«Давлат қарзини ЯИМга нисбатан 45−50% чегарасида ушлаб туришни режалаштиряпмиз» — Аҳадбек Ҳайдаров

Молия вазири ўринбосари Аҳадбек Ҳайдаровнинг маълум қилишича, 2020 йилда коронавирус инқирози сабабли давлат харажатлари кескин ўсган. Эндиликда уни пандемиягача бўлган даврдаги даражага — ЯИМга нисбатан 27% га тушириш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, ҳукумат келгуси йилларда давлат қарзи даражасини 50%, бюджет тақчиллигини 2% чегарада ушлаб туришни режалаштирмоқда.

Сўров иштирокчиларининг деярли ярми президентликка номзодлар теледебат қилишларини ёқламоқда — «Ижтимоий фикр»

«Ижтимоий фикр» марказининг президентлик сайлови бўйича сўрови фуқаролар сайловолди дастурлари билан тўлиқ танишишга ҳали улгурмаганини кўрсатди. Респондентларнинг деярли ярми номзодлар орасидаги очиқ теледебатларни дастурлар ҳақида маълумот олишнинг энг жозибали шакли деб аташди.

ХДП депутати Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили бўлди

Халқ демократик партияси депутати Раъно Турдибоева ЎзЛиДеПдан президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ишончли вакили бўлди. ХДП ахборот хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Раъно Турдибоева 3 ой аввал партия аъзолигидан чиққан.

5 октябрдан Москвадан Ўзбекистон шаҳарларига авиарейслар сони оширилади

5 октябрдан бошлаб Москвадан Ўзбекистон шаҳарларига доимий авиақатновлар оширилади. Бунда Москва — Тошкент йўналиши бўйича ҳафтасига 4 тагача рейс, Москва — Самарқанд, Бухоро бўйича ҳафтасига 2 та рейс йўлга қўйилади.

«Қинғирликнинг ҳиди келяпти» — Экопартия раҳбари дарахтларнинг яширинча кесилиши ҳақида

Экопартия раҳбари ва президентликка номзод Нарзулло Обломуродов турли хил баҳоналар билан ва аҳолини огоҳлантирмасдан дарахтларнинг кесилаётганлигини танқид қилди. У дарахтлар кесилиши ё бошқа жойга кўчирилиши билан боғлиқ ҳолатларда жамоатчилик муҳокамасини ўтказиш амалиётини йўлга қўйишга чақирди. 17 сентябрь куни Сирдарёда «саломатлик йўлакчалари»ни қуриш учун 13 та дарахт қўпорилган эди.

Сув таъминоти ва канализация тизимларига ноқонуний уланишлар давлат бюджетига 8,4 млрд сўм зарар етказган

Январь-август ойларида ичимлик суви таъминоти тармоқлари ва канализация тизимларига 2798 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланган. Мазкур қонунбузарликлар оқибатида давлат бюджетига жами 8,4 млрд сўмлик зарар етказилган. Тошкент шаҳрида сув таъминоти тармоқларига ноқонуний уланиш ҳамда қарздорлик туфайли тармоқдан узилиш ҳолатларининг 90 фоизи юридик шахслар ҳиссасига тўғри келади.

«Олмазор» — «Сергели» метро йўналишида поездлар қатнови вақтинча тўхтатилади

«Олмазор» — «Сергели» йўналишида поездлар қатнови 25 сентябрь соат 21:00 дан 26 сентябрь соат 07:00 гача вақтинча тўхтатилади. Метрополитен йўловчилари ушбу йўналишда йўлга қўйиладиган автобуслардан йўл кира хаққисиз фойдаланиши мумкин.

Академик лицейлар учун мандат эълон қилинди

Олий таълим вазирлиги республика ОТМлари тасарруфидаги академик лицейларга кириш имтиҳонларининг якуний натижаларини эълон қилди.

Метрода вояга етмаган қизга беҳаё ҳаракатлар қилган шахс ушланди

Тошкент шаҳрида метрода 13 ёшли қизга беҳаё ҳаракатлари учун қидирувда бўлган эркак қўлга олинди. Фуқаро илгари бир неча жиноятларни содир этганлиги учун судланган.

MY5 телеканали маъмурий жавобгарликка тортилди

«Менинг юртим» телеканали кино ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси аъзоларига тегишли бўлган кинофильмларни рухсатсиз ва шартнома тузмасдан эфирга узатгани учун маъмурий жавобгарликка тортилди.

«Очиқ бюджет» ахборот порталидаги жамоатчилик фикри орқали ички йўллар таъмирланади

Президент 1 октябргача «Очиқ бюджет» ахборот порталидаги таклифлар сони 100 тадан ортиқ бўлган туман ва шаҳарларга қўшимча 59,5 млрд сўм маблағ ажратиш бўйича қарор қабул қилди. Унга кўра, 2022 йилдан ички йўлларни таъмирлашга ажратиладиган 50 фоиз маблағ «Очиқ бюджет» ахборот порталида аҳоли кўп овоз берган ҳудудларга йўналтирилади.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

«Инсон ўзгарса, жамият ўзгаради» — «Миллий тикланиш» номзоди Алишер Қодировнинг сайловолди дастури

«Миллий тикланиш» демократик партияси номзоди Алишер Қодиров ўз сайловолди дастурини эълон қилди. Президентликка номзод боғчаларнинг давлат томонидан молиялаштирилиши, олий таълим давлат тасарруфидан чиқарилиши, монополияларни тугатиш, ислом молиялаштириш тизимини жорий қилиш ва Алимент фондини ташкил қилиш сингари таклифларни илгари сурди. Номзоднинг тўлиқ дастури.