бускори бўлишини маълум қилди.

Таълим ва тарбия тизимини ривожланган ва шарқ маданиятига мос келадиган илғор тажрибалар ва миллий қадриятлар, диний ақидалар асосида умумий ўрта таълимнинг янги стандартларини яратиш мақсад қилинган.

«Умумтаълим мактаблари учун дарсликларнинг янги, замонавий авлодини яратиш учун «Дарслик­лар бўйича илмий-тадқиқот институти»ни ташкил қиламиз. Марказдан узоқ қишлоқларда яшаб, аъло баҳолар билан ўқиган, ота-она қарамоғисиз қолган, кам таъминланган иқтидорли ёшларнинг давлат ҳисобидан олий таълим олишини кафолатлаймиз. Жамиятдаги ижтимоий мавқеидан қатъи назар, ҳар бир инсонга олий маълумот олиш имкониятини яратамиз», — деди номзод.

Шунингдек, президентликка номзод олий таълим квоталарини бутунлай йўқ қилишни ва ҳар кимга олий таълим олиш ҳуқуқи эркинлигини ҳамда рейтинги юқори бўлган талабаларнинг бепул олий таълим олишини кафолатлашини таъкидлади. Олий маълумотлилар сони бўйича мамлакат даражасини кўтариш мақсадида олий ўқув юртларига кириш квоталарини босқичма-босқич ошириб бориш, сиртқи, кечки ва масофавий таълим шаклини янада кенг жорий этиш чораларини амалга ошириш кўзда тутилган.

Сайловолди дастур доирасида олий таълим тизимига рейтинг амалиётини киритиш ва йил якунлари бўйича энг юқори рейтинг­­га эга бўлган талабаларни грант асосида, рейтинги паст бўла туриб грантда ўқийдиган талабаларни контракт асосида ўқиш учун рўйхатларни қайта кўриб чиқиш тартибини ўрганиш режалаштирилган.

5. Илм-фан — адолат ва тараққиёт омили

Таълим ва илм-фан билан шуғулланувчиларга бепул уй-жой таклиф қилинмоқда. Илм-фанни молиялаштиришга сарфланадиган маблағ 2030 йилда ялпи ички маҳсулотнинг 2 фоизига қадар ошади, уни давлат бюджетидан молиялаштиришни босқичма-босқич таъминлаш зарур, деб ҳисоб­лайди президентликка номзод.

«Биз нафақат олимларни, балки ҳар қандай ихтиро ва ихтирочиларни қўллаб-қувватлаймиз, рағбатлантирамиз ва уларга зарур шароитларни яратамиз. Шунингдек, бугунги кунда эътибордан четда қолаётган иқтисодиётнинг ҳақиқий локомотиви бўлган инженер, технолог, агрономмеханизатор каби мутахассисларнинг сонини кўпайтириш ва малакасини ошириш чораларини кўрамиз», — дейди Баҳром Абдуҳалимов.

Ўзбекистонда фундаментал фанлардан олинган ижобий натижаларни тиббиёт ва соғлиқни сақлаш; қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва биотехнологиялар; гидрология ва сув муаммолари; энергетика, муқобил энергия манбалари ва ресурс тежамкор технологиялар; экология ва атроф-муҳит муҳофазаси каби соҳаларга жорий қилиш ишларини изчиллик билан олиб бориш орқали мамлакатнинг иқтисодий қудратини мус­таҳкамлаш кўзда тутилган.

Ўзбекистонда «Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш — 2030» концепциясини ва манзилли дастурлар ишлаб чиқиш таклифини илгари суриш мақсад қилинган. Бунда, алоҳида эътиборни Картахен протоколининг амалга оширилишига ва ген муҳандислик усуллари ёрдамида ўзгартирилган организм маҳсулотларини яратиш ва фойдаланиш тамойилларига қаратилади.

