Олий Мажлис депутати, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Расул Кушербаевнинг мурожаати билан Сурхондарё вилояти Денов тумани марказида ноқонуний кесиб ташланган 109 туп дарахт бўйича етказилган зарар миқдори қайта ҳисобланди. Бу ҳақда депутат ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Мазкур масалада нима учун жиноят иши қўзғатилмагани юзасидан ички ишлар вазири ва бош прокурорга депутатлик сўрови киритилган. Чунки табиатга етказилган зарар 329 млн сўмдан ортиқ бўлиб, бу иш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши керак бўлган.

Ички ишлар вазирининг сўровга жавобида Деновдаги 109 туп дарахт кесиб ташланганида ҳуқуқбузар етказган зарар (65 млн сўм) кўп миқдорни ташкил этмаганлиги, 329 млн сўм ҳисобланган зарар Ҳукумат қарорига асосан бешга кўпайтириб чиқарилган сумма экани, жиноят иши қўзғатишда бирламчи сумма (65 млн сўм) инобатга олиниши боис, жиноят ишини қўзғатиш рад қилинганини билдирилган. Зарар миқдори 73 млн сўмдан ошсагина жиноят иши қўзғатилиши мумкин бўлган.

65 млн сўмлик зарар эса Экология қўмитасининг Сурхондарё вилояти бошқармаси томонидан ҳисоблаб чиқилган.

«Шундан сўнг 109 та дарахтга 65 млн сўм тўғри келиши асослими, деган савол билан республика Экология қўмитасига мурожаат қилдик. Қизиғи шундаки, қўмита жавобида билдирилишича, зарар белгиланган тартибда қайта ҳисоблаб чиқилганида миқдор 65 млн эмас, 995 млн эканлиги маълум бўлган», — деб ёзади депутат.

Расул Кушербаевнинг таъсидлашича, масъуллар зарар суммаси камлигини баҳона қилиб, жиноий иш очишдан қочишган. Депутат зарар миқдори қўмитанинг марказий идораси томонидан расман 995 млн сўм эканлиги тасдиқлангач, ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатиш масаласида яна бир бор ички ишлар вазирига мурожаат қилган.

«Ишқилиб Экология қўмитасининг Сурхондарё вилояти бошқармасига босимлар бўлмаган бўлсинда. Менимча буёғига бошқа „форточка“ қолмади. Энди натижа ва ахборотни кутамиз», — деди ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси.