Август ойида АҚШ Афғонистонда қарийб 20 йил мобайнида олиб борган ҳарбий ҳаракатларига якун ясаши ва ўз қўшинларини мамлакатдан олиб чиқиб кетиши, Афғонистонда Ашраф Ғани ҳукуматининг таназзулга учраб, «Толибон» ҳаракати ҳокимиятни ўз қўлига олиши билан якунланди ва бу воқеалар бутун жаҳон медиасининг эътиборини тортди. «Толибон» қўл остидаги мамлакат ва 35 миллионлик афғон халқининг келгусидаги тақдири жаҳон ҳамжамияти, сиёсий доиралар, шунингдек, кенг жамоатчилик ўртасида қизғин муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Мамлакатда бўлиб турган турли тартибсизлик ва норозиликлар, қаршилик ҳаракатлари фонида «Толибон» янги муваққат ҳукумат тузилганлигини эълон қилди. Ҳукумат таркибидаги асосий вазифаларнинг аксарияти пуштунларга берилганлиги «Толибон» ҳокимияти мамлакатда, ўзи даъво қилганидек, тенглик ва адолат ўрнатиши масаласига нисбатан шубҳаларни кучайтирди.

Anadolu нашри «Толибон» муваққат ҳукумати таркиби, этник бўлиниши ва ҳукумат аъзолари тўғрисида мавжуд маълумотлар ёритилган мақолани эълон қилди. «Газета.uz» мазкур мақоланинг таржимасини тақдим этади.


Фото: Anadolu Agency

7 сентябрь куни Кобулда бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Толибон» матбуот котиби, ҳозирда маданият ва ахборотлаштириш вазири вазифасини бажарувчи Забиҳуллоҳ Мужоҳид 33 кишилик вақтинчалик ҳукумат тузилганлигини эълон қилди.

Вақтинчалик ҳукумат таркибидаги ўринларнинг аксарият қисмини пуштунлар эгаллагани ҳолда, бошқа этник гуруҳларга бор-йўғи уч ёки тўртта ўрин ажратилганлигига қарамай, Мужоҳид келгусида ҳукумат таркибидан кўпроқ одамлар жой эгаллашини таъкидлади.

Ҳукуматдаги аксарият лавозимларни эгаллаган пуштунлар 35 миллионлик Афғонистон аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этиб, асосан мамлакатнинг жанубий вилоятларида истиқомат қилади.

Иккинчи энг катта этник гуруҳ ҳисобланган тожикларнинг кўпчилиги Кобул шимолидаги вилоятларда, жумладан, Панжшер ва Тожикистон билан чегара ҳудудларда яшайди. Тожиклар жами аҳолининг тахминан чорак қисмини ташкил этади.

Тожиклардан кейинг йирик этник гуруҳ — бу ҳазоралар бўлиб, мамлакат аҳолисининг 10% қисми улар ҳиссасига тўғри келади. Афғонистонда истиқомат қилувчи бошқа этник гуруҳларга ўзбеклар, туркманлар, гужарлар ва нуристонийлар киради.

«Толибон» вақтинчалик ҳукуматида бош вазир вазифасини бажарувчи, вазир вазифасини бажарувчилар ва бошқарув аппаратининг бошқа ходимлари қуйидагилардан иборат:

Мулла Муҳаммад Ҳасан Оҳунд (бош вазир вазифасини бажарувчи)

«Толибон» ҳукуматида вазирлар бошлиғи вазифасини бажарувчи ёки бош вазир этиб тайинланишидан олдин Мулла Муҳаммад Ҳасан Оҳунд 20 йил давомида қудратли қарор қабул қилувчи орган — Раҳбари Шўро ёки раҳбарият кенгаши бошлиғи эди. Асли «Толибон»нинг келиб чиқиш жойи — Қандаҳордан бўлган пуштун, ҳаракатнинг асосчиларидан бири ҳисобланади.

У, шунингдек, Қандаҳор ҳокими ва 2001 йилгача толиблар ҳукумати даврида Вазирлар Кенгаши вице-президенти вазифасини бажарган.

Мулла Абдул Ғани Бародар (вазирлар бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи)

Бародар «Толибон» ҳаракати асосчи аъзоларидан бири, ҳаракатнинг Доҳадаги сиёсий идорасини бошқаради. Пуштун этник гуруҳи дуррони уруғининг 53 ёшли бу вакили «Толибон» ҳокимияти вақтида вилоят ҳокими ва мудофаа вазири ўринбосари лавозимларида фаолият юритган. У 2010 йилда Покистоннинг порт шаҳри Карачида ҳибсга олинган ва 2018 йилнинг октябрида АҚШ сўрови билан озод қилинган.

