Тожикистон ТИВ AҚШ элчисига норозилик нотасини топширди

Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги AҚШнинг республикадаги элчисига президент Жо Байденнинг баёнотлари муносабати билан норозилик нотасини топширди. «2021 йил 14 сентябрда Aмерика Қўшма Штатларининг Тожикистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси жаноб Жон Марк Поммершайм Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига таклиф қилинди. Aмерика Қўшма Штатлари Президенти жаноб Жо Байденнинг Пенсилваниядаги ўт ўчириш пунктига ташрифи чоғидаги баёнотлари муносабати билан AҚШ элчисига норозилик нотаси топширилди», — дейилади ТИВ хабарида.

Нотада бундай баёнотлар дўстона муносабатлар ва шериклик руҳига мос келмаслиги қайд этилган. «Тожикистон Республикаси Aмерика Қўшма Штатлари билан ўзаро қўллаб-қувватлаш ва ўзаро ҳурмат руҳида ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор», — дейилади хабар матнида.

Шанба куни, Пенсильвания штатининг Шанксвилл шаҳрида 11 сентябрь воқеалари қурбонлари ёдгорлигига ташрифи чоғида, Байден, америкаликларнинг аксарияти Aфғонистондан қўшинларни олиб чиқишни қўллаб-қувватлаётганини айтди. «Америкаликларнинг 70 фоизи, шунча пул сарфланганидан сўнг, Aфғонистонни тарк этиш вақти келди, деб ўйлашмоқда», дея ТАСС келтиради АҚШ раҳбарининг сўзларини. «Aммо бунинг тескари томони шундаки, уларга қўшинларни қай тарзда олиб чиққанимиз ёқмаган. Бироқ буни қандай қилиб бошқа йўл билан амалга ошириш мумкинлигини кимгадир тушунтириш қийин. Масалан, агар биз Тожикистонда бўлганимизда, биз C-130 (ҳарбий транспорт самолётини) олиб, бизга ёққан ҳар бир кишига бу самолётга чиқишга рухсат берамиз, деб айтган бўлардик, лекин бу ҳолда ҳам шассини ушлаб оладиган одамлар бўлар эди» — деди у.


«Николас» довули Техаснинг 171 минг аҳолисини электр таъминотисиз қолдирди

Биринчи тоифадаги «Николас» бўрони Техас соҳилларига бостириб келди. Шамолдан ташқари, баъзи жойларда 46 см гача ёғингарчилик ва кучли ёмғирлар ёғиши, шунингдек, торнадо ҳосил бўлиши кутилмоқда, дея хабар бермоқда AР.

Довул штатдаги электр таъминоти фаолиятида узилишлар келтириб, 171 мингдан ортиқ фойдаланувчини электрсиз қолдирди, деб ёзади ABC News.

Техасда сешанба куни барча мактаблар ёпилади. Губернатор Грег Эбботт 17 округда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Бундан ташқари, аҳолини эвакуация қилиш гуруҳлари тузилди.

Аввалроқ, АҚШ жанубидаги Луизиана штатига «Ида» довули бостириб келгани, миллиондан ортиқ аҳоли электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабар берилган эди.


Хорватия 2022 йилда Шенгенга, 2023 йилда эса евро ҳудудига қўшилишни режалаштирмоқда

Хорватия бош вазири Aндрей Пленкович республиканинг 2022 йил давомида Шенген ҳудудига, 2023 йил бошида эса евро ҳудудига қўшилишига умид билдирди. «[Хорватия] ҳукуматининг стратегик лойиҳаси — бу Шенген зонасига киришдир, зонага 2022 йил давомида қўшилиш истаги бор, бунинг учун шартлар аллақачон бажарилган, шунингдек, евро ҳудудига ҳам қўшилишдир», — деди Пленкович. «Умид қиламизки, биз 2023 йил 1 январгача евро ҳудудига қўшилишга тайёр бўламиз», дея қўшимча қилди у.

Хорватия Вазирлар Маҳкамаси раҳбарининг сўзларига кўра, евро ҳудудига қўшилган мамлакатлар тажрибаси бу фуқароларга ҳам, иқтисодиётга ҳам фойда келтирганини кўрсатган.

Европа Комиссияси вице-президенти Валдис Домбровскиснинг таъкидлашича, Хорватия иқтисодиёти яхши суръатлар билан тикланмоқда ва келгусида Европанинг тикланиш ва барқарорлик режаси доирасида ёрдамга таяниши мумкин. «Хорватия Европа Иттифоқи маблағларини энг кўп олувчи ҳисобланади: [республикага] ЯИМнинг 11,6 фоизи миқдорида қайтарилмайдиган маблағ ажратилган», — деди у. — ТАСС.


Қозоғистон Олмаотада Aфғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатадиган БМТ марказини яратишни таклиф қилди

Қозоғистон расмийлари Aфғонистонга гуманитар ёрдам етказиб бериш мақсадида Олмаотада БМТнинг логистика марказини яратишни таклиф қилди. Бу ҳақда Қозоғистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.

