4 сентябрь куни Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Иштихон туманида сайёр қабул ўтказди. Ушбу қабул давомида ҳоким иштихонлик фуқаро Ойбек Мадатов билан суҳбатда бўлди.

Вилоят ҳокимлиги тақдим этган видеолавҳага кўра, фуқаро ҳокимга масъул шахслар устидан ногиронлик аравачаси бермаётгани ҳақида шикоят қилган. Эркинжон Турдимов эса «Ия, ҳозир берамизда аравани», дея масъулларга «араванг борми?», деб савол берди. Ҳоким ижтимоий ҳимоя соҳаси вакилларидан бирини чақириб, «кўз олдимда ўтказ аравага, олиб келиб қўйсанг бўлмайдими 2−3 та арава, ҳозир бер», деди.

Фото: Видеодан лавҳа.

Фуқаро Ойбек Мадатов ҳокимдан пойабзал устахонаси қуриб беришини сўраганида, Эркинжон Турдимов ундан нархини сўради. Фуқаро билмаслигини айтганида, ҳоким «Миллий банк» ходимини чақирди. Ҳоким фуқародан исмини сўраганидан кейин, Ойбек Мадатов «Миллий банк» ходимига қарата «Э, бу киши „ухлатади“», дея жавоб берди. Ҳоким «ухлатмайди, ҳозир бошқача йўл тутамиз», дея банк ходимига сэндвич панелдан пойабзал устахонаси қуришини, унинг ичига эса этикдўзнинг нарсаларини қўйишини буюрди. «Шуни ясайсанда, ҳокимиятнинг олдига олиб бориб қўясан», деди Эркинжон Турдимов. «Неча кунда битирасан? Бир ҳафта. Ҳокимиятнинг кириш жойи олдига қўясан», дея қўшимча қилди вилоят ҳокими. Ҳоким этикдўз учун керакли нарсаларни санади: «болтача, мих, ботинка, молоток, ип, бигиз» ва ушбу жиҳозларни ҳам олиб келишни буюрди. Фуқаро «бу нарсалар кўп-эй, ўзим ҳам қилиб оламан», деди.

«Ҳоким бува, мени ҳижолат қилиб юборяпсиз», деди фуқаро ҳокимга. Ҳоким фуқародан «хотининг борми? Қачон уйланасан?», деб сўради. «Насиб бўлган вақтда уйланамизда», дея жавоб қайтарди Ойбек Мадатов. Ҳоким бирйўла уни уйлантиришини айтди. «Э, қўйинг-э ҳоким бува, ўзимни қорнимни зўрға тўйғизаман, хотинимни қандай боқаман», дея жавоб берди фуқаро. «Тўхтаб тур, каллани қотирма» дея жавоб берди ҳоким.

Ҳоким масъуллар ичидан Нилуфар исмли шахсни чақирди. «Сиз бунга қиз топасиз» дегандан кейин фуқаро «керакмас-э», деди. Ҳоким «нега керакмас экан? Каллани қотирма», деб жавоб берди яна.

Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов. Фото: Видеодан лавҳа.

Эркинжон Турдимов фуқародан уйи бор ёки йўқлигини сўради. «Дадамлар билан тураман, битта хоначам бор», дея жавоб берди у. Ҳоким «профсоюз»ни (Касаба уюшмалари федерацияси — таҳр.) чақирди. Фуқаро ҳокимга «одамни хижолат қиляпсиз, уй олиб бераман деманг яна» деди ва ҳоким «уй олиб бермайман» деб жавоб қайтарди.

Эркинжон Турдимов Касаба уюшмалари федерацияси ходимига Ойбек Мадатовнинг уйига боришини, «отасининг уйида бунинг кичкина уйчаси борлигини, ўша уйчани чиройли қилиб ремонт қилишини, битта телевизор, битта диван ва унинг тагига гилам тўшашини» айтди. Фуқаро уйида гилам йўқлигини таъкидлади. «Кейин уйлантирадиган қилиб кийим-бош оласиз», дея буюрди.

