2050 йилга келиб, иқлим ўзгариши дунёнинг олти минтақасидаги 216 мл кишини ўз мамлакатларининг бошқа қисмларига кўчишга мажбур қилиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон банкининг ўтган ҳафта чоп этилган Groundswell («Тўққизинчи тўлқин») янги ҳисоботида айтилган.

«Иқлим ўзгариши ички миграцияни ҳаракатга келтирувчи қудратли куч бўлиб, у аҳолиниг даромад мабаларига чамбарчас боғлиқ ва унинг таъсири энг кўп сезиладиган ҳудудларда аҳолининг ҳаёт сифатига кескин таъсир кўрсатади», — дейилади ҳисоботда.

Ҳисобот учта минтақа учун прогнозлар ва таҳлилларни ўз ичига олади: Шарқий Осиё ва Тинч океани, Шимолий Африка, Шарқий Европа ва Марказий Осиё. Унда давлат органларига узоқ истиқболдаги режаларни ишлаб чиқишга ёрдамлашиш учун келажакда юзага келиши мумкин бўлган ҳодисаларинг эҳтимолий ривожини тахмин қилишга имкон берувчи сценарийлар асосидаги ёндашувлардан фойдаланилган.

Мазкур ёндашув мамлакат ичидаги иқлим мигрантларининг чиқиб кетиш ва бориб жойлашиш «ўчоқлари», яъни сув танқислиги, экинлар ҳосилдорлиги пасайиши ва денгиз сатҳи кўтарилиши туфайли одамлар чиқиб кетиши кутилаётган жойлар, шунингдек ҳаётни янгидан бошлаш учун қулайроқ бўлган шаҳар ва қишлоқ туманларини аниқлайди.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, бу минтақаларда ички иқлим миграцияси «ўчоқлари» 2030 йилгача шаклланиши мумкин ва 2050 йилга бориб бу жараённинг кўлами ва интенсивлиги ошади. Африка давлатларининг Саҳрои Кабирдан жанубга кўчадиган ички иқлим мигрантлари ички бу йилда 86 млн, Шарқий Осиё ва Тинч океани минтақасида 49 млн, Жанубий Осиёда 40 млн, Шимолий Африкада 19 млн, Лотин Америкасида 17 млн, Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5 млнга етиши мумкин.

Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси учун хулосалар

2050 йилга келиб Шарқий Европа ва Марказий Осиёда 5,1 млн нафаргача иқлим муҳожирлари пайдо бўлиши мумкин. Бу умумий прогноз қилинаётган аҳолининг 2,3 фоизини ташкил қилади. Улардан 2,4 млн нафаргачаси Марказий Осиёда яшайди (ўртача таянч пессимистик сценарий бўйича).

Мутахассисларнинг тахмин қилишича, Фарғона водийси (Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳудудида), Тошкент атрофида ва Тожикистон жанубидаги пасттекисликлар (шу жумладан Душанбеда), шунингдек, Қозоғистон шимолидаги аҳоли зич жойлашган шаҳарлар (Қарағанда, Нур-Султон ва Костанай) иқлим муҳожирлари оқими зонасига айланади. Бу Марказий Осиёнинг ушбу ҳудудларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлиги ортиши кутилаётгани билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.

Экспертлар Қозоғистон жануби, Ўзбекистон ва Тожикистоннинг Фарғона водийсига туташ ҳудудлари, шунингдек, Бишкек атрофидаги ерлар иқлим мигрантларининг чиқиб кетиш зонасига айланишини кутишмоқда. Бу минтақанинг ушбу қисмларида сув таъминоти ва экинлар ҳосилдорлигининг пасайиши билан боғлиқ, дейилади ҳисоботда.

Худди шу сабабларга кўра, Амударё бўйида жойлашган Шарқий Туркманистон ва Ўзбекистон жанубининг айрим ҳудудлари ҳам иқлим муҳожирлари учун потенциал чиқиб кетиш жойлари сифатида қаралади, деб ҳисобламоқда экспертлар.

Экспертлар тавсиялари

Ҳисоботда айтилишича, глобал чиқиндиларни камайтириш ҳамда яшил, инклюзив ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш учун зудлик билан биргаликда чоралар кўриш иқлим миграциясини 80 фоизга камайтириши мумкин.

Мутахассислар иқлим миграцияси таъсирини камайтирадиган ва кутилаётган миграция оқимига тайёргарлик кўрадиган бир қатор сиёсий тавсияларини бердилар, жумладан:

  • глобал миқёсда чиқиндиларни камайтириш ва ҳароратга нисбатан Париж шартномаси (атмосферада карбонат ангидрид газини камайтириш бўйича чора-тадбирларни тартибга солувчи БМТнинг иқлим ўзгариши тўғрисидаги конвенцияси бўйича келишув — таҳр.) мақсадларига эришиш учун барча чораларни кўриш;
  • экологик тоза, барқарор ва инклюзив ривожланишни узоқ муддатли режалаштиришда ички иқлим миграцияси омили ҳисобга олинишини тўлиқ таъминлаш;
  • ички иқлим миграцияси мослашиш стратегияларидан бирига айланиши ва ривожланишнинг ижобий натижаларини бериши учун миграциянинг ҳар бир босқичига тайёргарлик кўриш;
  • мақсадли сиёсатни оқилона ишлаб чиқиш учун ички иқлим миграцияси сабабларини чуқур ўрганишга сармоя киритиш.

Жаҳон банкининг 2018 йилда чоп этилган олдинги «Тўққизинчи тўлқин» ҳисоботи Саҳро Африкаси, Жанубий Осиё ва Лотин Америкасига бағишланган эди. Унда мутахассислар 2050 йилга келиб дунёнинг ушбу уч минтақасида ички иқлим муҳожирлари сони 143 нафарга етишини башорат қилишган.