11 йил давомида Андижон вилоятини бошқарган Қобилжон Обидовга президент фармонига асосан «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ва «Олтин юлдуз» медали қайтариб берилди, деб хабар бермоқда «Дарё».

Қобилжон Обидов 1951 йилда Қўрғонтепа туманида туғилган бўлиб, 1972 йилда Андижон пахтачилик институтининг Гидромелиорация факультетини тамомлаган. Турли йилларда қурилиш трестининг иш бошқарувчиси, ёрдамчи корхоналар бошқармаси бошлиғи, технологик жамлаштириш бошқармаси бош муҳандиси, трест бошқарувчиси вазифаларида ишлаган.

1988−1993 йилларда Марҳамат тумани ҳамда Андижон шаҳрига раҳбарлик қилган. 1993−1996, 1997−2004 йилларда Андижон вилоятини бошқарган. 1996 йилдан 1997 йилга қадар бош вазирнинг биринчи ўринбосари бўлган.

Қобилжон Обидов 1995 йилда «Меҳнат шуҳрати» ордени, 1998 йилда эса «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони билан мукофотланган.

2004 йилда унинг «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони «номаълум сабабларга кўра» қайтариб олинган. Хорижий ОАВларда унвон унинг ўғли билан боғлиқ жиноят иши ортидан қайтариб олингани таъкидланади, деб қайд этди «Дарё».

Мустақилликнинг 30 йиллиги арафасида Қобилжон Обидовга Шавкат Мирзиёев фармони билан «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони ҳамда «Олтин юлдуз» медали қайтариб берилди.