Кейин фуқародан пойабзал устахонасини қаерга жойлаштиришини сўради. «Бозорни олдидаги автомобиллар жойлашган жойга» пойабзал устахонаси қўйилиши айтилди.

Ойбек Мадатов. Фото: Видеодан лавҳа

«Ойбек, ҳокимга бир мурожаат қилибсан. Баъзиларга бирор нарса бераман десанг, яна сўрайверади. Сен эса „э, менга нима керак“, деяпсан. Ҳамма нарсам бор деганинг учун ёрдам бераяпмиз. Давлат ёрдам бераяпти», — деди Эркинжон Турдимов. Фуқаро ҳокимга «битта мол олиб берсангиз бўлди», деди. Ҳоким шуни ҳам олиб беришини, масъулларга «яна йўталса ўлиб қоладиган мол олиб бермаслигини, камида 8−10 литр сут берадиган мол олишини» айтди.

Фуқаро «ҳозир аравачани олайлик олдин» дея суҳбатни якунлади.

9 сентябрь куни Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати Ойбек Мадатов хонадонидан репортажни эълон қилди. Ойбек Мадатов ҳоким билан ўтказилаётган сайёр қабул ҳақида ўзи билмаганлигини, бир одамдан эшитиб бориб қолганлигини айтди.

Ойбек Мадатов. Фото: Видеодан лавҳа

«Арава билан устахона очиб берармикин, деб боргандим. Кредит олмоқчи эдим устахона очаман, деб, шунга боргандим. Етти ухлаб тушимга кирмаган бунақа нарсалар бўлиши. Косибчилик қиламанда эрмак қилиб. Бир-икки сўм рўзғорга орттирсак амаллаб», — дейди у.

Вилоят ҳокимлиги тақдим этган видеолавҳадага кўра, Ойбек Мадатовнинг уйида қурилиш ишлари бўляпти. Шунингдек, унинг хонадонига сигир олиб келинган.

Фото: Видеодан лавҳа.

«Устачиликка қизиқиб, аввалдан устачилик қилиб юрганман. У ер, бу ерда ишлаб юрганман. Оёғим кесилганидан кейин косибчиликни ўрганганман. Уйда ётган билан бирор нарса ўзгармайди. Ногиронман, деб ётишни ўзи бўлмайдику. Ҳамма нарса ўзгарди. Уйлар ўзгарди. Аввал жуда ҳам чарчаган ҳолда эди. Гилам, телевизор олиб келиб беришди. Уй ичини тайёр ремонт қилиб беришди. Диван, сигир, телевизор, костюм-шим, спартивка олиб берди. Ҳамма нарса қилиб берди», — дейди Ойбек Мадатов.

Ойбек бу нарсаларни кутмаганлигини айтади. «Бўлмаса керак. Айтилди-қўйди, дегандим. Ҳа, энди уйлантиришади (кулади). Қиз топилди, гаплашиб келинди. Энди фақат олиб келиш қолдида. 1−2 кун кутинглар дейишди, „ҳа“ деб келдик. Буёғи зўр бўлиб кетади энди, насиб бўлса», — дейди у.

«Менинг олтита фарзандим бор. Турмуш ўртоғим билан мен нафақадамиз. Президентимизга минг марта шукр, бизга шундай шароит яратиб берилди ўғлимиз орқасидан. Биз бу нарсани кутмаган эдик. Бу нарса ухлаб тушимизга ҳам кириб чиқмаган. Ўғлим борганини биз ўзимиз ҳам билмаймиз. Бизнинг қўлимиздан келмайдиган нарса, бу аравачани олиб беролмасдик, «бутка"ча қилиб беролмасдик. Қўлимиздан келмас эди. Мана давлатимиз ёрдам қилди. Энди кичкина бўлгандан кейин уй-жойлар буники. Ҳар доим болаларни бошига омон бўлайлик, болалар от-онасини юзини ерга қаратмайдиган инсонлар бўлишсин», — дейди Ойбек Мадатовнинг отаси.

Ойбек Мадатовнинг отаси. Фото: Видеодан лавҳа

Шунингдек, видеолавҳада Ойбек Мадатовнинг пойабзал устахонасидаги иш жараёни ҳам кўрсатилган.