MY5 телеканали маъмурий жавобгарликка тортилди, дея хабар бермоқда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги.

Маълум қилинишича, 11 август куни Интеллектуал мулк агентлигига «Ўзбекистон кино ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси» ўз аъзоларининг муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқларини ҳимоя қилишда амалий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат қилган.

Мурожаатда «Менинг юртим» телеканали томонидан ассоциациясининг ўз аъзоларига тегишли бўлган кинофильмлар уларнинг рухсатисиз ва шартнома тузмасдан эфирга узатилгани таъкидланган.

Мазкур маъмурий иш материаллари Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман суди томонидан кўриб чиқилиб, «Менинг юртим» телеканалининг мансабдор шахсига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177-(1)-моддаси (Муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш) билан маъмурий жарима жазоси қўлланилган.

Ушбу модда билан мансабдор шахсга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солиш мумкин. Шунга кўра, 1 млн 350 мингдан 2 млн 700 минг сўмгача миқдорда жарима қўлланилади.