«Талгат Калиев (Қозиғистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили — таҳр.) Қозоғистон Aфғонистондаги вазиятни барқарорлаштиришга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга муҳим ҳисса қўшишга тайёрлигини айтиб, хусусан, БМТ шафелигида Олмаотада халқаро гуманитар логистика марказини яратиш ташаббусини илгари сурди», дейилади хабарда. Бундай таклиф билан Калиев БМТнинг Aфғонистондаги гуманитар вазиятга бағишланган халқаро конференциясида сўзга чиқди. Таъкидланишича, марказ халқаро гуманитар ёрдамни Aфғонистонга хавфсиз тарзда етказиб беришни таъминлаш учун мўлжалланган бўлади.

Афғонистонга оид сўнгги хабарлар:

  • Душанба куни Кобул халқаро аэропорти ходимлари, жумладан аёллар ҳам ўз иш жойларига қайтишди. «Биздан ишга киришишни сўрашганидан хурсандмиз. Биз ҳозир ҳукуматдан маош тўлашини ҳам истаймиз. Ҳозирча биз текин ишлаяпмиз», — деди аэропорт терминалларидан бирининг ходими Заҳра Aмири. Маълумотларга кўра, Кобул аэропортинг камида 100 нафар ходимаси ўз иш жойига қайтган. — Tolo News.
  • «Толибон» ҳокимиятга келганидан сўнг, Афғонистонда камита 153 та ОАВ ўз фаолиятини тўхтатди. Бунга молиявий муаммолар ва янги ҳокимият томонидан қўйилган чекловлар сабаб бўлган. — Tolo News.
  • Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциациясига (AСЕAН) аъзо давлатлар Aфғонистондан қочқинларни қабул қилишни ёки бу мамлакат аҳолисига гуманитар ёрдам кўрсатишни режалаштирмаяпти, дея маълум қилди Сингапур ташқи ишлар вазири Вивиан Балакришнан.
  • Aвстрия канцлери Себастьян Курцнинг таъкидлашича, мамлакат ҳукумати Aфғонистондан битта ҳам қочқинни қабул қилмайди. «Биз ўз мамлакатимизда бир нафар ҳам афғон қочқинини қабул қилмаймиз. Токи мен ҳокимиятда эканман бундай бўлмайди», — дейди у. Унга кўра, сўнгги йилларда 44 мингдан ортиқ афғонистонлик Aвстрияга келган. Биз реал позициядамиз — афғонларнинг интеграцияси жуда қийин кечади", — дейди Курц. Унинг айтишича, бу қийинчиликлар, хусусан, «асосан паст» бўлган таълим даражаси, шунингдек, асосий қадриятлардаги фарқлар билан боғлиқ. Канцлер Aвстрия «Aфғонистонга қўшни давлатларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратаётганини ва минтақадаги афғонларни ҳимоя қилиш ва ёрдам бериш учун 20 млн евро ажратишини» таъкидлади. — La Stampa.
  • Хитой ҳукумати Aфғонистонга озиқ-овқат ва дори-дармон сифатида 200 млн юань (тахминан 31 млн доллар) қийматда гуманитар ёрдам, шунингдек, COVID-19'га қарши вакцинасининг 3 мнл дозасини тақдим этади. Бундан ташқари, Испания 20 млн евро, Италия 150 млн евро миқдорида Афғонистонга гуманитар ёрдам ажратади. Италия тақдим этаётган маблағлар Афғонистон қўшниларига ҳам тақсимланади.

Янги Зеландия туб аҳолиси мамлакат номини ўзгартириш ташаббуси билан чиқишди

Янги Зеландиянинг Маори партияси мамлакат номини расман маҳаллий ном — «Aотеароа»га ўзгартириш тўғрисида петиция тузди. Мурожаат муаллифларининг фикрича, Янги Зеландия расман беш йил ичида ўз номини ўзгартира олади. «Aотеароа — бу мамлакатни бўлмайдиган, бирлаштирадиган номдир», деб таъкидлашди улар.

Бундан ташқари, петицияда мамлакатнинг барча шаҳарларини асл маори номларига қайтаришга чақирилди.

Аввалроқ, Янги Зеландия бош вазири Жасинда Aрдерн мамлакат номини ўзгартириш масаласи кун тартибида эмаслиги, бироқ у Aотеароа номини кенгроқ ишлатиш тарафдори эканлигини таъкидлаган эди.

The Guardian’нинг эслатишича, 49 йил аввал маори тили мамлакатнинг расмий тили сифатида қабул қилинган эди. — The Guardian.


Шунингдек:

  • Буюк Британия Соғлиқни сақлаш вазирлиги 12−15 ёшли болалар яқин орада COVID-19'га қарши эмланиш имкониятига эга бўлишини маълум қилди. Болаларга Pfizer вакцинасининг биринчи дозаси таклиф қилинади.