Ижтимоий тармоқларда Қашқардарё вилоятида ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасида жанжал содир бўлгани акс этган видеолавҳалар тарқалди. Мазкур ҳолат юзасидан вилояти ИИБ ахборот хизмати изоҳ берди.

Маълум қилинишича, 16 сентябрь куни Косон тумани Бойтерак қишлоғида яшовчи фуқаро Н.А. ва Н.А. Қарши шаҳар, Нефтчилар маҳалласида яшовчи таниши Ҳ.Ф. билан спиртли ичимлик истеъмол қилишиб, маст ҳолатда соат 22:30 ларда Қарши шаҳрида жойлашган «Яшил бозор» супермаркети ёнида бир-бирларини уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, бақириб, ён атрофдаги фуқароларни тинчлигини бузган.

Қайд этилишича, вилоят ИИБ ППХ ва ЖТСБ патруль-пост хизмати ходимлари хизмат тақсимотига асосан Қарши шаҳар «Пахтазор-1» маҳалласи ҳудуди бўйлаб хизматга бириктирилган ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХБ ходимлари Б.Расулов, Ф.Рўзиқулов ва Д.Нурматовлар уларнинг ёнига қелган. Улар фуқаролар ўрталарида келиб чиққан жанжални тўхтатиб, жамоат тартибини сақлаш ва уларнинг шахсига ойдинлик киритиш мақсадида Қарши шаҳар ИИО ФМБ биносига боришни таклиф қилган.

Қўшимча қилинишича, фуқаролар ИИБ ходимларини турли уятли сўзлар билан ҳақорат қилиб, қонуний талабларига бўйсунмасдан бўйин қисмидан бўғиб, ерга йиқитган. Шунингдек, уларга турли даражада тан жароҳати етказиб, ўзини хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишга мажбур қилган.

Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 219-моддаси 2-қисми (Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилиш) ва 277-моддаси 3-қисми «г» банди ((Безорилик жамоат тартибини сақлаш вазифасини бажариб турган ҳокимият вакили ёки жамоатчилик вакилига ёхуд безорилик ҳаракатларининг олдини олиш чорасини кўрган бошқа фуқароларга қаршилик кўрсатиб содир этилган бўлса) билан жиноят иши қўзғатилиб, Н. А., Н. А. гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ҳамда ҳимоя ҳуқуқи билан таъминланиб, ЖПКнинг 221-моддаси (Ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган.

Жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратураси томонидан олиб борилмоқда.