Марказий банк (МБ) раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев 13 сентябрдаги матбуот анжуманида Ўзбекистонда инфляция даражасини 5% гача пасайтириш бўйича асосий йўналишлар ҳақида маълумот берди (видео).

Унинг таъкидлашича, мамлакатда иқтисодий ўсиш макроиқтисодий барқарорлик ва инфляция билан чамбарчас боғлиқ: «Инфляцияни барқарор иқтисодий ўсишдан ажратиб бўлмайди».

«Шундай экан, аҳоли жон бошига ЯИМни 2026 йилда 2800 долларга ва 2030 йилда 4000 долларга етказиш учун инфляция таргетини 5% даражада таъминлаш вазифаси қўйилган… Айрим иқтисодчилар инфляцияга эмас, иқтисодий ўсишга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини айтишмоқда. Лекин [иқтисодиётда] бир вақтнинг ўзида ҳам инфляция юқори, ҳам иқтисодий ўсиш бўлса, бундан ҳеч қандай фойда йўқ. Аҳолининг эртанги турмуш даражаси яна кечаги даражада қолаверади», — деди Беҳзод Ҳамроев.

Унинг сўзларига кўра, аҳоли жон бошига ЯИМ белгиланган кўрсаткичгача ўсиши учун асос меҳнат унумдорлигини ошириш ҳисобланади.

«Масалан, ҳозир кимдир 10 дона товар ишлаб чиқараётган бўлса, бу кўрсаткични 15−20 донага етказиш учун бизда имконият бор… Агар меҳнат унумдорлигини икки бараварга оширсак, ички бозорда кўпроқ маҳсулотлар пайдо бўлади, рақобат кучаяди. Бу, ўз навбатида, инфляцияни пасайтириш имконини беради», — дея таъкидлади МБ раиси ўринбосари.

Беҳзод Ҳамроев МБ иқтисодиётда жамғармаларни рағбатлантирувчи пул-кредит сиёсатини олиб боришини айтиб ўтди.

Иккинчи омил — бу бюджет харажатларини оптималлаштириш, таркибий ислоҳотларни амалга ошириш, бюджет тушумларини фақатгина солиқ ставкаларини кўтариш орқали эмас, иқтисодиёт ва бизнесни рағбатлантириш ҳисобига кўпайтиришни ўз ичига олувчи комплекс чора-тадбирларни назарда тутувчи фискал консолидация. Унинг сўзларига кўра, бу ҳам инфляцияни пасайтиришга кучли таъсир кўрсатади.

«Кейинги йўналиш — нархларни эркинлаштириш, яъни бозор шароитларни яхшилаш. Инфляцияни [пасайтиришнинг] асосида, ўз навбатида, бозордаги рақобат ётади. Масалан, ҳар қандай бозорда сотувчи битта бўлса, у албатта нархларни оширади. Иккита бўлса, улар келишиб олишади. Агар уларнинг сони 10−15 та бўлса, нархлар ҳам пасаяди. Шундай экан, бутун бошли иқтисодиётда рақобатни кучайтириш инфляцияни жиловлашнинг асосий омилларидан бири ҳисобланади», — деди у.

МБ раиси ўринбосарининг қайд этишича, имтиёзли кредитлар ва кредитлаш жараёнлари босқичма-босқич бозор тамойилларига ўтказилади. Ҳозирги вақтда банкларни трансформациялаш жараёни кетмоқда, 2025 йилгача банк тизимида хусусий банклар активлари улушини жорий 15% дан 60% гача ошириш режалаштирилмоқда.

Беҳзод Ҳамроев, шунингдек, Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши масаласига эътибор қаратиб, бу ўрта муддатли истиқболда инфляция ўсишининг олдини олиш имконини беришини қайд этди.

«Буни Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар мисолида кўриш мумкин. ЖСТга аъзо бўлгандан кейин, албатта, тўлиқ бу омил таъсирида эмас, инфляция маълум даражада пасайиши кузатилган», — дея аниқлик киритди у.

Регулятор вакилининг таъкидлашича, 5% лик инфляция мақсади Ўзбекистоннинг савдо бўйича йирик ҳамкор давлатларидаги инфляция даражасидан келиб чиқиб танланган. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон, Туркия, Россия ва бошқа мамлакатларда инфляциянинг ўртача кўрсаткичи 4−5% ни ташкил этади.

«Агар биз инфляцияни улардаги даражага туширсак, бу, ўз навбатида, миллий валютага босимни пасайтиради», — деди у.

Йил бошида Беҳзод Ҳамроев МБ, Молия вазирлиги прогнози 7−8% ни ташкил этишига қарамай, 2023 йилда инфляция бўйича 5% лик мақсадга етишга ишонишини айтган эди. У энергия ресурслари нархи кўтарилишини кечиктириш 2022 йилга келиб базавий инфляция даражасини пасайтириш имконини беришини қайд этди.