«Ўзбекистонда жаҳоннинг Гавай, Канар ороллари ҳамда Чилида жойлашган энг нуфузли обсерваториялари билан рақобатлаша оладиган Майданак обсерваториясидан унумли фойдаланган ҳолда астрономия соҳасида аждодлар илмий мероси анъаналарини давом эттирамиз. Бу, ўз навбатида, ёшларимизда илм-фанга ҳамда юқори технологияларга бўлган қизиқишни оширишга хизмат қилади», — таъкидлади номзод.

«Учинчи Ренессанснинг пойдевори сифатида илм-фан ва инновацияларни ривожлантириш орқали фан — таълим — ишлаб чиқариш тизимларининг узвий алоқадорлигини таъминлаймиз. Илм-фан — тараққиёт гарови», — қўшимча қилди у.

6. Аҳоли саломатлиги улкан бойлик, жамиятнинг барқарор ривожланиши гарови

«Адолат» СДП номзоди «Ақлли тиббиёт» тизимини шакллантириш бўйича таъсирчан қонунчилик механизмларини ишлаб чиқиб, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича «Миллий дастур» қабул қилишни кўзда тутмоқда.

Шу билан бир қаторда Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш кодекси лойиҳасини янада такомиллаштиришда, яъни фуқаролар соғлиғини сақлашнинг асосий принципларини аниқ белгилаш, соғлиқни сақлаш соҳасида инсон ҳуқуқларига риоя қилиш; аҳолининг барча қатламлари тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлишини таъминлаш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратиш лозим, деб ҳисоблайди у.

«„Тиббиёт ходими“ мақомини белгилаймиз, уларнинг ижтимоий муҳофазасини таъминлаш ва турли тазйиқларнинг олдини олиш мақсадида мавжуд ҳуқуқий базани янада такомиллаштирамиз», — дея таъкидланди.

«Репродуктив саломатлик масаласи, онкология, сил, қанд касалликларининг олдини олиш ва тўлиқ давлат ҳисобидан даволаш алоҳида диққат-эътиборимизда бўлади», — деди Баҳром Абдуҳалимов.

Давлат томонидан бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари рўйхати қайта шакллантирилиб, улар билан аҳолини кафолатли таъминлаш тизими босқичма-босқич йўлга қўйилишини қўллаб-қувватланади.

Шу мақсадда дориларнинг ягона электрон базаси тизимини шакллантириш ёрдамида дори-дармон спекуляциясига, дориларнинг нархи асоссиз оширилишига чек қўйиш кўзда тутилган.

Бугунги кунда болалар орасида кенг тарқалаётган ва уларнинг соғлом ривожланишига тўсиқ бўладиган ясситовонлик, сколиоз, тиш касаллик­ларига биринчи ва ўта муҳим масала сифатида эътибор қаратилиши мақсад қилинган.

«Бизнинг соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор мақсадимиз — тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, „Тиббий маданият“ тизимини яратиб, аҳолига замонавий, юқори технологияли, ихтисослаштирилган ва малакали тиббий хизмат кўрсатишни таъминлашдан иборат», — дейди Абдуҳалимов.

7. Аёл — муқаддас, оила — жамият асоси

Дастурга мувофиқ, оила институтини мустаҳкамлаш бўйича миллий индексларни, шунингдек, тегишли халқаро рейтингларда Ўзбекистон кўрсаткичларини яхшилаш бўйича чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқилиши, репродуктив саломатлик ва оиланинг демографик ривожланишини барқарор таъминлаш мақсадида, «Соғлом оила — соғлом жамият» концептуал ғоясини амалга оширилиши режалаштирилган.

«Адолатли жамият ва адолатпарвар давлат қуриш жараёнида хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, Гендер тенглигига эришиш, уларнинг турли соҳа ва тармоқларда ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши учун шарт-шароит яратиш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оналик ва болаликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва такомиллаштириш партия фаолиятининг устувор йўналишидир», — дейди Баҳром Абдуҳалимов.

