Марказий Осиёда қарийб 2,5 млн киши иқлим мигрантларига айланиши мумкин — ЖБ

Иқлим ўзгаришлари 250 млн кишини ўз мамлакатлари ичида кўчишга мажбур қилиши мумкинлигини кўрсатмоқда Жаҳон банки ҳисоб-китоблари. Марказий Осиёда яшаётган қарийб 2,5 млн киши иқлим мигрантларига айланади. Фарғона водийси, Тошкент атрофи, Тожикистон жануби ва Қозоғистон шимоли — оқим манзиллари.

«Президентликка Алишер Қодир…» — Алишер Қодиров сайлов кампаниясини бошлади

Душанба куни президентликка номзодларнинг сайловолди кампанияси бошланди. «Миллий тикланиш» партияси ташвиқот ишларига старт бериб, баннер ва видероликни эълон қилди. Алишер Қодировнинг фамилияси тўлиқ кўринмаганлиги сабабли, баннерда жумлани қуйидагича ўқиш мумкин: «Алишер Қодир».

Оммавий тадбирлар ва йиғилишларни ўтказишга рухсат берилди

20 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда томоша, маданий-кўнгилочар, оммавий тадбирлар ва йиғилишларни очиқ майдонлар ҳамда ёпиқ мажмуаларда ўтказишга рухсат берилди. Маданий-кўнгилочар объектлар ходимлари ва оммавий тадбирлари ташкилотчилари коронавирусга қарши вакцинанинг камида 2 та дозаси билан эмланиши шарт. Ташриф буюрувчиларда эмланганлик тўғрисидаги QR-кодли сертификати бўлиши тавсия этилди.

Жума намозини фақат очиқ саҳналарда адо этиш бўйича чеклов бекор қилинди

Республика махсус комиссияси қарори билан 24 сентябрдан бошлаб жума ва бошқа намозларни масжиднинг фақат очиқ саҳналарида адо этиш бўйича чеклов бекор қилинди.

Тўй ва оилавий маросимларни 100 кишидан кўп бўлмаган ҳолда ўтказишга рухсат берилди

20 сентябрдан тўйхоналарда оилавий тантана, тўй, маърака ва маросимларни ўтказиш 100 кишидан кўп бўлмаган ҳамда санитария ва гигиена талабларига қатьий риоя этган ҳолда ўтказилишига рухсат берилди.

Муҳтож бўлган 100 нафар хотин-қизнинг тўлов-контракти ҳокимликлар томонидан тўлаб берилади

Ҳукумат қарори билан ҳар бир ҳудуддан ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз 100 нафар аёлларнинг тўлов-контракти ҳокимликлар томонидан ҳар йили тўлаб берилади. 50 нафаргача хотин-қизлар биринчи ўқув йилида бепул ўқитилиши ҳам кўзда тутимоқда.

Метро поездларидан бирида техник носозлик юзага келди

Тошкент метрополитени бўш вагоннинг ёпиқ эшиклари олдида кўплаб йўловчилар йиғилган видеога изоҳ берди. Поездлардан биридаги ҳаво тақсимлаш тизимида техник носозлик юзага келган, йўловчилар бекатда тушурилган ва поезд техник кўрик пунктига олиб кетган.

«Халқ сўзи» мухбири Саид Махсумов автоҳалокатда вафот этди

Қорақалпоғистондаги ЙТҲда тўрт киши, жумладан «Халқ сўзи» газетаси мухбири 36 ёшли Саид Махсумов вафот этди.

Шавкат Мирзиёев БМТ сессиясида нутқ сўзлайди

Бугун президент ҳузурида қатор объектлар қурилишига бағишланган тақдимот бўлиб ўтади. Эртага Шавкат Мирзиёев видеоалоқа орқали БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси тантанали очилишида иштирок этади ва нутқ сўзлайди.

Президент Тошкентдаги янги қурилиш лойиҳалари билан танишди

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтда амалга оширилаётган қурилиш лойиҳалари билан танишди. Республика онкология ва радиология тиббиёт марказининг 10 қаватли, 650 стационар ва 100 амбулатор ўринга эга бино лойиҳаси тақдим этилди. Шунингдек, «Янги Ўзбекистон» университетининг ўқув кампуси ва Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий боғи ҳудудидаги янги кутубхона лойиҳаси кўриб чиқилди.

«Сурхон» футболчиси клуб раҳбарияти уни калтаклаганини айтди. Клуб футболчи жамоа раҳбарини ҳақорат қилганини маълум қилди

Термизнинг «Сурхон» клуби футболчиси Жавоҳир Эсонқулов жамоа сардори, клуб спорт директори ва биринчи вице-президенти томонидан дўппосланганини таъкидлади. Клуб эса Эсонқулов жамоа раҳбарининг кабинетига кираверишдаги деворга уни ҳақорат қилувчи сўз ёзиб қолдирганлигини маълум қилиб, фақат иккита футболчи ўртасида муштлашув бўлганини айтди. Футболчининг рафиқаси уни дубинкалар билан калтаклаганини таъкидламоқда.

«Трест-12» давлат улушини сотиб олиш учун аризалар қабули бошланди

«Трест-12» қурилиш компаниясини хусусийлаштиришга тайёргарлик кўрилмоқда. UzAssets инвестиция компанияси «рақобатга асосланган сотув жараёни орқали» «Трест-12» устав капиталидаги 51,12 фоизлик акциялар пакети сотилиши ҳақида эълон берди.

Фуқаролик судларида ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилади

Қонунчиликка фуқаролик процессида соддалаштирилган тартибда иш юритиш институти киритилди. Даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан БҲМнинг 20 бараваридан, ЯТТга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, ишлар соддалаштирилган тартибида кўриб чиқилади.

«Газета.uz»да чиққан мақолалар:

Гуантанамо маҳбуслари, собиқ вазир ва қўмондонлар — Афғонистон муваққат ҳукумати кимлардан тузилган?

«Толибон» томонидан тузилган Афғонистоннинг вақтинчалик ҳукумат таркиби 33 кишидан иборат бўлди. Улар орасида Лавозимларнинг аксарият қисмини пуштунлар эгаллагани ҳолда, бошқа этник гуруҳларга бор-йўғи уч ёки тўртта ўрин ажратилди. Афғонистондаги муваққат ҳукумат таркиби кимлардан иборат ва улар ҳақида нималар маълум?