16 сентябрь куни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлигида Қорақалпоғистонда 100 МВт қувватга эга шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер натижалари эълон қилинди, дея хабар бермоқда вазирлик ахборот хизмати.

Тендерда иштирок этишга 70га яқин хорижий компания қизиқиш билдирган. Олдиндан малакали танловда Хитой, Жанубий Корея, Япония, Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Туркия, Россия, Сингапур, Чехия ва Франциядан 16 та компания иштирок этиб, улардан 12 таси ушбу танловдан муваффақиятли ўтган.

Тендернинг якуний босқичида Бирлашган Араб Амирликларининг Abu Dhabi Future Energy company PJSC (Masdar) (БАА) компанияси, ACWA Power (Саудия Арабистони) ва Voltalia (Франция) компанияси ўзаро рақобатлашган.


Ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,5695 АҚШ центига тенг тарифни таклиф қилган ACWA Power (Саудия Арабистони) компанияси шамол электр станциясини қуриш бўйича халқаро тендер ғолиби деб, эълон қилинди. Ишлаб чиқариладиган 1 кВт/с электр энергия учун 2,6550 АҚШ центига тенг тарифи билан Masdar (БАА) компанияси ушбу тендернинг захира ғолиби деб, эълон қилинди.

«Инвестициявий мажбуриятларга мувофиқ, шамол электр станцияси 2023 йилнинг ўрталарига келиб ишга туширилади. Электр станциясининг ишга туширилиши йилига 400 миллион кВт/с экологик тоза электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлайди», — дейилади хабарда.

ШEС Қорақалпоғистон Республикасининг Қораузоқ ва Беруний туманлари ҳудудида жойлашади. Лойиҳаларни амалга оширишга жалб этиладиган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 140 млн долларга баҳоланмоқда.

Лойиҳа Ўзбекистон Ҳукуматининг муқобил электр энергия манбаларини жорий этиш орқали мамлакат энергетика балансини диверсификация қилишга қаратилган дастурининг бир қисмидир. Унинг амалга оширилиши мамлакатнинг умумий энергия балансида қайта тикланадиган манбалардан ҳосил бўладиган электр энергияси улушини 25 фоизга етказиш мақсадига эришишга хизмат қилади ҳамда 110 мингга яқин хонадонга электр энергияси етказиб бериш, атмосферага чиқариладиган углерод чиқиндиларини йилига 157 минг тоннага камайтириш ва қурилиш даврида мингдан ортиқ янги иш ўрни яратишга имкон беради.

2020 йил март ойида Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ва ACWA Power компанияси умумий қиймати 1,2 млрд долларга тенг бўлган электр энергиясини сотиб олиш бўйича 25 йиллик шартнома имзолади. Электр қуввати 1500 МВт бўлган газ турбинали электр станцияси томонидан ишлаб чиқарилади. У Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида қурилади.

Энергия вазирлиги ACWA Power билан яна иккита ҳужжатни имзолади. Улардан бири 0,55−1,1 млрд долларга 500−1000 МВт қувватга эга шамол станцияси қурилиши тўғрисида. Аввал хабар қилинганидек, Навоий вилоятида шамол станцияси қурилиши режалаштирилган. Ҳозир потенциал қурилиш майдони аниқланмоқда ва электр станциясини 2022 йилда ишга тушириш режалаштирилган.