Ижтимоий адолатни қарор топтиришда партия ўз олдига хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг муаммоларини ўз вақтида аниқлаш, ёрдамга муҳтож бўлган ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларга, шу жумладан, ногиронлиги бўлган аёлларга ижтимоий-ҳуқуқий, психологик ва моддий ёрдам кўрсатишни ташкил этишни мақсад қилиб олган.

«Хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, меҳ­нат шароитларини яхшилаш, хотин-қизларни, айниқса, қишлоқ жойлардаги қизларни оилавий ва хусусий тадбиркорликка, ҳунармандчиликка кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратамиз. Биз хотин-қизлар фаоллиги ва ролини оширишда бардавом бўлиб, барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларида хотин-қизлар вакилларини кўпайтирамиз», — дейди номзод.

Хотин-қизларнинг янада чуқур билим ва касб маҳоратига эга бўлишлари учун кенг имкониятлар яратиш, меҳнат бозорида уларга имтиёзлар бериш, аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш учун кўмаклашиш партия фаолиятининг муҳим йўналишларидан бири эканлиги таъкидланди.

8. Юқори маънавият билан адолат сари

«Ҳар қандай давлат мустаҳкам маънавий пойдеворга эга бўлгандагина юксак тараққиётга эриша олади. Адолат ва маънавият ўзаро чамбарчас боғлиқ тушунчалардир. Шу нуқтаи назардан, жамиятда соғлом фикр ҳамда маънавий-ахлоқий муҳитни мустаҳкамлаш ва соғломлаштиришнинг самарали механизмларини ишлаб чиқамиз», — таъқидлади президентликка номзод.

Маънавий тарбиянинг устуворлигини таъминлаш учун «Адолат» СДП давлат барча маданий, тарихий ёдгорликларни ва табиат ёдгорлик­ларини рўйхатдан ўтказиши ва сақлаши, уларга маблағ ажратишини шарт, деб ҳисоблайди ҳамда тарихий қадриятларга асосланган «Жамиятда юриштуриш одоб-ахлоқ қоидалари»ни яратиш ва жорий этишни илгари суради.

9. Самарали иқтисодиёт — тараққиёт омили

«Бизнинг партия давлат иқтисодий натижа ва ютуқларини адолатли тақсимлаш тарафдори. Бугунги кунда иқтисодиётнинг самарали ривож­ланишини, давлатнинг иқтисодий фаолияти натижасида юзага келган ялпи ички маҳсулотни адолатли тақсимлашни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни ишлаб чиқиш, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ижтимоий йўналиши, адолатлилигини ҳар бир фуқаронинг онг-шуурига етказиш партиянинг бирламчи вазифасидир», — таъкидлади Баҳром Абдуҳалимов.

«Иқтисодиёт қачон ривожланади, қачонки эркин ва рақобатли бўлса. Биз рақобатни кучайтириш орқали монополияга барҳам берамиз. Буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида тузиладиган шартномани қудратли ҳуқуқий воситага айлантирамиз ва бу жараёнга ҳокимият аралашувига чек қўямиз. Ҳар қандай низо суд қарори билан ечим топади», — дейди у.

Партия бозорни бошқариш, тартибга солиб туриш зарурлигини таъкидлаб, «рақобат — мумкин қадар, давлат бошқаруви — зарурат қадар» тамойилини ҳаётга татбиқ этиш тарафдори эканлигини маълум қилди.

«Биз аҳолининг катта қисми яшаётган қишлоқ ҳаётини тубдан янгилаймиз, энг оғир бўлган куз-қиш мавсумида ҳар бир қишлоқда узлуксиз ва эҳтиёжни тўлиқ таъминлайдиган даражада табиий газ ва электр энергияси етказадиган тизимни жорий қиламиз. Ва бу билан аҳолига фаровонлик бағишлаймиз, тадбиркорга шароит яратамиз».

«Агрофирма ва давлат хўжаликларида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини илмий асосда ташкил этиш, фан ва амалиётнинг ўзаро уйғунлигини таъминлаш яқин келажакда Ўзбекистоннинг аграр соҳадаги улкан имкониятларини рўёбга чиқаришда, қишлоқ иқтисодиётини инновацион ривожлантиришда, бандлик ва қашшоқлик муаммоларини ҳал этишда катта натижалар беради, деб ҳисоблаймиз».

