Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида 5 гектар ерни 150 минг АҚШ долларига олиб беришни ваъда қилган шахслар ушланди, деб хабар бермоқда ИИВ ахборот хизмати.

Тошкент вилоятида яшовчи Б. ва Ш. лар Тошкент вилояти, Бўстонлиқ тумани, Амир Темур массивида жойлашган «Султон Ахмад Омад» фермер хўжалигига 49 йилга ижарага берилган 14,3 гектар ер майдонидан 5 гектарини Бўстонлиқ тумани ҳокимиятида ишловчи Т. орқали 150 минг АҚШ доллари эвазига доимий эгалик ҳуқуқини берувчи қарор чиқартириб беришга ваъда қилган.

Бу ҳақда 13 сентябрь куни Д.А. ИИВга ёзган аризасида маълум қилган. Д.А. олдиндан аванс сифатида 10 минг АҚШ доллари беришини талаб қилинаётганини маълум қилиб, уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.


Мазкур аризага асосан, шу куни, ИИВ ЖҚББ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бошқармаси, ДХХ ҳамда ИЖҚК Департаментининг Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.

Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳар, Навоий кўчаси, 39-уйда жойлашган «Миллий таомлар» номли ош марказида ўтказилган тезкор тадбир давомида, Б.С., Ш.Х. ва Р.Н.лар ариза муаллифидан 10 000 АҚШ долларини олган вақт ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан, 13 сентябрь куни Б.С, Ш. Х. ва Р.Н.га нисбатан ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) ва 28,211-моддаси 3-қисми «а» банди (жуда кўп миқдорда пора бериш) билан жиноят иши қўзғатилиб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Ҳозирда Тошкент вилояти прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.