Собиқ Андижон вилояти ҳокими Қобилжон Обидовга «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони қайтариб берилди

2004 йилда собиқ Андижон вилояти ҳокими, 11 йил мобайнида вилоятни бошқарган Қобилжон Обидовдан «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони «номаълум сабабларга кўра» қайтариб олинган эди. Президент Шавкат Мирзиёев фармонига асосан унга мазкур унвон ҳамда «Олтин юлдуз» медали қайтариб берилди.

Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм ҳокимлари Олимпия ва Паралимпия совриндорларини мукофотлади

Андижон, Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари раҳбарлари Олимпия ва Паралимпия ўйинларида совриндор бўлган спортчиларни автомашина ва уй билан мукофотлади. Аввалроқ, спортчиларга президент совғаси ҳам топширилган эди.

26 сентябрь ДХХ ходимлари куни этиб белгиланди

26 сентябрь Давлат хавфсизлик хизмати органлари ходимлари куни этиб белгиланди. 1991 йил шу куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти ЎзССР КГБсини тугатиш ва МХХни тузиш тўғрисидаги қонунга имзо чеккан эди. 2018 йилда Миллий хавфсизлик хизмати Давлат хавфсизлик хизматига айлангач, байрам ДХХ куни деб номланди ва 5 апрель куни нишонлана бошланди.

Шўрчи тумани ҳокими сохта ҳужжат асосида қурилиш учун ер ажратган, натижада 160 тупдан ортиқ тут дарахти кесиб ташланди

Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида 160 тупдан ошиқ тут дарахти кесиб ташланган ва тутзор боғ ўрнида қурилиш бошланган. Ўрганишларга кўра, туман ҳокимлиги сохта ҳужжатга асосланиб, ушбу ҳудудни автобус бекати ва шаҳобча қуриш учун ажратиш бўйича қарор чиқарган. Ҳозирда қурилиш тўлиқ тўхтатилган.

«Бунча катта „дух“ қаердан пайдо бўлди?» — Расул Кушербаев «Амирсой» да 700 туп дарахтлар кесилиши ҳақида

Депутат Расул Кушербаев Бўстонлиқ туманидаги «Амирсой» курорт зонасида 700 туп атрофидаги қимматбахо дарахтларни кесиб ташлаганини «ҳеч нарса билан оқлаб бўлмаслигини» таъкидлади. «Шунча гапдан кейин ҳам ҳар хил бахоналар билан дарахткесарлик давом этмоқда. Бунча катта „дух“ қаердан пайдо бўлди?», — деб ёзади депутат.

Фото: Ўзбекистон делегациясининг толиблар билан учрашуви қандай ўтди

14 сентябрь куни Ўзбекистон афғон халқига 25 та вагонда зарур маҳсулотлардан иборат инсонпарварлик ёрдамини юборди. Ўзбекистон делагацияси «Толибон» вакиллари билан учрашиб, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди ва эсдалик совғаларини топширди.

Ўзбекистон Қирғизистондаги театрни таъмирлашга 5 млн доллар сарфлайди

Қирғизистонда Бобур номидаги Ўш академик ўзбек мусиқали драма театрида реконструкция ишлари бошланди. Мажмуадаги қиймати 5 млн долларлик бўлган ишларни Ўзбекистон молиялаштиради.

Тошкентда иссиқ сув ўчирилади (жадвал)

Тошкентда 13 сентябрдан иссиқ сувни беш кунлик режали ўчириш бошланди. Жараён 8 октябргача давом этади.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммаси қопланади

Президент қарори билан махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммаси 7 кун ичида қоплаб берилиши белгиланди. Шунингдек 15 сентябрдан бошлаб уларга маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган материалларни импорт қилганда ҚҚС ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

Ўзбекистонликларга нотариус орқали чет эл валютасида ўзаро қарз олишга рухсат берилди

Президенти фармонига мувофиқ, айрим шартномаларни тузишда ўрнатилган сунъий чекловлар олиб ташланмоқда. Жисмоний шахсларга нотариал тасдиқлаш орқали чет эл валютасида ўзаро қарз бериш ва қайтаришга рухсат берилади. Шунингдек, 2022−2023 ўқув йилидан ОТМда ўқитиш бўйича шартномалар электрон шаклда тузилади.

Ягона портал орқали «тонировка»га рухсатнома олиш бошланди

ЯИДХПда автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга («тонировкага») рухсатнома олиш хизмати йўлга қўйилди. 1 октябрдан бошлаб рухсатнома фақат онлайн тарзда берилади (нархи 10 фоизга пасайтирилган). У электрон ва қоғоз шаклда тақдим этилиши мумкин.

Фарғона вилоятининг айрим ҳудудларига алоҳида тартибдаги солиқ режими жорий этилади

Президент Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Унга кўра, Фарғона вилоятининг баъзи туманларида солиқ солишнинг алоҳида тартибини назарда тутувчи солиқ режими киритилди.

Тошкентда «Ҳизб ут-Таҳрир» аъзолари фаолиятига чек қўйилди — ИИВ

Ички ишлар вазирлиги Тошкент шаҳрида «Ҳизб ут-Таҳрир» террористик ташкилоти аъзолари қўлга олинганини маълум қилди. Ушбу шахслар муқаддам мазкур ташкилот сафида содир этган жинояти учун жазо муддатини ўтаб чиққан шахслар ҳисобланадилар. Ҳозирда тергов-суриштирув тадбирлари давом эттирилмоқда.