13 сентябрь куни Ўзбекистонга коронавирусга қарши 1,2 млн дозадан ортиқ Pfizer/BioNTech вакцинаси олиб келинди. У Америка Қўшма Штатлари ҳукумати томонидан COVAX глобал воситаси орқали беғараз кўмак сифатида тақдим этилган.

Юкни қабул қилиш маросимида соғлиқни сақлаш вазири Абдуҳаким Хаджибаев, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев, АҚШнинг Тошкентдаги элчиси Даниел Розенблюм, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакили Лианн Куппенс ва ЮНИСЕФ ваколатхонаси раҳбари Мунир Маммедзаде иштирок этди.

Тадбирда эълон қилинганидек, ушбу вакцина билан бутун мамлакат бўйлаб 18 ёшдан ошган фуқароларни эмлаш мумкин бўлади. У махсус музлатгичлар орқали ҳудудларга етказилади.

ЮНИСЕФ болалар жамғармаси умумий ҳажми 3 минг 64 литр бўлган саккизта ўта паст ҳароратли музлатгични сотиб олди ва етказиб берди. Бу Pfizer/BioNTech вакцинасининг 1,2 млн дозасини ишлаб чиқарувчи томонидан тавсия этилган совуқлик талабларига мувофиқ -70 °C даражада сақлаш учун етарли. Тегишли эмлаш ходимлари вакцинани тўғри сақлаш ва қўллаш бўйича ўқитилди.

Ўзбекистонга COVAX дастури доирасида яқин ойларда қўшимча дозадаги вакциналар келтирилиши кутилмоқда, дея маълум қилди ЮНИСЕФ.

Айни пайтда Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC2001, AstraZeneca, «Sputnik V» ва Moderna вакциларидан фойдаланилмоқда. Pfizer/BioNTech вакцинаси Ўзбекистонда қўлланилаётган 5-вакцина бўлди.

Бугунги кунга қадар Ўзбекистон жами 24 млн дозадан ортиқ вакциналарни қабул қилган (жумладан, хитой-ўзбек ZF-UZ-VAC2001, Россиянинг «Sputnik V», AstraZeneca ва АҚШда ишлаб чиқарилган Moderna). Ҳаммаси бўлиб 16,8 млн доза ишлатилган, 3,1 млн киши тўлиқ эмланган.