Ўзбекистон Олий Мажлисининг инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсман) қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилади. Бу ҳақда президентнинг 10 сентябрдаги фармонида кўзда тутилган.

Ҳужжатга кўра, уч ой муддатда янги «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида"ги Қонун (амалдаги таҳрири 2004 йилдан буён кучда) лойиҳаси ишлаб чиқилади.

Янги қонун лойиҳасида омбудсманга ўз олдида турган вазифаларни монеликсиз ва самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар бериш, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кўриш назарда тутилади.

Шунингдек, давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати тўғрисида омбудсман томонидан Ўзбекистон президенти ва Олий Мажлисига тизимли равишда ахборот тақдим этиш тартиби жорий этилади.

Омбудсманга президент, Олий Мажлис палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим йўналишлари бўйича ҳуқуқий, ташкилий ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим қилиш ҳуқуқи берилади.

Омбудсман лавозимига олий маълумотли, инсон ҳуқуқлари, эркинликлар ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш сҳасида зарур тажрибага ва юксак ахлоқий фазилатларга эга бўлган, сайланиш куни 30 ёшдан кичик бўлмаган ва бевосита сайловгача камида беш йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон фуқароси сайланиши мумкинлигини белгиловчи қоида киритилади.

Айни шахснинг икки мартадан ортиқ омбудсман этиб сайланишига йўл қўйилмайди.

Омбудсман ва унинг ўринбосарларига ўз ваколат муддати даврида дахлсизлик бўйича қўшимча кафолатлар берилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, айни вақтда президент, ўз давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, Конституциявий суд, Олий суд ва бош прокурор қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Аввалроқ худди шу фармон билан ҳудудларда омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолияти йўлга қўйилиши ҳақида хабар берган эдик. Улар фуқаролардан шикоятларни қабул қилиб, инсон ҳуқуқлари мониторингини юритади.