1 млн АҚШ доллари кўринишидаги купюрани сотаётган шахслар қўлга олинди, дея хабар бермоқда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати.

Мазкур ҳолат Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХ томонидан валюта қимматликларининг ноқонуний муомалага киритилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган тезкор тадбирда аниқланган.

Фуқаро Ф.Н. ва И.П.лар олдиндан тил бириктириб, фирибгарлик ва ишончини суиистеъмол қилиш йўли билан ҳеч қандай қийматга эга бўлмаган 1988 йилда ишлаб чиқарилган 1 млн АҚШ доллари кўринишидаги яхлит купюрани фуқаро У. га 40 минг долларга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.