Футзал бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг биринчи турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Гватемала билан кечган ўйинда имкониятни бой берди. 12 сентябр куни Литвада бўлиб ўтган ўйин 4:5 ҳисоб билан якунланди.

Ҳисобни учрашувнинг 4-дақиқасида Фернандо Кампаняк очди, бир дақиқа ўтиб Марвин Сандовал устунликни яна битта тўпга оширди. 6-дақиқада Ихтиёр Ропиев ҳисобдаги фарқни битта голга қисқартиришга муваффақ бўлди, бироқ рақиблар бунга дарҳол жавоб қайтаришди — 7-дақиқада Алан Агилар яна битта голни ўз жамоаси ҳисобига ёзди. Биринчи тайм 1:3 ҳисобида якунланди.

Гватемалаликлар иккинчи таймни ҳам тезкор гол билан бошлашди — навбатдаги гол 22-дақиқада Марвин Сандовал томонидан дарвозага киритилди. Яна Ихтиёр Ропиев муаллифлик қилган иккита гол, шунингдек, Алваро Романнинг автоголи Ўзбекистон терма жамоасига ҳисобни тенглаштириш имконини берди. Бахтга қарши, ўйиннинг сўнгги дақиқасида Алан Агилар якуний голни киритди — ҳисоб 4:5.

«B» гуруҳ иккинчи турида Ўзбекистон миллий терма жамоаси Россия терма жамоаси билан учрашади. Ўйин 15 сентябрда бўлиб ўтади.

Манба: Ўзбекистон футбол ассоциацияси