Ўзбекистонда жойлашган Қуйи Амударё давлат биосфера резервати 16 сентябрь куни ЮНЕСКОнинг «Инсон ва биосфера» дастури доирасида бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига киритилди, дея хабар қилди халқаро ташкилот матбуот хизмати.

Ўзбек қўриқхонаси билан бир қаторда тармоққа 21 мамлакатдан 20 та янги объект киритилган. Шундай қилиб, тармоқ дунёнинг 131 мамлакатидаги 727 та резерватни, шу жумладан 22 та трансчегаравий объектни ўз ичига олади. «ЮНЕСКОнинг биосфера қўриқхоналари ҳозирда қуруқликнинг 5 фоизидан кўпроғини эгаллайди ва уларнинг ҳудудида биологик хилма-хилликни сақлаш, экологик таълим, тадқиқотлар ва барқарор ривожланиш туташади», — дейилади хабарда.

Қуйи Амударё давлат биосфера резервати Амударё қуйи оқимининг шимолий қисмида, Орол денгизининг собиқ соҳили жануби-шарқида жойлашган. Ҳисоботда айтилишича, бу Марказий Осиёдаги энг йирик табиий тўқайлардан бири бўлиб, у глобал нуқтаи назардан йўқ бўлиб кетиш хавфи остида турган ноёб экотизимдир, дея қайд этилди хабарда.

Бу ҳудуд ўсимликлар ва ҳайвонларнинг муҳим яшаш жойи бўлиб, Ўрта Осиёнинг чўл минтақаларида энг юқори биологик хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Бу шунингдек, йўқолиб кетиш хавфи остида турган Бухоро кийикларининг (Cervus hanglu bactrianus) қўриқланадиган табиий яшаш жойидир.

«Бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига қўшилиш орқали Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг манфаатдор томонлари, хусусан, табиий ландшафтларни, тўқай ўрмонларининг ҳайвонот ва ўсимлик турларини, шунингдек, Ўрта Осиё қирғоқбўйи ўрмонларининг бошқа табиий хусусиятларини сақлаш ва тиклашга интилишади», — деб таъкидланди ЮНЕСКО хабарида.

Маълумот учун, Қуйи Амударё биосфера резервати Қорақалпоғистон Республикасининг Беруний ва Амударё туманлари ҳудудида жойлашган. Марказий Осиё ўрмонларининг 20 фоизи ва Ўзбекистон ўрмонларининг 74 фоизи мана шу ҳудудга тўғри келади. Қўриқхонанинг умумий майдони — 69 минг гектарга яқин. Резерватда мавжуд 419 турдаги ўсимликларнинг 2 тури, 36 турдаги ҳайвоннинг 1 таси, 43 балиқ турининг 12 таси ва 246 қуш туридан 23 тури Қизил китобга кирган.

Қуйи Амударё давлат биосфера резерватининг номинацион пакети Ўзбекистон Республикаси экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси томонидан Германия халқаро ҳамкорлик жамияти ва М. Зукков табиатни асраш фонди кўмагида тайёрланган.

Ўзбекистон Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси матбуот хизматининг хабар қилишича, янги резерватнинг бутунжаҳон биосфера қўриқхоналари тармоғига қўшилиши ЮНЕСКО билан ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради, яъни «Инсон ва биосфера» дастури доирасида қуйидаги йўналишлар бўйича техник қўллаб-қувватлашга эга бўлади:

  • Инсон ва табиий фаолият натижасида юзага келадиган биосферадаги ўзгаришларни ва бу ўзгаришларнинг одамлар ва атроф-муҳитга таъсирини, хусусан иқлим ўзгариши шароитида аниқлаш ва баҳолаш;
  • Табиий экотизимлар ва ижтимоий-иқтисодий жараёнлар ўртасидаги динамик ўзаро боғлиқликни хусусан, биологик ва маданий хилма-хилликнинг тез йўқолиши шароитида экотизимларнинг инсон фаровонлиги учун хизмат қилишини ўрганиш ва қиёслаш;
  • Атроф-муҳит ўзгариши омили сифатида жадал урбанизациялашуви ва энергия истеъмоли шароитида инсоннинг фаровонлиги ва яшаш муҳитини таъминлаш;
  • ️Экологик муаммолар ва ечимлар тўғрисида билим ва тажриба алмашиш ва рағбатлантириш, барқарор ривожланиш учун экологик таълимни тарғиб этиш.

Шундай қилиб, тармоққа киритилган қўриқхоналар сони иккитага етди: биринчиси — Чотқол давлат биосфера резервати (1978 йилда киритилган).