Навоий вилоятининг Кармана туманида икки ёшли фарзандини 85 миллион сўмга сотмоқчи бўлган самарқандлик эр-хотин жиноят устида қўлга олинди. Бу ҳақда Daryo нашри Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизматига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, Самарқанд вилояти Оқтош шаҳарчасида яшовчи эр-хотин 2 ёшли фарзандини 85 млн сўмга сотмоқчи бўлган. Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида яшовчи фуқаро олдиндан 50 млн сўм, кейин эса қолган 35 млн сўмни бериш шарти билан болани сотиб олмоқчи бўлган.

Қайд этилишича, Навоий вилояти ИИБ Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўлими ҳамда департаментнинг Кармана тумани бўлими ходимлари томонидан Кармана туманидаги «Темурбек» кафесида эр-хотин харидордан 50 млн сўмни олаётган пайтда қўлга олинган.

Ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодекси 135-моддаси (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Тошкентда қизини 18 минг долларга сотмоқчи бўлган аёл ушлангани хабар берилганди.