Жазоир Марокаш учун ўз ҳаво маконини ёпди

Жазоир президенти Aбделмажид Теббун мамлакат ҳаво ҳудуди Марокаш авиацияси учун ёпилишини эълон қилди. «Олий хавфсизлик кенгаши мамлакатнинг ҳаво майдонини барча — фуқаролик ва ҳарбий самолётлар, шунингдек Марокашда рўйхатдан ўтган самолётлар учун зудлик билан ёпишга қарор қилди», дейилади расмий баёнотда. — Интерфакс.

24 август куни Жазоир Марокашни давом этаётган «ҳарбий ҳаракатлар»да айблаб, мамлакат билан дипломатик алоқаларни узишга қарор қилган эди.


Украинада олигархлар тўғрисида қонун қабул қилинди

Олий Рада олигархларнинг таъсири билан боғлиқ миллий хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилди. Ушбу ҳужжат учун 450 нафар депутдан 279 нафари овоз берган.

Қонун лойиҳасида ижтимоий ҳаётда муҳим иқтисодий ёки сиёсий вазнга эга бўлган шахслар (олигархлар) реестрини тузиш, шахсларни реестрга киритиш тартибини ва бундай киритиш оқибатларини белгилаш, давлат хизматчиларининг ушбу реестрга киритилган шахслар билан алоқаларни декларациялаш таклиф этилади.

Қонунга кўра, Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) томонидан тузиладиган ва юритиладиган олигархлар реестрига қуйидаги шартлардан учтасига эга шахслар киритилади: ОАВга сезиларли даражада таъсир кўрсатиш, сиёсий ҳаётда иштирок этиш, монопол компанияга бенефициар эгалик қилиш ва энг кам яшаш миқдорининг 1 млндан ортиқ бараварига тенг бойликка эгалик (жорий курс бўйича тахминан 83 млн доллар).

Ҳужжат, шунингдек, бу фуқароларга сиёсий партияларни қўллаб-қувватлашга бадал тўлаш ва катта хусусийлаштириш жараёнларда харидор сифатида қатнашишни тақиқлайди. Бундан ташқари, ҳокимият вакиллари ва катта активларга эга бўлган шахслар ўртасидаги учрашувлар ва бошқа муносабатлар тартибга солинади, реестрга киритилган шахслар учун бундай алоқалар тўғрисида декларацияни тақдим этиш шарт бўлади. Ҳужжатнинг амал қилиш муддати ўн йил.

Бундай қарор Украинадаги олигархик тизимни йўқ қилиш йўлидаги биринчи қадам бўлиши мўлжалланган. Унинг асосида монополияга қарши қонунлар, лоббичилик тўғрисидаги қонун ва мамлакатдаги иқтисодий ва ижтимоий муносабатларни ислоҳ қиладиган бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. — ТАСС.

Июнь ойида Украина президенти Владимир Зеленский Олий Радага ушбу қонун лойиҳасини тақдим этган эди.


АҚШга эвакуация қилинган афғон қочқинлари ёмон шароитларда яшашмоқда — ОАВ

The Hill’нинг Wisconsin State Journal’га таяниб хабар беришича, Форт-Маккой базасидаги афғон қочқинлари яхши иситилмайдиган биноларда яшашмоқда. Бундан ташқари, озиқ-овқат етишмовчилиги ва тоза кийим олиш имкони йўқлиги ҳақида айтилмоқда. Қочқинларнинг кўпчилиги бир неча ҳафта олдин AҚШга олиб келинган кийимдадир, деб ёзмоқда нашр.

Баъзи қочқин аёлларнинг айтишича, улар учун овқат қолмагани ҳақида эшитиш учун соатлаб, баъзан соат олтигача кутиш керак. Шунингдек, улар собиқ афғон ҳарбий хизматчилари томонидан таҳқирлаш ҳолатлари ҳақида хабар беришган.

AҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин базада жойлаштирилган 12,5 минг нафар афғон қочқини озиқ-овқат ва кийим-кечакка муҳтож эканлиги ва совуқ биноларда яшашидан хабардор, деб ёзади The Hill Пентагон вакили Жон Кирбига таяниб. «Биз, албатта, бундан хабардормиз. Биз бунга [хабарларга] жуда жиддий қараймиз», — деди Кирби. Шу билан бирга, вакил Пентагон муаммони қандай ҳал қилиши ҳақида айтмади.

«Биз буларнинг барчасини кузатяпмиз. Биз бу одамлар ва уларнинг оилалари учун муносиб шароитлар яратиш учун жавобгармиз» — деди Кирби. Бинолар нега иситилмаётгани тўғрисидаги саволга, у «вазиятни тўғрилаш чоралари кўрилмоқда», деб жавоб берди.

Шунингдек:

  • АҚШ очликка қарши курашиш ва дунёнинг озиқ-овқат тизимини мустаҳкамлаш учун жами 10 млрд доллар ажратади, бу маблағнинг ярми мамлакатнинг ўзида шундай эҳтиёжларга сарфланади ва яна 5 млрд доллар бошқа давлатларга берилади.
  • Мамлакат Венесуэла халқига 336 млн долларлик ёрдам кўрсатади. 247 млн доллар инсонпарварлик ёрдами сифатида, 89 млн доллар эса ижтимоий заиф венесуэлаликларнинг эҳтиёжларини қондириш учун иқтисодий ва тараққиёт ёрдами шаклида берилади. Шунингдек, Қўшма Штатлар Мьянма, Бангладеш ва бошқа мамлакатларда яшовчи роҳинжа миллати қочқинларига 180 млн долларга яқин қўшимча гуманитар ёрдам кўрсатади.

«Толибон» ўз жангарилари орасида «сафларни тозалашни» бошлайди

«Толибон» тез орада ўз жангарилари орасида толиблар тамойилларига зид бўлган ҳаракатларни аниқлаш чораларини кўришни бошлайди. Хабарга кўра, «Aфғонистон Ислом Aмирлиги» (АИА) махсус комиссияси сафларни тозалаш билан шуғулланади. Ҳаракат аъзолари оғир жазога тортилиши мумкин бўлган жиноятлар орасида, хусусан, ахлоқсиз ҳаракатлар, коррупция, шахсий адоват, одамларни талон-торож ва таъқиб қилиш белгиланган.

Ҳаракат раҳбариятининг махсус фармони икки ҳафта ичида қабул қилиниши мумкин ва у АИАнинг барча куч тузилмаларига, шу жумладан разведка, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликларига юборилади. — ТАСС (Shamshad TV).

Шунингдек:

  • «Толибон» қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва ирригация вазири лавозимига Мавровий Aбдурраҳмон Рашидни (Фарёб вилоятидан) тайинлади. Унинг ўринбосарлари Мавлавий Садр Aъзам (Пактия вилоятидан) ва Мавлавий Отауллоҳ Омри (Фарёб вилоятидан) бўлади.