Сурхондарё, Андижон, Самарқанд ва Хоразм вилоятлари ҳокимлари Олимпия ва Паралимпия совриндорларини мукофотлашди.

13 сентябрь куни Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги майдонда паралимпия иштирокчилари ва ғолибини тақдирлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Фото: ЎзА

Токио паралимпиадаси ўйинларида енгил атлетика мусобақасининг Ф41 классида ядро улоқтириш баҳсларида иштирок этган Бобуржон Омонов 14,6 метр натижани қайд этиб, олимпиада чемпионлигини қўлга киритган эди. Вилоят ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов Бобуржон Омоновга Андижон шаҳрида қад ростлаган 16 қаватли янги уйнинг 2 хонали квартираси калитини тантанали равишда топширди. Kun.uz маълумотига кўра, унинг мураббийига 50 млн сўм пул мукофоти ҳам топширилган.

Самарқанд шаҳрида ҳам Токиода бўлиб ўтган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинлари ғолиблари ва иштирокчиларини тақдирлаш тадбири бўлиб ўтди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати.

Унда Паралимпия чемпиони Ҳусниддин Норбековга Самарқанд шаҳридан уч хонали, Паралимпия ўйинлари кумуш медаль соҳиби Парвина Самандарова ҳамда дзюдо бўйича Олимпия ўйинлари бронза медали совриндори Давлат Бобоновга эса икки хонали уйнинг калити топширилди.

Шунингдек, Олимпия ўйинларида қатнашиш учун лицензияни қўлга киритган спортчиларга Самарқанд шаҳридан бошланғич тўлови тўланган икки хонали уй (квартира) ҳамда уларнинг мураббийларига ташаккурнома ва 25 миллион сўмдан мукофот пули берилди.

Хоразм вилоятида ҳам XVI Паралимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларни ўз вилоятларида тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Хоразм вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати.

Боғотлик парадзюдочи Учқун Қуронбоевга (Паралимпия чемпиони) ва шовотлик пара пауэрлифтингчи Рўза Қўзиевага (Паралимпия ўйинлари кумуш медали соҳиби) 2 хонали ҳамда боғотлик парадзюдочи Нафиса Шарипбоевага (Паралимпия ўйинларида бронза медали соҳиби) 1 хонали уйлар топширилди.

Шунингдек, 19 август куни Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов Токио Олимпиадасининг олтин медали совриндори Баҳодир Жалоловга Skoda Kodiaq автомобилини совға қилган эди.


Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги.

Эслатиб ўтамиз, Олимпия ўйинларида олтин медаль олган спортчилар — Баҳодир Жалолов (бокс), Улуғбек Рашитов (таэквондо) ва Акбар Жўраев (оғир атлетика)га 4 сотихли 3 хонали коттедж ва Tahoe машинаси топширилган эди. Шунингдек, президент фармони билан уларнинг ҳар бирига 200 минг АҚШ доллари мукофот пули берилган.

Шунингдек, бронза медали соҳиблари — Давлат Бобонов (дзюдо) ва Бекзод Абдураҳмонов (эркин кураш)га 2 хонали уй ва Traiblazer автомобиллари берилган. Ушбу спортчиларга президент фармони билан 50 минг АҚШ долларидан пул мукофоти топширилган.

Паралимпия ўйинлари ғолибларига президент совғалари — олтин медаль эгаларига Tahoe автомобили ва Тошкент шаҳридан 3 хонали уй, кумуш медаль эгасига Traverse автомобили ва 2 хонали уй, шунингдек бронза медаль эгаларига Traiblazer автомобили ва 1 хонали уй калитлари топширилган.

Шунингдек, президент қарорига кўра, Паралимпия ўйинларида ғолиб ва совриндор бўлган Ўзбекистон спортчиларига ҳам олтин медаль учун 200 минг, кумуш медаль учун 100 минг ва бронза медаль учун 50 минг АҚШ доллари берилган.