14 сентябрдан пиёда юриш ва югуришни тарғиб қилиш мақсадида ишга туширилган «Соғлом турмуш тарзи платформаси» (1hls.uz) қадамлар учун пул тўлашни вақтинча тўхтатиб қўйилди, дея хабар бермоқда Туризм ва спорт вазирлиги.

Вазирлик Молия вазирлиги ғазначилигида очилган шахсий ғазна ҳисобварағида 500 млн сўмдан кам маблағ қолса, мобил илова бўйича фойдаланувчиларга тўловлар, ушбу шахсий ғазна ҳисобварағида 5 млрд сўмгача маблағ йиғилгунга қадар автоматик тарзда тўхтатилиши белгилаб қўйилганлигини тушунтирди.

«Шахсий ғазна ҳисобварағига тушадиган тегишли даромадлар манбаларининг бир меъёрда доимий тушиш имконияти чекланган», — дейилади хабарда. Биз аввалроқ фойдаланувчиларга тўловларни молиялаштириш алкоголь ва сигарет ишлаб чиқарувчиларидан олинадиган махсус солиқ ҳисобидан амалга оширилиши ҳақида ёзган эдик.

Мазкур платформа Шавкат Мирзиёевнинг 2020 йил октябрь ойидаги «Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган. Тўловлар июнь ойида бошланган.

10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағлар тўлаб берилган. Шунингдек, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп юрган шахсга 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп юрган шахсга 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп юрган шахсга қўшимча равишда 1 млн сўм тўланиб, жорий йил июнь-август ойлари давомида жами 206,7 млн сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳамёнига ўтказиб берилган.

Маълумот учун, июль ойида Тошкент шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро энг яхши натижани кўрсатган ҳолда, иловада 1,8 миллиондан ортиқ қадам (кунига тахминан 42 км) юргани ҳақида ёзган эдик. Бунинг учун унга 1,8 миллион сўм, туман ва вилоятлардаги ғолибларга эса жами 68 миллион сўмдан тўланиши керак эди.

Аввалроқ, «Газета.uz» 1hls иловасини мобил телефонга юклаш, ундан фойдаланиш ва пулни банк картасига ўтказиш бўйича қўлланмани эълон қилган эди.