Тошкентда метро вагонида 13 ёшли қизга нисбатан беҳаё ҳаракатларда гумон қилинган эркак қидирилмоқда, деб хабар берди Ўзбекистон ИИВ Транспорт хавфсизлиги бош бошқармаси.

Ҳодиса 18 сентябрь куни соат тахминан 17:00ларда Тошкент метрополитенининг «Олмазор» бекатида содир бўлган. Қиз эркакнинг ҳаракатларини видеога олиб, интернетда эълон қилган.

«Ҳозирда, видеокузатув мосламалари орқали номаълум эркак кишининг ҳаракат йўналишини ўрганиш ва шахсини аниқлаш ишлари амалга оширилмоқда», — дейилади хабарда.

«Агар сиз ушбу фотосуратдаги эркак киши ҳақида маълумотга эга бўлсангиз дарҳол 102 рақамига ёки яқин бўлган ички ишлар органига хабар беришингизни сўраймиз», — бошқарма томонидан сўралди.