Душанбеда ўтаётган ШҲТ саммитида Давлат раҳбарлари кенгаши Руслан Мирзаев номзодини ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси Ижроия қўмитаси директори лавозимига тасдиқлади. У ўз вазифасини бажаришга 2022 йил 1 январдан киришади. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.

Руслан Мирзаев Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши масъул ходими ҳисобланади.

Бу лавозимда 2019 йил январидан ШҲТ РАТС Ижроия қўмитаси директори лавозимида ишлаб келган Тожикистон вакили Жумахон Ғиёсов ўрнини эгаллайди.

Бир неча йиллар мобайнида Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирда Давлат ҳавфсизлиги хизмати) органлари ва бўлинмаларида, Ўзбекистон Қуролли Кучларида, Қуролли Кучлар Бирлашган штабида, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги қўшинларида раҳбарлик лавозимларида фаолият юритган. Президент аппарати, Миллий хавфсизлик кенгашида масъул лавозимларда ишлаган.

ШҲТ МАТТ Ижроия қўмитаси доимий фаолият кўрсатувчи орган ҳисобланади. Ташкилотнинг бош қароргоҳи Тошкентда жойлашган. Директор Давлат раҳбарлари кенгаши томонидан МАТТ Кенгаши тавсиясига биноан ШҲТ мамлакатлари фуқаролари орасидан уч йил муддатга тайинланади.