Сешанба куни Ўзбекистон Афғонистонга 1,3 минг тонналик инсонпарварлик юкини юборганлиги ҳақида хабар берилган эди. Ўз ичига озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон ва кийим-кечакларни олган ушбу гуманитар ёрдам муҳтож афғон оилаларига тарқатилади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ушбу юкларни афғон томонига инсонпарварлик ёрдамини топшириш маросимидан фоторепортажни эълон қилди.


«Ун, ёғ, гўшт, гуруч ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, шунингдек, тиббий буюмлар ва болалар трикотаж маҳсулотларидан иборат инсонпарварлик ёрдами 25 та вагондан иборат эзгулик поездида Афғонистон Ислом Амирлигига етказиб берилди», — дейилади ҳокимлик хабарида.

«Ҳайратон — Мозори Шариф» темир йўли «Ҳайратон» станциясида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид, Балх вилояти губернатори Қудратилло Aбу Ҳамза ва бошқа расмийлар иштирок этишди.


Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев ва Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид.


Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов ва Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид.

Шундан сўнг «Астрас» россия-афғон компаниясининг қабуллар уйида расмий маросим ташкил этилди. Томонлар иккала мамлакатлар ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, чегара ҳудудларидаги савдони ривожлантириш, Сурхондарё вилояти ва Балх провинцияси ўртасидаги қўшма ишчи комиссиянинг фаолиятини давом эттириш бўйича келишиб олишди.

Афғонистон томони афғон халқига кўмак кўрсатиш чақирувига Ўзбекистон президентининг биринчилардан бўлиб эътибор қаратгани чинакам инсонпарварлик, биродарлик ва яхши қўшничиликнинг амалий ифодаси сифатида баҳоланди.

Афғонистон муваққат ҳукумати расмий вакили Забиҳулла Мужоҳид бутун афғон халқи номидан президент Шавкат Мирзиёевга «бугунги синовли даврда мамлакатга кўрсатилаётган бундай юксак эътибори, қўллаб-қувватлаши ва бирдамлиги» учун чуқур миннатдорлик билдирди.



Балх вилояти губернатори Қудратилло Aбу Ҳамза инсонпарварлик ёрдами ўз вақтида берилибгина қолмай, балки алоҳида эҳтиёж эканлигини, бу эса халқларимиз ўртасида асрлар оша давом етиб келаётган тарихий, маданий ва маънавий алоқаларнинг яна бир исботи эканлигини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу ёрдам аслида Aфғонистонга пандемия оқибатларини бартараф этишга, шунингдек, мамлакатда юзага келиши мумкин бўлган гуманитар ва озиқ-овқат инқирозининг олдини олишга хизмат қилади.

Учрашув давомида Ўзбекистон томони эсдалик совғаларини тақдим этди. Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг «Газета.uz»га маълум қилишича, Афғонистон томони совға улашмаган.