Дастурда интеллектуал мулк объектлари (муаллифлик ҳуқуқи, турдош ҳуқуқлар, ихтирога бўлган ҳуқуқлар ва бошқа) ҳуқуқлари бузилишига нисбатан давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, ихтирони қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш ҳам иқтисодни ривожлантиришга йўналтирилган вазифалар қаторида белгиланган.

«Биз адолатли ва рақобатбардош тадбиркорлик фаолиятини жорий қиламиз. Бунда монополиянинг ҳар қандай кўринишига чек қўямиз. Хусусан, UzAuto Motors АЖга берилган имтиёзлар ва автомобиллар импортига белгиланган божхона тўловларини ҳар йили 15 фоиздан камайтириб очиқ рақобатга ўтишини, божхона тушумларининг камайиши эса тўланадиган солиқлар билан қопланишини таъминлаймиз. Биз декларациялар топшириш тизимини янада такомиллаштириб ҳаётга чуқурроқ интеграция қиламиз», — дея таъкидлади президентликка номзод.

Номзод декларацияларни барча даромад олувчиларнинг топширишларига қаратилган сиёсатни олиб бориш билан биргаликда, ҳар бир инсоннинг катта миқдордаги харажатларини ҳам декларациялаш принципларини жорий қилишни мақсад қилган.

«Биз янгича саноат сиёсатини юритамиз. Ялпи ички маҳсулотда кичик ва ўрта бизнес улушини кескин оширамиз. Саноат электр энергиясисиз бўлмайди. Бунинг учун нафақат АЭС, альтернатив электр манбаларидан кенгроқ фойдаланиш чораларини кўрамиз», — дейди у.

Баҳром Абдуҳалимов тадбиркорларга қонуний имконият ва имтиёзлар берилишини таъкидлаб, маҳсулот сифатини қатъий давлат назоратига олиш, аниқ стандартлар жорий этиб, сифатсиз маҳсулот чиқариш ҳамда нарх-наволарни сунъий кўтаришга қаратилган хатти-ҳаракатлар учун кучайтирилган жазо чораларини қўллаш мақсад қилинганини таъкилади.

Иқтисодиётни инсон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда модернизация қилиш бўйича комплекс чоралар кўрилиши кўзда тутилган. Жумладан, рақамли технологияларга асос­ланган иқтисодиётга ўтишда университет ва касб-ҳунар таълимининг мавжуд тизимини ислоҳ қилиш; рақамли иқтисодиётда инновациялар ва тадбиркорликнинг ўсишига жавобан, давлат идоралари, айниқса, молиялаштириш бўйича тўлиқ қўллаб-қувватлаш тизимини яратиш; бандлик соҳасида онлайн иш билан таъминлаш каби масалаларини қамраб оладиган «Рақамли иқтисодиётда аҳоли бандлигини таъминлаш концепцияси — 2030» дас­турини ишлаб чиқиш таклиф қилинмоқда.

Партия — адолатли ва самарали солиқ ҳамда бюджет сиёсатини амалга ошириш тарафдори. Солиққа тортишнинг прогрессив ставкаларини ўрнатиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқароларни тўлиқ ёки қисман солиқдан озод қилишни таклиф қилинган. Шунингдек, ижтимоий тенглик ўрнатиш мақсадида қимматбаҳо буюмларга солиқ ва катта майдондаги кўчмас мулк учун прогрессив солиқларни жорий этилиши кўзда тутилган.

«Мамлакатнинг иқтисодий қудрати, энг аввало, кафолатланган бюджетга бевосита боғлиқдир. Шу сабабдан ҳам ундириладиган барча тўловлар (жарималар, давлат божлари, йиғимлар ва бошқа мажбурий ундирувлар) тўлалигича давлат бюджетига йўналтирилиши шарт, деб ҳисоблаймиз. Яъни, барча даражадаги давлат ташкилотларининг „шахсий чўнтаги“ бўлган турли махсус жамғармаларни бекор қилиб, давлат бюджетига тушишини таъминлаймиз», — дейди номзод.