Мулла Абдул Салом Ҳанафий (вазирлар бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи)

Ҳанафий «Толибон»нинг юқори мартабали етакчиси ва Қатардаги сиёсий идорада гуруҳнинг музокара жамоасининг асосий аъзоси. У, шунингдек, 1996−2001 йиллар оралиғида биринчи «Толибон» режими вақтида таълим вазири ўринбосари эди.

Ҳанафий Ёзёвон вилоятидан, ўзбек миллатига мансуб, бир нечта мадрасаларда, шу жумладан, Карачидаги мадрасада таҳсил олган. Ҳанафи, шунингдек, бироз муддат Кобул университетида дарс берган. У «Толибон» ҳаракати ташкил этилганидан буён унинг аъзоси бўлиб келган.

Қори Дин Муҳаммад Ҳаниф (иқтисодиёт вазири вазифасини бажарувчи)

Шимолий-шарқий Бадахшон вилоятининг Шакарлаб қишлоғидан бўлган, тожик миллатига мансуб Қори Дин Муҳаммад Ҳаниф ҳукумат таркибидан ўрин олган этник озчилик гуруҳнинг кам сонли вакилларидан бири. У биринчи «Толибон» режими вақтида режалаштириш вазири бўлган ва кейинчалик «Толибон» Олий кенгашида Бадахшон ва Тахор вилоятларига масъул сифатида фаолият юритган. 2010 йилда академик тадбирларда Ҳаниф «Толибон» номидан кўриниш бера бошлади.

Қори Фасиҳуддин (қуролли кучлар штаби бошлиғи вазифасини бажарувчи)

«Толибон»нинг бадахшонлик тожик қўмондони Қори Фасиҳуддин Шўро («Толибон» кенгаши) аъзоси бўлиб, жангларга бошчилик қилган ва Афғонистоннинг шимолий вилоятлари, шу жумладан, Панжшер устидан назоратни қўлга олган.

Ҳожи Муҳаммад Идрис (Афғон марказий банкининг бошлиғи вазифасини бажарувчи)

Идрис аҳолисининг аксарият қисми туркман ва ўзбеклардан ташкил топган шимолий Ёзёвон вилоятидан.

Мулла Муҳаммад Ёқуб (мудофаа вазири вазифасини бажарувчи)

Ёқуб «Толибон»нинг асосчиси, етакчиси ва биринчи олий раҳбари Мулла Муҳаммад Умар Оҳундзоданинг ўғли. Ёқуб пуштунларнинг ҳотак уруғидан бўлиб, 2020 йилдан бери «Толибон»нинг ташкилий раҳбари ҳисобланади.

Сирожиддин Ҳаққоний (ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи)

«Ҳаққоний тармоғи» раҳбари бўлган Ҳаққоний шарқий ҳудудларда, жумладан, Пактия, Хост, Нангарҳарда, шунингдек, Кобул ичида ва атрофида АҚШ кучлари ва Кобул ҳукумати кучларига қарши операцияларга жалб қилинган. Ҳаққоний асли Пактиядан бўлиб, пуштунларнинг задран уруғига мансуб.

Амир Хон Моттакий (ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи)

Моттакий «Толибон»нинг келиб чиқиши Пактиядан бўлган, Забул, Қандаҳор ва Ҳелманд вилоятларида истиқомат қилган таниқли қўмондони. Биринчи «Толибон» режими вақтида маданият, ахборотлаштириш ва таълим вазири бўлган. У, шунингдек, «Толибон»нинг ҳозирги олий раҳбари Ҳибатуллоҳ Охундзода билан яқин бўлиб, Доҳа музокара гуруҳига қўшилишидан олдин унинг шахсий котиби вазифасини бажарган.

Хайруллоҳ Хайрхва (ахборотлаштириш ва маданият вазири вазифасини бажарувчи)

Қандаҳорлик асли пуштун бўлган Хайрхва АҚШга қарши урушда қўмондон ва «Толибон»нинг биринчи ҳокимияти даврида ички ишлар вазири ва Ҳирот вилояти ҳокими вазифасини бажарган. У 2002 йилда Покистондаги афғон чегараси яқинида қўлга олинган ва қарийб 12 йил давомида Гуантанамо қамоқхонасида сақланган. У, шунингдек, «Толибон»нинг тинчлик музакораси аъзоси ҳисобланади.

Мавлави Нур Муҳаммад Сақиб (Ҳаж ва дин ишлари вазири вазифасини бажарувчи)

Сақибнинг келиб чиқиши Кобул вилоятининг Деҳ Сабз туманидан бўлиб, пуштунларнинг аҳмадзай уруғига мансуб. У 11 сентябрь воқеаларидан олдин «Толибон»нинг собиқ бош қозиси ва ҳаракатнинг диний ишлар кенгаши бошлиғи бўлган.

