ЎзЛиДеП номзоди Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоятидаги сайловчилар билан учрашув чоғида Тожикистон билан муносабатлар ва чегара масаласига тўхталди, деб хабар бермоқда партия матбуот хизмати.

«Бир ярим йил азоб бўлиб Тожикистон билан гаплашганмиз. Олдин чегараларимизда мина бор эдику», — деди Шавкат Мирзиёев.

«Тожикистон билан чегаралар масаласида 3 соат ўтириб, 20 йилда ҳал бўлмаган масалаларнинг 99,9 фоизини бирданига ҳал қилдик. Нимага? Мен биламан, бу икки халқ бир-бирови билан борди-келди қилиши керак. Мина бўлиши керак эмас. Қўшнимиз», — дея таъкидлади у.

Шавкат Мирзиёев сўзларига кўра, «инсон қадри биринчи ўринга қўйилмаса ҳеч қачон ўзгаришлар бўлмайди».

«Агар инсон рози бўлса, уни ўзи қодир кўп ишларни қилишга», — дея қўшимча қилди номзод.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил март ойида Тожикистонга ташрифи чоғидаги музокаралар натижасида давлат чегараларини демаркация қилиш, делимитация қилиш ва қўшни ҳудудларни миналардан тозалаш масалаларини қамраб олувчи 27 та ҳужжат имзоланган эди. Ўша йилнинг май ойида эса ўзбек-тожик чегарасидаги миналар олиб ташлаш жараёнлари бошланган.

Тожикистон-Ўзбекистон чегарасидаги муҳандислик тўсиқлари ва миналар 2001−2002 йилларда ўрнатилган. Ўзбекистон ўшанда буни ўз ҳаракатларини ҳудудни ноқонуний қуролли гуруҳлар жангариларидан ҳимоя қилиш истаги билан изоҳлаган. Бироқ, ўтган йиллар мобайнида тинч аҳоли бир неча бор миналар билан портлаган.

Тожикистон Миллий миналар маркази маълумотларига кўра, 20 йил мобайнида мамлакат ичкарисида ҳам, Ўзбекистон чегарасида ҳам пиёдаларга қарши миналар портлаши натижасида 374 киши ҳалок бўлган, 485 киши жароҳатланган. Тўғридан -тўғри чегарада қанча одам ҳалок бўлгани аниқланмаган.

Тозалаш ишлари давомида 2 та тожикистонлик сапёр ҳалок бўлди, 20 та мутахассис жароҳатланган.