Давлат Солиқ қўмитаси солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаш мақсадида банкротлик эълон қилинган 3500 ҳолат аниқланганлигини маълум қилди.

ДСҚ матбуот хизмати берган маълумотларига кўра, тадбиркорлик субъектлари томонидан сунъий равишда умидсиз солиқ қарздорлигини юзага келтириш ҳолатлари кузатилмоқда. Бу жараёнларда асосан корхона таъсисчиси ва раҳбарлари фаол иштирок этаётганлиги қайд этилган.

Хусусан, сўнгги 3 йилда 4 минг нафар таъсисчи ва корхона раҳбари томонидан солиқ тўлашдан қасддан бўйин товлаш мақсадида 3,5 мингта хўжалик субъекти ташкил этилган.

Натижада ушбу тоифадаги корхоналар бюджет олдида 6,7 трлн сўм умидсиз солиқ қарздорлигини ҳосил қилган ҳолда банкротлик асосида тугатилган.

Ҳозирда банкротлик асосида тугатилган корхоналар таъсисчилари томонидан янгидан корхоналар ташкил этилиши давом этмоқда.

«Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ДСҚ органлари томонидан мазкур субектлар фаолияти қатъий назоратга олиниб, тегишли тартибда назорат тадбирлари амалга оширилиб борилиши кўзда тутилган», — дейилади ДСҚ хабарида.

Маълумот учун, май ойи охирида ўтказилган сенатнинг 15-ялпи мажлисида сенат раиси Танзила Нарбаева корхона ва ташкилотларни банкрот деб эълон қилиш учун ҳужжатларни расмийлаштириб, судга тақдим этаётган суд бошқарувчиларига катта миқдорда мукофот пули тўланаётганини танқид қилган эди.

«2019−2020 йилларда 10 мингга яқин корхона ва ташкилот банкротликнинг соддалаштирилган тамойиллари асосида тугатилган. Бироқ, улардан бюджет олдидаги қарзларини ундириш масаласи ниҳоятда паст — 0,07 фоизни ташкил қилади. Айни вақтда мазкур тугатиш ишлари учун суд бошқарувчиларига республика ва маҳаллий бюджетдан катта миқдорда мукофот пуллари тўлаб борилган. Яъни, суд бошқарувчиларига тўлаб берилаётган пуллар — улар ёрдамида бюджетга ундирилган маблағлардан бир неча баробарга кўп», — деган эди Сенат раиси молия вазирига юзланиб.

Молия вазири Тимур Ишметов эса мазкур тартиб 2021 йил биринчи чорагидан бошлаб тўхтатилгани ва қайта кўриб чиқилаётганини маълум қилган эди.