«Бир сўз билан айтганда, халқ тўлаётган мажбурий ва бошқа турдаги тўловлар давлат бюджетига тушиши тарафдоримиз! Бюджет харажатларининг шаффоф ва адолатли тақсимланишини тўлиқ назоратга оламиз. Барча бўғиндаги давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари харажатларининг шаффофлигини таъминлаймиз», — қўшимча қилди у.

10.Тинличксевар, адолатли ва прогрессив ташқи сиёсат

«Ҳаётда Ўзбекистон суверенитетига, изчил ва барқарор ривожига хавф солиши мумкин бўлган кучларга муносиб жавоб қайтарадиган хавфсизлик тизими яратилиши тақозо этилмоқда. Мазкур вазифаларни бажарган тақдирдагина биз фаровон турмушга, адолатли ҳаётга эришамиз, жаҳон ҳамжамиятида ўзимизга муносиб ўрнимиз ва нуфузимиз бўлади», — дейди Баҳром Абдуҳалимов.

«Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига интеграциясини янада чуқурлаштириш, узоқ ва яқин хорижий мамлакатлар билан икки томонлама манфаатли алоқаларни мустаҳкамлаш, халқаро ташкилотлар фаолиятида иштирокини янада кенгайтиришни долзарб вазифа, деб биламиз».

Партия бундан кейин ҳам мамлакатнинг халқаро майдондаги нуфузини янада ошириш, ҳеч қандай ҳарбий блокларга ва коалицияларга қўшилмаслик, ҳарбий мақсадларни назарда тутувчи ҳаракат ва ташкилотлар билан алоқа ўрнатмаслик, Ўзбекистоннинг хорижий давлатлар билан сиёсий, иқтисодий, гуманитар алоқаларини мустаҳкамлашга қаратилган ҳамкорликка йўналтирилган сиёсат олиб боришни мақсад қилган.

«Мамлакатимизнинг миллий манфаатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган Марказий Осиё минтақаси Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятининг асосий устувор йўналиши ҳисобланади. Биз ўзимизнинг яқин қўшниларимиз билан очиқ, дўс­тона ва прагматик сиёсат олиб боришга содиқ қоламиз», — таъкидлади номзод.

Миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва ўзаро ишонч руҳидаги алоқаларини янада мустаҳкамлаш борасида амалга ошираётган сиёсатини қўллаб-қувватланади.

«Шунингдек, БМТнинг Барқарор ривожланиш дастури доирасидаги ижтимоий ва гуманитар лойиҳаларни амалга оширишда ўзаро манфаатли халқаро ҳамкорликни ривожлантиришни устувор вазифаларимиздан бири, деб ҳисоблаймиз. Ушбу масалаларни ҳал қилишда БМТнинг ихтисослашган институтлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ва ижтимоий соҳага доир дастурларни ҳамкорликда амалга оширишда фаол иштирок этишни қўллаб-қувватлаймиз», — таъкидлади Баҳром Абдуҳалимов.

«Сизнинг сайловдаги фаол иштирокингиз ва хоҳиш-истагингиз асосида биз мамлакатимизда кейинги 5 йил мобайнида уларни ҳаётга татбиқ эта оламиз. Ишонамизки, партиянинг бундай улуғвор мақсадлари сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланади! Сайловда партиямиз кўрсатган номзодни қўллаб-қувватласангиз, Сиз — азиз юртдошларимизнинг тинч ва фаровон ҳаёти учун, белгиланган вазифаларни рўёбга чиқариш учун бор куч-ғайратимизни сафарбар қиламиз! Мақсадимиз ҳаммамиз учун азиз ва мўътабар шу заминда, ҳар бир хонадонда тинчлик-осойиш­таликни, барқарорликни сақлашдир», — дея якунлади «Адолат» СДП номзоди.