Бугун ва эртага республика ҳудуди бўйича қуёшли ва жуда илиқ об-ҳаво сақланиб туради. Кундуз кунлари ҳарорат +35…+37 даражагача кўтарилади. Бу ушбу кунлар меъёридан +2…+4 даражага юқори бўлади, дея хабар бермоқда Ўзгидромет.

Ўзбекистоннинг шимолий чекка ҳудудларига бугундан бошлаб Волга бўйи ҳудудларидан совуқ антициклон кириб келиши бошланади. Шанба кунига келиб, ҳаво ҳарорати +30…+33 даражагача, Устюртда +23…+26 даражагача пасаяди. Шимолда ва чўл ҳудудларида шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши кутилмоқда.

Якшанба кунидан бошлаб совуқ фронт кириб келишида қуруқ ва салқин ҳаво Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тарқалади. Республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15−20 м/с гача кучайиши мумкин. Ҳаво ҳарорати кундуз куни +32…+35 даражагача, Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида +22…+27 даражагача пасаяди.

Кейинги ҳафтанинг бошида совуқ антициклон таъсири кучаяди. Бутун ҳудудда ёғингарчиликсиз об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати барча жойларда иқлимий меъёрларгача пасаяди, кечалари ва эрталабки соатларда +10…+13 даражани, кундуз кунлари +26…+29 даражани ташкил этади.