Президент Шавкат Мирзиёев 13 сентябрь куни хирургия хизматини трансформация қилишга оид тақдимот билан танишди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Тақдимотда Академик В.Воҳидов номидаги республика ихтисослаштирилган хирургия илмий-амалий тиббиёт марказининг тиббий-илмий салоҳияти, ҳудудларда ўтказилган кўриклар натижалари ҳақида маълумот берилди. Бугунги кунда ушбу марказлар босқичма-босқич ташкил этилмоқда. Уларнинг ҳар бири 50 ўринга эга бўлади.

Хабарга кўра, тақдимотда шу борада амалга оширилаётган ишлар Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги шифохона мисолида кўриб чиқилди. У Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманлари аҳолисига хизмат кўрсатади.

Маълум қилинишича, давлат раҳбари туманлараро марказларда қилинадиган жарроҳлик амалиётлари турини 79 тага, вилоят даражасида 168 тагача етказиш мумкинлигини таъкидлаб, бунинг учун зарур шароит яратиш бўйича мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Қўшимча қилинишича, республика шошилинч тиббий ёрдам илмий марказида кардиожарроҳлик, трансплантология ва нейро-қон-томир жарроҳлиги бўлимлари учун янги бино қурилмоқда.

Шунингдек, таъкидланишича мамлакатда 500 нафар бемор жигар, 1 минг 500 нафар киши буйрак трансплантацияси амалиётига муҳтожлигини билдирмоқда. Жарроҳлик бўлимларининг жиҳозланиши талаб даражасида эмаслиги, малакали мутахассислар етишмаслиги, иммуногенетик текширувлар лабораторияси йўқлиги соҳа ривожига салбий таъсир кўрсатмоқда.

«Шу боис Республика хирургия илмий-амалий тиббиёт марказини трансплантологияга йўналтириб, иммуногенетик лаборатория ва симуляцион марказ ташкил этиш, Наманган, Самарқанд ва Хоразм вилоятларида буйрак трансплантациясини йўлга қўйиш режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Давлат раҳбари илғор технологиялар асосида ташхислаш, операция қилиш ва даволаш бўйича мутахассислар тайёрлаш,чет эллардаги етакчи тиббиёт муассасаларига малака оширишга юбориш зарурлигини таъкидлаган.

«Молия вазирлигига бу мақсадлар учун зарур маблағ ажратиш, трансплантолог жарроҳларга иш ҳақини табақалаштирилган тарзда тўлаш тизимини жорий қилиш вазифаси қўйилди», — дея қўшимча қилинади хабарда.