Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода эркак киши 12 сентябрга ўтар кечаси унинг 14 ёшли ўғли Тошкент денгизида (Туябўғиз сув омбори) содир бўлган йўл-транспорт ҳодисасида вафот этганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, бахтсиз ҳодиса Миллий гвардиянинг маст ходими туфайли содир бўлган, у Matiz автомобилини ҳайдаб кетаётиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланаётган Damas`га халақит берган, натижада ҳайдовчи ўнгга буриб, йўл четида турган пиёдани уриб юборган. Кузатув камераларидаги ёзувда биринчи машинани бошқарган одамнинг воқеа жойидан қочишга уринганини кўриш мумкин.

ИИВ ЙҲХББ маълумотларига кўра, икки автомобиль иштирокидаги авария 12 сентябрь куни тахминан 1:30 да Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманидаги «Қорасув-Бекобод» йўлининг 8-километрида содир бўлган. Matiz автомобилини Т. М. (1980 й. т.), Damas`ни эса Г. Э. (1978 й. т.) бошқариб келаётган бўлган.

ЙТҲ натижасида иккинчи автомобиль ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг ўнг томонида турган А. К.ни (2007 й. т.) уриб юборган. Ўсмир олган тан жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.

Дастлабки терговда Matiz ҳайдовчисининг ҳақиқатдан ҳам маст ҳолда бўлгани тасдиқланган. Бироқ хабарда унинг иш жойи аниқлаштирилмаган.

Мазкур ҳолат юзасида Жиноят кодексининг 266-модда 2-қисми (йўл ҳаракати қоидаларини бузиш одам ўлимига олиб келса) бўйича жиноят иши қўзғатилди, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Ижтимоий тармоқларда марҳум А.К.нинг отаси ўғлини уриб юборган маст ҳайдовчи Миллий гвардия ходими эканини айтиб, видеомурожаат билан чиқди.

Миллий гвардия қўриқлаш бош бошқармаси матбуот хизматининг хабарига кўра, мазкур ҳолат юзасидан ўрганишлар олиб борилган.

Қайд этилишича, ҳодисадаги давлат рақами Matiz ҳайдовчиси Т.М. Миллий гвардия ходими эмас. У олдин Тошкент шаҳар Қўриқлаш бошқармасининг ходими бўлган ва ўз хоҳиши билан ишдан бўшатилган.