Афғонистонда хорижий визалар «қора бозори» шаклланмоқда — ОАВ

Aфғонистонда виза олишнинг расмий тартибларини четлаб ўтиш амалиёти кенг тарқалмоқда, деб ёзмоқда TOLO news. Нашр хабарига кўра, бунга «Толибон»нинг ҳокимиятга келишидан сўнг, Кобулдаги кўпгина хорижий элчихоналар ёпилгани ва айни пайтда Aфғонистонни тарк этишни хоҳловчилар сони ортгани сабаб бўлган.

Кобул шаҳрида яшовчи Муҳаммад Харун TOLO news’га берган интервьюсида Покистон визаси борлигини, лекин чегарани «Торкҳам» назорат-ўтказиш пункти орқали ўтишга уринганида «рухсатнома» йўқлиги сабабли Покистонга кира олмаганини айтди. Унинг айтишича, бундай «рухсатнома»ни Покистон элчихонаси яқинида 200−300 долларга сотиб олиш мумкин.

Кобулдаги сайёҳлик агентлиги директори Шафи Самимнинг телевидениега айтишича, одамлар «қора бозорда» одатдагидан икки ёки уч баравар қиммат нархда визаларни сотиб олишади. Самимга кўра, одамлар Покистонга 350 доллар, Тожикистонга 400 доллар, Ўзбекистонга 1350 доллар ва Туркияга 5 минг доллар нархда виза сотиб олишади. Унинг қўшимча қилиша, аввалги ҳукумат пайтида Покистон визаси тахминан 15 доллар, Ҳиндистон визаси 20 доллар, Тожикистон ва Ўзбекистон визалари 60 доллар, Туркия визаси 120 доллар бўлган.

Шу билан бирга, мамлакат фуқаролари ва сайёҳлик агентликлари хорижий давлатларни «қора бозорни» йўқ қилиш мақсадида ўз элчихоналарини қайта очишга чақиришди.


Хитойда 1 млрддан ортиқ аҳоли COVID-19'га қарши тўлиқ эмланди

Бу мамлакат аҳолисининг 70 фоизини ташкил қилади. Таъкидланишича, 15 сентябрь ҳолатига кўра, жами 2,16 млрд дозадан фойдаланилган, бу бутун дунё бўйлаб қўлланилган миқдорнинг (5,18 млрд) учдан бир қисми.

Bloomberg’нинг маълумотларига кўра, Пекинда ёши катта аҳолининг 97 фоизидан ортиғи коронавирусга қарши тўлиқ эмланган. Тяньцзинда 12 ёшдан ошган аҳолининг қарийб 80 фоизи эмланди. Шанхай ва Чжэцзян провинцияларида бу кўрсаткич 80 фоизга яқинлашди. Шундай қилиб, эмлаш даражаси бўйича Хитой Европа Иттифоқи ва AҚШни ортда қолдирди, деб ёзмоқда агенлик. Шу билан бирга, Пекин пандемия туфайли жорий қилинган карантин чекловларини юмшатишни режалаштирмаяпти.

Хитойда, 10 ой олдин Sinopharm компаниясининг коронавирусга қарши вакцинасини фавқулодда фойдаланиш учун тасдиқланганди. Бу препаратдан ташқари, мамлакатда яна олтита вакцинадан фойдаланилади. Эмлаш кампанияси 12 ёш ва ундан катта бўлган фуқароларни қамраб олади. — Bloomberg.


КХШТ Тожикистонда бир нечта йирик ҳарбий машғулотларни ўтказади

КХШТ бош котиби Станислав Зась бир ойдан сўнг Тожикистон-Aфғонистон чегараси ҳудудида ташкилот жамоавий кучларининг йирик ҳарбий машғулоти ўтказилишини эълон қилди.

«Ташкилот чегарадаги вазият кескинлашган тақдирда Тожикистон хавфсизлигини таъминлашга қаратилган амалий жамоавий чораларни ишлаб чиқди. Шу мақсадда Тожикистон-Aфғонистон чегараси яқинида бир ойдан сўнг КХШТ коллектив кучларининг кенг кўламли машғулотлари ўтказилади. Бу разведка кучларининг машғулотлари — „Поиск“, моддий-техник таъминоти кучларининг машғулотлари — „Эшелон“ ва бу йилги энг катта машғулотимиз — „Взаимодействие“ — коллектив тезкор кучлари иштирокидаги ҳамда „Кобальт“. Aйтганча, уларнинг барчаси битта режа асосида ўтказилади», — деди у.

Засга кўра, КХШТ Тожикистон-Aфғонистон чегарасидаги вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. «Тожикистон, барчангиз яхши биласиз, Aфғонистон билан энг узун чегарага эга — 1344 км. У [чегара] кўп жойларда ўтиш қийин бўлган тоғли ҳудудлардан ўтади», — дея қўшимча қилди у. — ТАСС.


SpaceX биринчи тижорат экипажини орбитага олиб чиқди

Фото: SpaceX

Crew Dragon Resilience космик кемаси дунёдаги биринчи тижорат экипажи билан Ер орбитасига чиқарилди. Falcon 9 ракета ташувчиси Флориданинг Канаверал бурнидаги космодромдан Тошкент вақти билан 05:02 да учирилди. Космик кема 575 км баландликдаги орбитага чиқарилади.

Inspiration 4 миссияси иштирокчилари:

  • АҚШнинг Shift4 Payments компанияси раҳбари Жаред Айзекман;
  • St. Jude Children’s Research Hospital болалар касалхонаси шифокори Хейли Aрсено;
  • NASA фазогири собиқ номзоди, геофизик Сиан Проктор;
  • Lockheed Martin компанияси муҳандиси, AҚШ ҳарбий ҳаво кучларининг нафақадаги ҳарбийси Кристофер Семброски.

Таъкидланишича, Айзекман Inspiration 4 миссияси Aрсено ишлаётган шифохонага маблағ йиғиш мақсадида ташкил қилган. Экипаждаги иккита ўрин хайрия онлайн танлови орқали аниқланган.

Уч кунлик орбитал парвоздан сўнг кема Флорида ҳудудида, Aтлантика океанига қўниши керак. — Spot.


Шунингдек:

  • АҚШ, Австралия ва Буюк Британия AUKUS мудофаа альянси тузилишини эълон қилишди. Пакт доирасида Австралия ўз тарихида илк бор атом сувости кемаларини қуришга муваффақ бўлади.
  • АҚШнинг Time журнали 2021 йилнинг энг нуфузли одамлари рўйхатини эълон қилди. Ушбу рўйхатга шаҳзода Гарри ва Меган Маркл, хонанда Билли Айлиш, россиялик мухолифатчи Алексей Навальний, «Толибон» вакили Абдул Ғани Бародар, АҚШ президенти Жо Байден кирган.
  • Беларусда AҚШ фуқаролари учун 30 кунлик визасиз режим бекор қилинди. Бундан ташқари, рўйхатдан Хитой ва Албания чиқарилиб ташланди. Шу билан бирга, 30 кунлик визасиз режим Эрон фуқаролари учун жорий қилинди.