Мавлави Абдул Ҳаким Шаръи (адлия вазири вазифасини бажарувчи)

55 ёшли Шаръи Охундзоданинг яқин ёрдамчиси деб тахмин қилинади. У Ҳамид Карзай ва Ашраф Ғани ҳокимиятлари вақтида Кобулда урушдан вайрон бўлган мамлакатда яширин бош судья вазифасини ўтаган. У ишақзай уруғидан бўлган пуштун.

«Толибон»нинг яширин бош судьяси сифатида Ҳаким ҳаракат назорати остидаги ҳудудларда Исломий шариат қонунларини тарғиб қилган. Биринчи «Толибон» ҳокимияти вақтида Қандаҳорда «Толибон» судларида судья сифатида фаолият юритган ва Покистондаги Хайбер-Пахтунхва вилояти Акора Хаттакда жойлашган Дор-ул-Улум мадрасасида дарс берган.

Нуруллоҳ Нури (чегаралар ва қабила ишлари бўйича вазир вазифасини бажарувчи)

Нури пуштунлар етакчилик қилувчи жанубий Забул вилоятидан. Биринчи «Толибон» режими вақтида Балх ва Лагман ҳокими, шунингдек, шимолий ҳудудлар қўмондони эди. У 2001 йилда Афғонистон ҳукумати томонидан қўлга олинган ва АҚШга топширилган. 2002 йилда Гуантанамо қамоқхонасига кўчирилиб, у ерда 13 йил сақланган. Нури ҳам Доҳадаги «Толибон» музокара гуруҳининг аъзоси эди.

Муҳаммад Исо Охунд (конлар ва ёқилғи бўйича вазир вазифасини бажарувчи)

Исо биринчи «Толибон» режими вақтида сув, канализация ва электр таъминоти вазири эди. Миллати пуштун ва Қандаҳорнинг Спин Болдак туманида туғилган. У ҳам «Толибон» кенгашида турли лавозимларда ишлаган.

Мулла Абдул Латиф Мансур (сув ва энергия вазири вазифасини бажарувчи)

Мансур Пактиядан бўлган пуштун. У, шунингдек, қишлоқ хўжалиги вазири сифатида фаолият юритган ва бир неча йил Покистонда яшаган. Покистондаги Хайбер-Пахтунхвада Акора Хаттакда жойлашган Ҳаққония мадрасасида диний таълимни тамомлаган. У собиқ жиҳодчилар қўмондони Мавлави Насруллоҳ Мансурнинг жияни. Ҳозирда ўз оиласи билан Қатарда истиқомат қилиш билан бирга Мансур «Толибон»нинг тинчлик музокаралари гуруҳи аъзоси.

Абдул Боқи Ҳаққоний (олий таълим вазири вазифасини бажарувчи)

1960 йилда Нангарҳар вилояти Жалолобод туманида туғилган Ҳаққоний пуштунлардан.

Биринчи «Толибон» режими вақтида Ҳаққоний Хост ва Пактика вилоятлари ҳокими, ахборотлаштириш ва маданият ишлари вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар вазирлиги консуллик бошқармаси аъзоси сифатида фаолият юритган.

Нажибуллоҳ Ҳаққоний (телекоммуникациялар вазири вазифасини бажарувчи)

Ҳаққоний «Толибон» режимида, 2001 йилда унга барҳам берилмасидан аввал, жамоат ишлари бўйича вазир ўринбосари бўлган. У пуштунлардан бўлиб, шимолий-шарқий Кунар вилоятида «Толибон» кенгашига хизмат қилган.

Халил-ур-Раҳмон Ҳаққоний (қочқинлар бўйича вазир вазифасини бажарувчи)

У задран уруғидан бўлган пуштун, Сирожиддин Ҳаққонийнинг амакиси ва «Ҳаққоний тармоғи» етакчиларидан бири. Халил Ҳаққонийнинг акаси, Жалолиддин Ҳаққоний тармоққа асос солган. Улар Мулла Муҳаммад Умар бошчилигидаги «Толибон» ҳаракатига 1990 йилларнинг ўрталарида қўшилган.

Абдул Ҳақ Восиқ (разведка бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи)

Абдул Ҳақ Восиқ 1971 йилда жанубий-шарқий Ғазна вилоятида туғилган. У 2002 йилда суддан ташқари тартибда Гуантанамо қамоқхонасига юборилган ва 2014 йилнинг майида озод қилинган. Ҳаққоний тармоғига алоқадор бўлган Восиқ ва бошқа тўрт нафар «Толибон» аъзолари асирга олинган АҚШ ҳарбийси Боу Бергдални қайтариш эвазига озодликка чиқарилган.

Тожмир Жавод (разведка бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи)

Ҳаққоний тармоғи раҳбари ҳисобланган Жавод шарқий Хост вилоятидан бўлиб, миллати — пуштун.

Раҳматуллоҳ Нажиб (разведка бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи)

У пуштунларнинг гилзай уруғидан, келиб чиқиши шарқий Логар вилоятидан.

Мулла Муҳаммад Фозил (мудофаа вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи)

1967 йилда Урузган вилояти Жаҳер-Сине туманининг Секзи қишлоғида туғилган Фозил «Толибон»нинг собиқ мудофаа вазири бўлган. 2002 йилда АҚШ уни душман жангчиси деб таснифлагач, Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасига юборилган. Асирга олинган АҚШ ҳарбийси Боу Бергдални қайтариш эвазига Фозил ва бошқа тўрт нафар «Толибон» аъзолари, жумладан, Хайруллоҳ Хайрхва, Абдул Ҳақ Восиқ, Нуруллоҳ Нури ва Муҳаммад Наби Умари озодликка чиқарилган.

Мулла Абдул Ҳақ Восиқ (ички ишлар вазирининг гиёҳвандликка қарши кураш бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи)

Келиб чиқиши Ғазнадан, миллати пуштун бўлган Восиқ маълумотини Покистонда тугатган. Биринчи «Толибон» режими вақтида разведкачи ёрдамчиси сифатида хизмат қилган. АҚШ ҳарбийлари уни 2001 йил Ғазнада ҳибсга олган ва Гуантанамо қамоқхонасига юборган. 12 йил қамоқда сақланган Восиқ маҳбусларни алмашиш тартибида озод қилинган. Восиқ ҳам «Толибон»нинг музокара гуруҳидан жой олган.

Шер Муҳаммад Аббос Станикзай (ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи)

Ҳарбий тайёргарликни 1970 йилларда Ҳиндистонда ўтаган Станикзай «Толибон»нинг аввалги режими вақтида вазир ўринбосари вазифасигача кўтарилган ва кейинроқ Доҳада тинчлик бўйича бош музокарачи бошлиғи вазифасида фаолият олиб борган. 58 ёшли бу пуштуннинг келиб чиқиши Станекзай уруғидан.

Нур Жалол (ички ишлар вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи)

Пуштунларнинг шинвари уруғидан бўлган Нур Жалол Нангарҳар вилоятининг Жалолобод туманида яшайди, асли 1969 йилда Кунар вилоятининг Шегал туманида туғилган.

Забиҳуллоҳ Мужоҳид (ахборотлаштириш ва маданият ишлари вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи)

«Толибон»нинг матбуот котиби бўлган Мужоҳиднинг миллати пуштун, Қандаҳордан.

Мулла Ҳидоятуллоҳ Бадрий (молия вазири вазифасини бажарувчи)

Бадрийнинг миллати пуштун, Жанубий Ҳелманд вилоятининг Сангин туманида туғилган. У ерда ўтган 20 йил ичида «Толибон» АҚШ ва Буюк Британияга қарши оғир жанглар ўтказган.

Мавлави Нуруллоҳ Мунир (таълим вазири вазифасини бажарувчи)

Мунир ҳам Пактиядан бўлган пуштун.

Мулла Муҳаммад Юнус Охундзода (чекка ҳудудларни қайта тиклаш ва ривожлантириш вазири вазифасини бажарувчи)

Охундзода Қандаҳорнинг Шоҳ Вали Кот туманидан, миллати пиштун.

Мулла Абдул Маннон Умари (жамоат ишлари вазири вазифасини бажарувчи)

Умари Қандаҳорда туғилган, пуштунлардан. «Толибон»нинг биринчи олий раҳбари Мулла Муҳаммад Умар Охундзоданинг куёви. Умари ҳаракатнинг Доҳадаги тинчлик бўйича музокарачиларидан бири.

Мулла Ҳамидуллоҳ Охундзода (авиация ва транспорт вазири вазифасини бажарувчи)

Охундзода, биринчи «Толибон» ҳукмронлиги даврида Ariana Afghan Airlines давлат авиакомпаниясининг раҳбари бўлган, Ҳелманднинг Чор Чиней туманидаги Сарполад қишлоғида туғилган. Миллати пуштун.

Аҳмад Жон Аҳмад (маъмурият ишлари раҳбари вазифасини бажарувчи)

Аҳмад, аҳолининг кўпчилик қисмини пуштунлар ташкил этувчи Ғазна вилоятидан.

Шайх Муҳаммад Холид (рағбатлантириш, ахлоққа йўналтириш ва жиноятларнинг олдини олиш бўйича вазир вазифасини бажарувчи)

Шайх Муҳаммад Холид ҳақида ҳозиргача ҳеч қандай маълумот топилмаган.

Олдинроқ «Газета.uz» толибларнинг асосий етакчилари ва улар ҳақда нималар маълумлиги тўғрисида мақолани эълон қилган эди.