Бугун, 16 сентябрь куни президент Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига жўнаб кетди, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Саммитда ташкилотга аъзо мамлакатлар, кузатувчи мақомидаги ва мулоқот бўйича шерик давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари иштирок этади.

«Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолияти ҳамда Тожикистон раислигининг якунлари кўриб чиқилиб, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинади. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади», — дейилади хабарда.

Саммит якунида Душанбе декларацияси қабул қилиниши ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Шунингдек ШҲТга раислик Ўзбекистонга ўтади.

Анжуман доирасида «ШҲТ — КХШТ» форматидаги учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган.