14 сентябрь куни «Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларини янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ҳужжатга кўра, 2020 йил 1 январдан махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига фойда солиғи бўйича имтиёзлар бекор бўлганлиги муносабати билан мазкур солиқ имтиёзларининг фойдаланилмай қолган қисми 2020 йил 1 октябргача махсус иқтисодий зона иштирокчиларининг реестрига киритилган иштирокчилар учун улар реестрга киритилган санадан бошлаб 3 йилдан 10 йилгача муддатларда тўлиқ қўлланилади.

Махсус иқтисодий зоналар иштирокчиларига 2021 йил 15 сентябрдан маҳсулот ишлаб чиқаришда ва ўз эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бутловчи буюмлар, хомашё ва материалларни импорт қилганда ҚҚС ва божхона божини фоизлар ҳисобланмаган ва уларнинг тўланишини таъминлаш талаб этилмаган ҳолда 120 кунгача муддатга кечиктириб (бўлиб-бўлиб) тўлаш ҳуқуқи берилади.

Махсус иқтисодий зоналарнинг иштирокчиларига ортиқча ҚҚС суммаси 7 кун ичида қоплаб берилади.

Бунда, камерал солиқ текшируви натижаларига кўра қопланган ҚҚС суммаси асоссизлиги аниқланган тақдирда, мазкур сумма белгиланган тартибда ундирилади.