16 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев «Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида» ги қарорни имзолади. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабар берди.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, Ўзбекистон томонидан 2021 йил 28 май куни Минск шаҳрида бўлиб ўтган МДҲ иштирокчи-давлатларининг Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган ташкилот иштирокчи-давлатлари аҳолиси бандлигига кўмаклашиш соҳасида ҳамкорлик тўғрисида Битим тасдиқланди.

«Мазкур Битимнинг Ўзбекистон томонидан тасдиқланиши меҳнат миграциясини тартибга солиш бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аҳоли бандлигини таъминлашга кўмаклашувчи ахборот порталларини интеграция қилиш орқали МДҲ иштирокчи-давлатлари меҳнат бозоридаги мавжуд иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни мунтазам янгилаб бориш, шунингдек, МДҲ иштирокчи-давлатлари ҳудудида норасмий бандликни қисқартириш бўйича самарали ҳамкорликни амалга оширишга хизмат қилади.», — дейилади хабарда.