Ижтимоий тармоқларда «Қотил хомиладор келинми? Қашқадарё Чироқчи. Прокуратура нимани яширяпти?» номли видеолавҳа тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилоят прокуратураси изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 25 июнь куни Чироқчи тумани, «Лангар» МФЙ, «Тўлақул» қишлоғида яшаган марҳум Ж. А. қўшниси ҳомиладор Н. Ж. га нисбатан куч ишлатиб, уни жинсий алоқа қилишга ундаган.

Юзага келган ҳолатда ўз номусини ҳимоя қилган аёл ёнида бўлган ошхона пичоғи билан Ж. А.га бир маротаба зарба берган. Ж. А. етказилган тан жароҳати натижасида вафот этган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилиб, Чироқчи туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган.

Тергов давомида марҳум Ж. А.нинг ўлими юзасидан Чироқчи тумани прокурори томонидан «Лангар» қишлоғида аҳоли ва жабрланувчилар билан учрашувлар ўтказилган. Марҳумнинг яқинлари туман прокуратурасида бир неча маротаба қабул қилинган. Уларнинг жиноятга Н. Ж.нинг акаси ва отасининг ҳам алоқаси борлиги ҳақидаги тахминлари дастлабки терговда текширилганда ўз тасдиғини топмаган.

Тергов якунига кўра, Н. Ж. га ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилиниб, 7 сентябрь куни жиноят иши суд муҳокамасига юборилган.

Жиноят иши ҳозирда жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида кўрилмоқда.

Аввалроқ марҳум Ж.А.нинг яқинлари прокурор билан учрашиш мақсадида ғалаён кўтаргани ҳақида ёзган эдик.