Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази август ойида маҳаллий автомобиль бозорида савдо ҳажми июль ойига нисбатан сезиларли даражада ўсганини қайд этди. Бу ҳақда ташкилот «Газета.uz»га хабар берди.

Август ойида республикада автомобиллар олди-сотдиси бўйича битимлар сони сезиларли даражада ошди. Шундай қилиб, жорий йилнинг июль ойига нисбатан ўсиш 21,4% ни ташкил этган. Ички бозорда бўлган талаб миқдори 2020 йил август ойи билан таққослаганда 8,6%га камайган, бу эса бир қатор сабаблар билан изоҳланади. «Хусусан, ўтган йилнинг июль ойида жорий қилинган локдаундан кейин август-декабрь ойларида кечиктирилган талаб қондирилган эди», — дейилади хабарда.

Рўйхатга олинган ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши индекси. Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Август ойида сезиларли ўсишга қарамай, автомобиль бозорида савдо ҳажми карантиндан олдинги даражасига етмади. Шундай қилиб, автомобиль савдоси 2019 йил август ойига нисбатан 5,1% га бир оз камайди.

Аввало, коронавирус пандемияси оқибатида микрочипларнинг глобал тақчиллиги ички автомобиль бозоридаги фаолликка босим ўтказишда давом этмоқда, бу эса етказиб бериш муддатини оширмоқда.

Август ойида янги автомобиллар савдоси (12,1 минг) ўтган июль ойига (18,5 минг) нисбатан 34,9% га камайган бўлса, август ойида иккиламчи бозорда автомобиллар савдоси (45,3 минг) 57,6% га кўпайган.

Экспертлар янги автомобиллар савдосининг камайишини жорий йил 15 июлидан 21 августигача бўлган даврда UzAuto Motors Асака автомобиль заводида Chevrolet Onix ва Tracker моделларини ўзлаштириш доирасида ишлаб чиқариш имконини берадиган ўрнатиш ва ишга тушириш ишлари амалга оширилиши сабабли ишлаб чиқаришнинг вақтинчалик тўхтатилганлиги билан изоҳлашмоқда.

2021 йилдабирламчи ва иккиламчи автомобил бозори. Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Ҳудудлар кесимида энг юқори ўсиш суръатлари Тошкент (97,2%), Қашқадарё (36,2%), Фарғона (20,4%), Навоий (27,7%), Андижон (12%) ва Сурхондарё (2,9%) вилоятларида, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида (3,8%) кузатилди.

2021 йилнинг август ойида 10,6 минг дона янги енгил автомобиллар давлат рўйхатидан ўтказилди (июль ойига нисбатан камайиш 38,5%). Шундан, 1021 таси (10,7%) чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар ҳисобланади.

Умуман, январь-август ойларида республика бўйича 122,4 минг дона янги енгил автомобиллар, шундан, 6,2 минг дона чет элда ишлаб чиқарилган автомобиллар сотилган.

2021 йилнинг январь-август ойларида маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдоси улуши. Фото: Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

«Газета.uz» аввалроқ Ўзбекистонда 7 ой ичида 124,9 минг дона — ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 25,9 фоизга кам автомобиль ишлаб чиқарилгани ҳақида ёзган эди. Nexia ва Spark моделларини ишлаб чиқаришда энг кўп тушиш қайд этилган.